Инҳа университети имтиҳон учун ҳужжат қабул қила бошлади

  •   DiMaX
  •  11022
  •  13.03.2020 11:40

Инҳа университети имтиҳон учун ҳужжат қабул қила бошлади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети расмий сайтида «Компьютер ва дастурий инжиниринг» ҳамда «Логистика» факультетларига ҳужжатларни онлайн қабул қилиш бошланди. Биринчи кириш имтиҳони 12 апрель куни бўлиб ўтади, деб ёзади АКТ вазирлиги.

ЎҚИНГ: Инҳа университетида дастурлашни бепул ўргатувчи илк Co-Learning Center очилди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига 2020-2021 ўқув йили учун ҳужжатларни қабул қилиш муддати 2020 йил 9 мартдан 27 мартгача давом этади. ИУТга ҳужжатларни топшириш жараёни, ўтган йил жараёни каби фақат онлайн тарзда амалга оширилади ва университетга кириш учун сиз бир неча шартларни бажаришингиз керак.

  1. 1. Университет сайти орқали ариза тўлдириш.
  2. 2. Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида сиз шахсий маълумот ва керакли ҳужжатларни сканерланган ҳолатда тақдим этишингиз керак:

— паспорт;

— ўрта махсус мактаб, лицей ва колеж дипломи/шаҳодатномаси;

— 086 шаклидаги тиббий маълумотнома;

— сурат (3,5х4,5);

— IELTS ёки TOEFL iBT инглиз тили сертификати.

  1. Агар абитуриентлар мактаб, лицей ва коллеж дипломига эга бўлмасалар, у ҳолда таълим муассасасидан маълумотнома тақдим этишлари керак.

ЎҚИНГ: Инҳа университети талабасининг ихтироси – «Ўзбекистон аёлларининг 100та энг яхши инновацион лойиҳаси» ғолиби!

2020 йил 12 апрель куни 1-кириш имтиҳони фақат шартнома асосида таълим олмоқчи бўлган абитуриентлар учун бўлиб ўтади. «Компьютер ва дастурий инжиниринг факультети» (SOCIE) ва «Логистика» (SOL) факультетларида фақат битта фан бўйича — математикадан имтиҳон бўлади. Имтиҳон саволлар тўпламидан иборат бўлиб, уларни ечишга 60 дақиқа вақт берилади. Халқаро абитуриентлар Университетга кириш имтиҳонисиз қабул қилинади.

SOCIE факультетига IELTS бўйича минимал 5 балл, TOEFL iBT бўйича минимал 50, SOL факультетига IELTS бўйича минимал 5.5, TOEFL iBT бўйича минимал 71 балл инглиз тили расмий сертификатини тақдим этиш лозим. Расмий инглиз тили сертификатисиз абитуриент кириш имтиҳонидан четлаштирилади.

2020-2021 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қабул квотаси 420 талабадан иборат. Жумладан, «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича 300 талаба ва «Логистика» йўналиши бўйича 120 талаба қабул қилинади.

Биринчи кириш имтиҳонига абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш муддати – 2020 йил 27 март соат 17:00 га қадар. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қоидаларига асосан абитуриентлар кириш имтиҳонларини топшириш учун яна иккита уринишни таъминлайди: шартнома ва грант асосида. Кейинги имтиҳонлар учун рўйхатдан ўтиш санаси университет сайтида эълон қилинади.

Университетга кириш шартлари ҳақида тўлиқ маълумотларни ушбу сайт орқали олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Бир миллион дастурчи қандай тайёрланади?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.