Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари ташкил этилади

  •   DiMaX
  •  1412
  •  08.05.2018 20:07

Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари ташкил этилади

Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ давлат-хусусий шериклик шартларида Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берган.

ЎҚИНГ: Бобур Оқилхонов: «АҚШ инвесторлари Ўзбекистон билан жиддий қизиқишаяпти!»

Хабарга кўра, марказлар ўз фаолиятини тижорат асосида амалга оширади ва ташкил этилган пайтдан бошлаб беш йил муддатга барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади.

Фармон билан марказларнинг асосий вазифалари белгиланди. Хусусан марказлар инновацион лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни амалга оширади.

Марказларни ташкил этишда қуйидагилар давлат-хусусий шерикликнинг асосий шартлари ҳисобланади:

  • марказларни ташкил этиш ва уларга тегишли инфратузилмани қуриш учун зарур ер участкалари, бўш бинолар хусусий шерикларга ҳақ ундирилмасдан, тўғридан-тўғри музокаралар асосида ажратилади;
  • марказ биноларини қуриш учун ер участкаларини танлаш белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
  • давлат ва хусусий шериклар тенглик асосида марказларнинг таъсисчилари сифатида иштирок этади;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув марказлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб йигирма йил муддатгача тузилади;
  • марказлар фаолиятининг йўналиши давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув амал қилишининг бутун муддати давомида сақланиб қолади;
  • марказларнинг интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишга қилинган харажатларини қоплаш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
  • давлат шериги иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этишни рағбатлантириш, жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни давлат харидлари доирасида тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш бўйича шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш мажбуриятини олади.

Фармон билан шунингдек давлат ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларига ўзларининг тармоқ ихтисосликларини ҳисобга олган ҳолда маблағлари Марказларнинг тадқиқотлари ва ишланмаларини молиялаштиришга йўналтириладиган, жумладан, уларнинг устав капиталига кириш орқали корпоратив венчур фондларни ташкил қилиш тавсия этилди.

ЎҚИНГ: Вазирлик барчани ҳамкорликка чорлайди