Илон Маск Twitter'дан "соққа қилиш"ни бошлаб юборди

Илон Маск Twitter'дан

Бир неча ойлик шов-шувли тортишувлардан кейин, Илон Маск энди расман Twitter эгаси бўлди. Миллиардер ўтган ҳафтанинг пайшанба кунида ижтимоий тармоқ компанияси билан келишувни якунлади ва ишни Twitter раҳбарларини ҳайдашдан бошлади. Навбатда Маск платформага верификация билан боғлиқ янги ўзгартиришлар киритишни бошлади.

Platformer'дан Кейси Нютоннинг хабар беришича, Илон Маск ўзининг ижтимоий тармоғида тасдиқланганлик белгисини олишни Twitter Blue пулли ойлик обунасига қўшмоқчи, яъни энди сиз Twitter'да верификация белгисини олиш учун платформанинг премиум обунасини сотиб олишингиз керак бўлади.

Twitter Blue обунаси деярли бир йил аввал ишга туширилган бўлиб, у рекламаларни олиб ташлайди ва илова иконкасини ўзгартириш каби айрим функсияларни очиб беради.

Қўшимчасига Илон Маск пулли обуна нархини ошириш ниятида: ҳозирги Twitter Blue ойига 4.99 доллар бўлса, келажакда у 19.99 доллар бўлиши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳозир Twitter'да верификацияланганлар ҳам кейинчалик пулли обуна сотиб олишлари талаб қилинади, акс ҳолда уларнинг тасдиқланганлик белгилари 90 кундан кейин олиб қўйилади.

Илон Маск Twitter ишчиларига ушбу хусусиятни платформага киритиш учун 7 ноябргача вақт берган ва агар бу амалга оширилмаса улар ишдан кетишлари маълум қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Маск якшанба куни Twitter'да тасдиқлик белгисини ола олмаётганлиги ҳақида хабар берган фойдаланувчига: "ҳозирда барча верификация жараёни қайта кўриб чиқилмоқда" дея жавоб қайтарган.

ЎҚИНГ: Telegram пулли постлари ортиқ iOS қурилмаларида кўрсатилмайди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.