Инновацион ўғирлик: Гулистонда электр счётчигини тўхтатувчи пульт ихтиро қилишди!

  •   DiMaX
  •  2206
  •  03.03.2020 12:56

Инновацион ўғирлик: Гулистонда электр счётчигини тўхтатувчи пульт ихтиро қилишди!

Янгича ҳисоблагичлар ҳақида «Кўп пул ёзар экан», «Тез айлантирар экан», «Ўғри ҳисоблагич» каби таърифу тавсифлар билдирилмоқда. Xabar.uz нашри эса электр счётчигини тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ жиноят ҳақида маълумот берган.

ЎҚИНГ: Уйларимиздаги янгича – «ақлли» электр счётчиклари: ўғрими ёки тўғри?

Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда Гулистон шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан жорий йилнинг 28 февраль куни Гулистон шаҳри, «Намуна» МФЙ, Х.Дўстлиги кўчасида жойлашган «K.X.N.» МЧЖга қарашли автомашиналарни ювиш шохобчасида энергия рессурсларидан фойдаланишнинг қонунийлиги юзасидан текшириш ўтказилган. Ушбу текшириш давомида электр тармоғига уланган электр ҳисоблагич ичига кўз илғамас ҳолда, яширин равишда электр таъминотига таъсир этувчи пульт билан бошқариладиган чип мосламасини ўрнатилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.

Ўтказилаётган суриштирув ҳаракатлари давомида «K.X.N.» МЧЖ раҳбари А.Ю. томонидан таъминот корхонаси манфаатларига 23 млн. 074 минг 605 сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар бериб ўтган.

МЧЖ раҳбари А.Ю. ушбу ҳолатни: «Электр ҳисоблагични яширин равишда пульт билан бошқариб келганман, «эконом» қилиш мақсадида, қилган ишимдан пушаймонман», – дея изоҳлаган.

Ҳозирги кунда Бюронинг Сирдарё вилоят бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш жараёнида аниқланган зарар тўлиқ ундирилиб, «ихтирочи»га нисбатан қонуний чора кўрилиши таъминланган.

ЎҚИНГ: «Ақлли» счётчиклар «кўп ёзади»ми, «чироқ ўчсаям ёзаверади»ми? Мутахассис билан суҳбат (+видео)