IMEI нима ва унинг аҳамияти нимада?

IMEI нима ва унинг аҳамияти нимада?

Агар сизда IMEI нима эканлиги ҳақида савол пайдо бўлган бўлса, тўғри манзилга мурожаат қилдингиз. IMEI (инг. International Mobile Equipment Identity — Халқаро мобил қурилма идентификацияси) мобил тармоқдаги қурилмани идентификациялаш учун уникал рақам ҳисобланади.

Буни оддий қилиб телефонингизнинг тармоқ хавфсизлиги рақами сифатида тушунишингиз ҳам мумкин. Ҳар бир GSM телефонда 15 та рақамдан иборат IMEI бўлади; CDMA мобил қурилмалар эса MEID рақамга эга бўлади.

Телефонингизни ўғирлатиб қўйсангиз ёки йўқолиб қолса IMEI рақамдан фойдалансангиз бўлади. Йўқ, у телефонингизни сеҳрли равишда сизга қайтариб олиб келмайди, балки IMEI воситасида, қурилмангизни топиб/ўғирлаб олган, ундан фойдаланмаётганига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Операторга боғланиб, IMEI кодни айтсангиз, телефонингизни қора рўйхатга қўшиб қўйиши мумкин. Бу дегани девайс билан кирувчи/чиқувчи қўнғироқларни амалга ошириш ҳамда мобил интернет орқали глобал тармоққа уланиш имкони бўлмайди, деганидир — ҳатто янги SIM карта билан ҳам.

IMEI рақам ишлатилган телефон сотиб олаётганда ҳам қўл келади. CheckMend хизмати орқали харид қилаётган қурилмангиз йўқолган деб эълон қилинмагани, қора рўйхатда эмаслигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Ушбу хизмат бепул эмас, лекин қиммат ҳам эмас: бир доллар атрофида туради.

IMEI рақам, шунингдек, телефон ҳақида кўплаб бошқа маълумотлар ҳам бера олади (масалан, бренд ва модели, ишлаб чиқарилган йили ва техник жиҳатлари). Буни синаб кўриш учун imei.info сайтига кириб, IMEI рақамни киритиб кўришингиз мумкин. Хизмат бепул.

Android қурилмадан IMEI қандай текширилади?IMEI нима эканлигини билиб олдик, энди эса қурилманинг IMEI рақамини аниқлашни ўргансак. Бунинг энг осон йўли Android смартфондаги Телефон иловасида *#06# ни теришдир. Шунда экранда гаджетингизнинг IMEI рақами пайдо бўлади. Агар иккита SIM картали телефон ишлатсангиз, иккита IMEI рақам кўринади: ҳар бир SIM карта уяси учун алоҳида рақам. Ёки Созламалар иловасининг Қурилма ҳақида > Ҳолат > IMEI маълумоти бўлимдан ҳам IMEI рақамни кўриб олсангиз бўлади. Смартфонингиз моделига қараб юқоридаги бўлимлар номи ва тартиби фарқли бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, баъзи телефонларда IMEI рақам қурилманинг орқа томонига ёзиб қўйилган бўлса, яна баъзиларида SIM карта уясида келтириб ўтилган бўлади. Агар смартфонингиз қадоғи ва ҳужжатларини ташлаб юбормаган бўлсангиз, ана ўшаердан ҳам кўрсангиз бўлади.

IMEI рақамни ҳеч кимга берманг. Баъзи "тадбиркор"лар қора рўйхатга кирмаган IMEI рақамни ўғирланган телефонга созлаб қўяди (телефон қора рўйхатга тушиб қолмаслиги учун), бу эса ноқонуний ҳисобланади.

Мана энди, IMEI рақами нима эканлиги, уни аниқлаш йўллари ва ундан нима мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини билиб олдингиз. Сизнинг телефонгизнинг IMEI рақами нима экан? Биз билан улашинг. Бу, албатта, ҳазил. IMEI рақмингизни ҳеч кимга берманг!

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда 1 апрелдан барча смартфон ва планшетлар IMEI-коди бўйича БЕПУЛ рўйхатга олинмоқда!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!