IMEI-кодлар билан боғлиқ жиноятларга фаррошдан тортиб мансабдоргача аралашган!

  •   DiMaX
  •  782
  •  05.01.2021 14:22

IMEI-кодлар билан боғлиқ жиноятларга фаррошдан тортиб мансабдоргача аралашган!

Республика бўйича барча карантин зоналари ва чегара постларида фуқароларнинг паспортларига ноқонуний равишда IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилган. ИИВ Киберхавфсизлик маркази маълум қилишича, жиноий гуруҳ таркибида фаррошдан тортиб мансабдорларгача бор, деб ёзади «Газета.uz».

ЎҚИНГ: UZIMEI биносидаги «бардак» ҳақида блогер: «Буни ўйлаб топганлар – ислоҳотларнинг душмани!»

Ўзбекистонда IMEI соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2020 йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида ИИВ масъул ходими Бахтиёр Сулаймонов фуқароларнинг паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиб, улардан мобил қурилмаларда IMEI-кодларини киритишда фойдаланганлик ҳолати аниқланганини маълум қилди. У шунингдек, бу каби жиноят сўнгги бор 2020 йил октябрида аниқланганини ҳам қўшимча қилди.

«Бу бўйича расман 7 мингга яқин ҳолатлар аниқланган. Балки, бундан ҳам ошар, чунки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Фуқаролар мурожаат этгани ва этмагани бор. Мурожаат этганларни биз рўйхатга олиб, терговга йўналтирганмиз», – деди Сулаймонов.

«Уюшган жиноий гуруҳ таркибида карантин зонада ишлаган оддий фаррошдан тортиб, мансабдор шахсгача бор. Ким қайси даражада жиноят содир қилгани ҳали маълум эмас. Тергов давом этмоқда. Янги ҳолатлар аниқланиб, терговга қўшиб борилмоқда. 7 минг нафарнинг ичида фуқаролар ўзи мурожаат қилгани бор. Уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилгани, аниқ рақамини билмайман, лекин 5 минг нафардан ўтган. Республика бўйича карантин зоналарини ҳаммасида кузатилган бу ҳолат. Битта Андижондамас, Тошкент вилоятида ва бошқа жойда ҳам кузатилган», – деди ИИВ масъул ходими.

ЎҚИНГ: 64 млн долларлик телефонларни Ўзбекистон қаерлардан импорт қилди?

Таъкидланишича, бу каби жиноятлар фақатгина карантин зоналарда аниқланмаган, балки божхона чегара пунктларида ҳам уюшган гуруҳлар шу каби ҳаракатларни амалга оширган. Давлат божхона қўмитаси бош инспектори Бахтиёр Кабиров эса Андижондаги шу каби ҳолат тафсилотларини сўзлаб берди.

«Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур масала бошланганидан call center ташкил қилинди. Жабр кўрганлар мурожаат қилинглар деб эълон бердик ижтимоий тармоқларда. Бу бирор шахсни қўлидан келмайди, Андижон вилоятида «Дўстлик» чегара постида ҳақиқатдан уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилган. Қўмита вакиллари томонидан Қирғизистон томонга ўтиб, уёқдан паспортларни олиб, 5 доллардан 20 долларгача бўлган қийматда сотиб олиб, ҳар битта чегарадан ўтган фуқаро номига мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатга олиб, ўтказаётгани аниқланган. Тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бугунги кунда бу бўйича тергов олиб борилаяпти», – деди Бахтиёр Кабиров.

ЎҚИНГ: IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш бўйича аниқ ва лўнда қўлланма

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.