Илон Маск бутун дунёни бепул интернет билан таъминлай оладими?

Илон Маск бутун дунёни бепул интернет билан таъминлай оладими?

Дунёга машҳур тадбиркор ва кашфиётчи Илон Маскнинг SpaceX компанияси пайшанба куни Ер сайёрасини тезкор интернет билан таъминлаш йўлида яна бир улкан қадамни ташлади. АҚШ ҳукумати компанияга дунёни юқори тезликдаги ва паст нархдаги ёки айрим ҳудудларда бепул интернет билан таъминлашга мўлжалланган 4,425 та сунъий йўлдошни фазога учиришга рухсат берди.

Бироқ Федерал Коммуникация Комиссияси эълон қилган қарорда SpaceX'га баъзи шартлар қўйилган. SpaceX компанияси фазога сунъий йўлдошларни учириш амалиётини 2019 йилдан бошлаб, 2024 йилга қадар жами 4,425 та сунъий йўлдош билан бутун сайёрани юқори тезликдаги паст нархли ёки бепул интернет билан таъминлашни кўзлаётган эди. Аммо АҚШ ҳукумати қўйган шарт бўйича SpaceX 2024 йил мартига қадар сунъий йўлдошларнинг фақат 50 фоизини ва 2027 йил март ойига қадар эса қолган ярмини учириши лозим, яъни SpaceX'нинг инсониятни бепул интернет билан таъминлаш режаси яна уч йилга кечикадиган бўлди.

Эртага, яъни 2 апрел куни SpaceX Флоридада биринчи синов сунъий йўлдоши ортилган Falcon 9 ракетасини учириши режаланган.

SpaceX компанияси дунёни исталган нуқтасини интернет тармоғи билан таъминлашга аҳд қилган янги хизматини Starlink деб номламоқчи. Компания ракеталар учириш, Марсни ўзлаштириш каби кенг кўламли режаларини Starlink келтирадиган фойда орқали қоплашни мақсад қилмоқда. Илон Маскнинг ишонишича, 2025 йилга қадар 40 миллиондан ошиқ одам Starlink хизматидан фойдаланаётган бўлади, хизмат нархлари паст бўлишига қарамай, унинг қиймати $30 миллиарддан ошиб кетади. 

Айни хабар пайдо бўлгунга қадар SpaceX компаниясининг банкротга учраши ҳақида гап-сўзлар кўпайган эди. АҚШ ҳукумати ишонч билдиргандан сўнг компаниянинг акция қийматлари яна кўтарила бошлаган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!