Илон Маск киборг-одамлар учун янги чипни ва киборгга айлантирилган чўчқани кўрсатди (видео)

  •   DiMaX
  •  5807
  •  29.08.2020 17:54

Илон Маск киборг-одамлар учун янги чипни ва киборгга айлантирилган чўчқани кўрсатди (видео)

Neuralink компаниясига 2016 йили Илон Маск томонидан асос солинган бўлиб, у инсон мияси ҳамда компьютерни ўзаро боғлаб қўйиш технологиясини ривожлантирмоқда. Яқинда таниқли телебошловчи Жо Роган дастурида қатнашган бизнесмен бу бордаги амалий натижани шу йилиёқ кўрсатишга сўз берган эди.

ЎҚИНГ: Илон Маск шу йилиёқ одамларни киборгга айлантира бошлайди! (+видео)

29 августга ўтар тунда Neuralink стартапи тақдимот маросимини ўтказиб, унда нейроинтерфейс – мияга уланувчи чипнинг қайта ишланган янги версиясини намойиш этди.

Янги чипнинг тузилиши бултургисига нибатан анча ўзгарган: олдинги версия қулоқ орқасига маҳкамланувчи катта передатчикка эга бўлса, буниси тангадек келади. Ўлчами 23х8 миллиметрга тенг бўлган бу нейроинтерфейс терининг остида, бош чаноғи билан бир сатҳда жойлашади. Чип мияга махсус симчалар ёрдамида уланади, эгасига ноқулайлик туғдирмайди ва ташқаридан кўринмайди.

Нейроинтерфейсдаги электродлар сони ҳам 3072 тадан 1024 тагача туширилган. Маълумот алмашиш учун симсиз интерфейс қўлланади, унинг таъсирлашиш радиуси 5–10 метрни ташкил этади. Шунингдек, уни смартфондаги махсус илова орқали ҳам бошқариш мумкин бўлади. Чипни ҳар тун магнитли қувватлагич орқали зарядлаб туриш талаб этилади.

Чипни мияга ўрнатиш – имплантация иши тўлалигича автоматлаштирилган робот-жарроҳ томонидан амалга оширилади. У бош чаноғини тешиб, Link чипини мияга эгилувчан майда симлар орқали улайди. Мазкур операция атиги бир соат давом этади ва бунда анестезия (наркоз бериш) талаб этилмайди; чип ўрнатилган киши шу куниёқ уйига қайта олади.

ЎҚИНГ: Neuralink одамни киборгга айлантирмоқчи – бу қанчалар хавфли?

Neuralink ушбу намойишида янги нейроинтерфейснинг ишлашини иккита чўчқа мисолида кўрсатиб берди. Уларга чипни икки ой аввал ўрнатишган ва кейинроқ биридан имплантни олиб ташлашган, жонивор буткул соғлом ҳолатда.

Қуйида Neuralink ўтказган тақдимот маросимини кўришингиз мумкин, фақат унинг давомийлиги узоқ эканини, шунга яраша кўпроқ трафик талаб этилишини ёдда тутинг:

Компания жониворларга самарали имплантация қилинган ушбу чипни энди шу йилиёқ одамларда синаб кўрмоқчи. Neuralink бу борадаги биринчи клиник тажрибалари фалажланган кўнгиллилар иштирокида амалга оширилади.

 «Мазкур технология кўплаб хасталикларни даволашда ёрдам бериши мумкин. Масалан, инсульт асоратларини бартараф этиш, яъни мускуллар устидан назоратни қайта ўрнатиш мумкин. Neuralink ҳатто Альцгеймер касаллигида хотирани тиклашга ҳам ёрдам беради», дея таъкидлайди Илон Маск.

ЎҚИНГ: Ходимларига микрочип ўрнатаётган реал компания

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!