IMEI-кодни рўйхатга олиш жорий этилгани кимларга яхши бўлди? (+видео)

  •   DiMaX
  •  876
  •  30.09.2020 08:13

IMEI-кодни рўйхатга олиш жорий этилгани кимларга яхши бўлди? (+видео)

Юртимизда мобил қурилмаларининг (планшет, смартфон ва ҳоказо) IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Биз  шу масала юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги баёнотини чиқарган эдик.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, смартфонлар IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш тартибида ўзгариш бўлди!

Xabar.uz нашри бу борада «Сифат Бизнес Савдо» МЧЖ вакили Тимур Гафуровнинг фикрини эълон қилган ва уни қуйида келтирмоқдамиз:

– Ўзгаришлар ҳаммадан кўра бизга кўпроқ таъсир қилди. Бугунги кунда биз ўз маҳсулотларимиз, телефонларимиз савдоси билан тўлақонли шуғуллана бошладик. Тегишли қонун чиққунга қадар смартфонлар бозори тартибга солинмаганди. Биз шунчаки рақобат қилолмасдик. Шунга кўра бозорни ҳам рақобат майдони деб бўлмасди. Ҳозир эса ишонч билан айта оламизки, адолат қарор топди, расмий импортчилар сифатида давлат бюджетига катта божлар тўлаяпмиз.

Рўйхатга олиш жараёнларига келсак, ҳаммаси маромида кечяпти. Ариза топширгандан сўнг UZIMEI ходимлари 3 кун ичида аризаларимизни кўриб чиқиб, рўйхатга олишяпти.

Бугунги кунда, албатта, умумий вазият яхшиланди. Бироқ, афсуски, айрим муаммолар ҳали ҳам мавжуд. Яъни, мижоз телефонни бозордан сотиб олаётганда унинг IMEI-коди бир ойдан сўнг рўйхатга олинишини айтишади. Шунда мижоз «Нима учун бир ойдан сўнг?» деган ҳақли саволни бериши керак. Табиийки, бу ноқонуний олиб кирилган телефон бўлиб чиқади. Биз эса мижозларимизга телефонларимизни қонуний олиб кирганимизга кафолат берамиз. Уяли алоқа воситаси савдога чиқишидан олдин расмий дилер сифатида зарур тегишли жараёнлардан ўтамиз. Маҳсулотларимизни сертификатлаштирамиз. Уларининг қонунийлиги, уларда ҳеч қандай муаммо юзага келмаслигига мижозларимизга кафолат берамиз. Борди-ю, бирорта муаммо келиб чиқса, мижозлар бизга мурожаат қилиши мумкин.

Сифат кафолати нима дегани? Бу шуни англатадики, мижоз биздан телефон сотиб олгач бир ой ёки бир йилдан кейин ҳам муаммо юзага келса, бизга учрашиб, биздан кафолат талаб қилишга ҳақли.

Биз бир кунлик компания эмасмиз. 20 йилдан бери бозорда фаолият юритиб келяпмиз. Биз билан ҳисоблашишади, бизни ҳурмат қилишади. Ўзимизни ишончли ҳамкор, инсофли импортчи сифатида аллақачон кўрсата олдик.

Кўпгина одамлар бехабарликлари туфайли телефонни харид қилгач, IMEI-кодни тизимда ўзлари рўйхатдан ўтказиши керак, деб ўйлашади. Лекин бу нотўғри. Чунки телефонни олиб кирган импортчи бўладими, компания бўладими – бу ишни улар амалга ошириши зарур.

Маълумот учун:

IMEI (International Mobile Equipment Identity – Халқаро мобил қурилма идентификацияси) мобил тармоқдаги қурилмани идентификациялаш учун уникал рақам ҳисобланади.

ЎҚИНГ: IMEI нима ва унинг аҳамияти нимада?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!