Intel асосчиси Эндрю Гроув вафот этди

Intel асосчиси Эндрю Гроув вафот этди

Intel компанияси асосчиси Эндрю Гроув 80 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида процессорлар ишлаб чиқарувчи дунёнинг энг йирик компанияси расмий сайтида хабар қилинди.

Intel матбуот хизмат хабарида шундай дейилади:

“Intel компаниясининг бош директори, директорлар кенгашининг собиқ раисининг вафотидан чуқур қайғудамиз. У бутун бир бошли мутахассислар, ишлаб чиқарувчилар ва бизнесменлар руҳлантира олди, имкони йўқ нарсани бажара олди”.

Гроув 1990 йилларда Intel компаниясини кризисдан олиб чиқди. Ўшанда бозорларга япониянинг арзон хотира модуллари кириб келган, шунингдек, Pentium процессорлари ишида хатолик кузатилганди.

Унинг ишлаб чиққан бизнес-стратегияси иқтисодчилар учун компанияни мураккаб вазият ва ночорликдан олиб чиқиш бўйича намунага айланганди.

Қисқача маълумот

Эндрю Стивен Гроув 1936 йил 2 сентябрда Будапешт(Венгрия)да таваллуд топган. 1956 йил инқилобдан сўнг АҚШга кетади, бир қанча муддат Бронксда истиқомат қилган.

Нью-Йоркдаги City College`нинг кимё-технологиялари факультетида таълим олади ва бир вақтнинг ўзида официант бўлиб ишлайди. Бакалавр даражасини олгач, 1963 йилда Берклидаги Калифорния университетида докторлик даражасига етишади. Шундан сўнг, у Fairchild Semiconductor компаниясининг тадқиқотлар лабараториясида фаолият бошлайди. Тўрт йил ичида компаниянинг тадқиқотлар ва дастурий маҳсулотлар бўйича директори ўринбосари лавозимига кўтарилади.

Intel

Гроув 1968 йили Роберт Нойс, Гордон Мур ва яна олти нафар мутахассис (Fairchild Semiconductor`даги ҳамкасблари) билан Intel корпорациясига асос солади.

1979 йили Гроув Intel президенти лавозимини эгаллади, 1987 йил ижрочи директор, 1997 йили директорлар кенгаши раиси бўлди. 2005 йилда эса у компанияни тарк этади.

Гроувнинг вафоти муносабати билан Apple раҳбари Тим Кук ўз таъзиясини билдирди:

«Энди Гроув технологик дунёнинг устунларидан бири эди. У мамлакатимизни севди ва ўзининг энг яхши томонлари билан Америка намунасига айланди….»

Эндрю Гроув бир неча мукофотларни қўлга киритган, жумладан:

1987 йил. «Муҳандислик фанларидаги етакчилиги учун» медали (IEEE)
1993 йил. «Йил фуқароси»(Кремний водийсидаги бутунжаҳон форуми)
1993 йил. «Йил раҳбари» (Аризона университети)
1996 йил. «Йилннинг давлат арбоби», (Гарвард университети бизнес мактаби)
1997 йил. “Computer Entrepreneur Award” (IEEE 1997)
1997 йил. «Йилнинг ижрочи директори» (CEO журнали)
1997 йил. «Йилнинг технология етакчиси»(Industry Week журнали)
1997 йил. «Йил одами» (Time журнали)
2000 йил. IEEE кўкрак медали

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!