Instagram'нинг янги функцияси билан Linktree'га хайр дейсиз!

Instagram'нинг янги функцияси билан Linktree'га хайр дейсиз!

Аввал "Highlight"ларда, кейин эса Linktree каби платформаларда... Instagram фойдаланувчилари ўзларининг Интернетдаги бошқа саҳифаларига ҳавола улашиш бир мунча қийинчиликларга дуч келишар эди, лекин ортиқ бундай бўлмайди. Марк Цукерберг ўзининг Instagram каналида платформага қўшилаётган янги функцияни эълон қилди ва бу ижтимоий тармоқдаги саҳифангиз биографиясига 5 тагача ҳавола ўрнатиш имкониятидир.

Ҳа, энди сиз Instagram'даги биографиянгизга 1 эмас, нақд 5 тагача ҳаволаларни жойлай оласиз. Буни ижтимоий тармоқнинг мобил иловаси орқали, профилни таҳрирлаш бўлимидан амалга оширишингиз мумкин. У ерда сиз ҳаволаларни қўшиш билан бирга уларга ном ҳам бера оласиз. Бироқ, барча ҳаволалар саҳифангизда пайдо бўлмайди. Сиз уларнинг бирини асосий қилиб танлайсиз, қолганлари эса "ва бошқа ҳаволалар" тугмаси остида бўлади. Обуначиларингиз ўша тугмани босганларида улар сизнинг ҳаволаларингиз рўйхатини кўришади.

"Эҳтимол биздан энг кўп талаб қилинган функциялардан бири", – дейди Марк Цукерберг янги хусусиятни эълон қилар экан.

Таъкидлаш жоизки, Instagram'да ўзининг бошқа ижтимоий тармоқлардаги профиллари ёки сайтларини учун ҳаволаларни улашишда Linktree каби платформалардан фойдаланиш анча оммалашган ва бу ҳозир ҳам анча актуал. Ундан аввал эса блогер ёки бошқа бизнес эгалари Instagram "Highlight"ларида ўзларининг бошқа ижтимоий тармоқлардаги ҳаволаларини қолдиришар эди (ва ҳозир ҳам бундай аккаунтларни учратишингиз мумкин). 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!