Инҳа университетида дастурлашни бепул ўргатувчи илк Co-Learning Center очилди

  •   DiMaX
  •  2014
  •  05.03.2020 18:14

Инҳа университетида дастурлашни бепул ўргатувчи илк Co-Learning Center очилди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети базаси остида биринчи Co-Learning Center ўқув маркази очилди. Марказ йил давомида IT-соҳаси учун юзлаб кадрларни тайёрлаши кўзда тутилмоқда, дейилади университет хабарида.

ЎҚИНГ: Инҳа университети талабасининг ихтироси – «Ўзбекистон аёлларининг 100та энг яхши инновацион лойиҳаси» ғолиби!

«Project Managers» компанияси UzCard миллий тўлов тизими ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларини бепул ўқитиш мақсадида, Ўзбекистонда биринчи Co-Learning Center ўқув маркази ташкил этилди. Келгусида бундай ўқув марказлари бошқа университетларда ҳам очилиши кутилмоқда, айни кунларда ТАТУда марказ очилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Марказ иқтидорли талабаларни қуйидаги йўналишлар бўйича ўқитишга йўналтирилган: Web developing, Mobile developing, 3D modelling, Game developing, 2D design, Digital Marketing, Сyber Security. Ўқув «Digital Generation Uzbekistan» методикаси асосида ўтказилади, шунингдек, маҳорат дарсларини ўтказиш учун маҳаллий ва хорижий FullStack мутахассисларини жалб этиш режалаштирилган.

«Тошкент шаҳридаги Инҳа университети бундай таълим лойиҳасини биринчи бўлиб амалга оширганидан мамнунмиз. Марказ томонидан ташкил этилган курсларда талабалар ўз билимларини ривожлантиришлари ва амалий кўникмаларга эга бўлишлари мумкин. Шунингдек, ушбу лойиҳа талабалар ва ёш малакали кадрларни излаётган компайияларни бир-бирига боғлаб турувчи вакил вазифасини бажаради», – деди университет раҳбари Музаффар Джалалов.

Лойиҳа ўз олдига қўйган улкан мақсадларга кўра, бир йил ичида 400 га яқин Junior дастурчи, 100 га яқин Middle ва 10 га яқин Senior дастурчиларни тайёрланади.

ЎҚИНГ: Бир миллион дастурчи қандай тайёрланади?

Co-Learning Center ўқув марказида фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари таълим олишлари мумкин. Курсга ёзилиш учун рўйхатдан ўтиб сўнг, суҳбатдан ўтилади ҳамда шартли топшириқ бажарилади. Натижалар асосида талабалар Марказга қабул қилинади.

«2020 йил Ўзбекистонда Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Президентимиз таъкидлаганидек, бизга инновацион ривожланиш ва янги шаклдаги кадрлар керак. Бизнинг лойиҳамиз айнан шунга қаратилган. Биз янги, илғор, юқори малакали кадрлар тайёрлаймиз. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетини танлаганимиз тасодиф эмас, чунки университет ўзини IT-кадрлар маркази сифатида шакллантирган. Бизнинг вазифамиз – болаларнинг маҳоратини ошириш ва уларга маҳаллий компанияларда иш таклиф қилишдир», – дейди Co-Learning Center раҳбари Алишер Тожиев.

Шунингдек, Марказ вилоятларда мини-курслар, вебинарлар ҳамда видео дарсликлар тайёрлашни режалаштирмоқда. Барча ўқув жараёнлари мутлақо бепул тарзда амалга оширилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик дастурчи ЎзАга зўр таклиф билан чиқди