Илон Маск Microsoft'га судга бериш билан таҳдид қилмоқда

Илон Маск Microsoft'га судга бериш билан таҳдид қилмоқда

Илон Маск ўзининг ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида Microsoft'га "қонуний чоралар кўриш" билан таҳдид қилди. Миллиардер бунга компания Twitter маълумотларидан ноқонуний фойдаланганлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Маълум бўлишича, аввалроқ Microsoft'нинг реклама платформаси Twitter ўзининг API хизматлари учун тўлов талаб қилишни бошлагани ортидан уни қўллаб-қувватлашни тўхтатишини эълон қилган. Илон Маск таҳдиди айнан шу ҳақдаги хабарга "жавоб" тарзида ёзилган.

"Улар Twitter маълумотларидан фойдаланган ҳолда ноқонуний равишда ўргатишган. Суд вақти келди", – дейди Илон Маск.

Таъкидлаш жоизки, Илон Маскнинг Microsoft'га таҳдиди бироз мужмал ва тушунарсиз, чунки у Microsoft айнан нимани ўргатганлиги ҳақида очиқламаган. Бироқ, эҳтимол, гап ChatGPT каби катта тил моделини ўргатиш учун Twitter маълумотларидан фойдаланган OpenAI компанияси ҳақида кетаётган бўлиши ҳам мумкин ёхуд Microsoft яқинда ўзининг Bing қидирув тизими, Edge бразури ва Microsoft 365 хизматларига сунъий интеллект воситаларини тайёрлаш учун OpenAI'га жуда катта миқдорда сармоя киритган эди.

Microsoft реклама платформасининг қўллаб-қувватлаш марказида қолдирилган хабарда компания 25 апрелдан бошлаб Twitter'ни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши маълум қилинган, яъни компаниялар энди ўзларининг твитлари ва бошқа реклама постларини бошқариш учун Microsoft'нинг ижтимоий тармоқлар менежменти воситасидан фойдалана олишмайди. Microsoft нима учун Twitter'ни қўллаб-қувватлашни тўхтатаётганлиги очиқланмаган, аммо, шуниси маълумки, айнан шу санадан бошлаб Twitterънинг API хизматлари пулли бўлади ва бу, эҳтимол, тасодиф эмас.

Twitter'нинг янги қоидаларига кўра, Microsoft каби катта компаниялар ижтимоий тармоқнинг API хизматларидан фойдаланиш учун ойига 42 минг доллар тўлашлари керак бўлади. Ушбу янги нархлар тартиби аллақачон кўплаб кичик ишлаб чиқарувчиларни Twitterъдан воз кечишларига сабаб бўлган.

Twitter раҳбари, Илон Маск Microsoft'ни ҳақиқатда судга берадими ёки йўқ буниси номаълум ёхуд одатда миллиардернинг ҳар учта твитларидан иккитаси ҳазил ёки шунчаки эрмак учун ёзилган бўлади. Қолаверса, Илон Маск аввал ҳам унинг самолётларини кузатиш имконини берадиган @ElonJet Twitter боти эгаси устидан қонуний чоралар кўрилишини айтган, лекин ахийри бу содир бўлмаган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!