Интерактив рақамли глобус: Ер сайёрасининг 750 миллион йилликкача бўлган тарихини томоша қилинг!

  •   DiMaX
  •  563
  •  09.08.2021 15:35

Интерактив рақамли глобус: Ер сайёрасининг 750 миллион йилликкача бўлган тарихини томоша қилинг!

Қидирув гиганти Google Earth сервисига Ер сайёраси сўнгги 37 йилда қандай ўзгарганлигини кўриш имконини берувчи Timelapse функциясини қўшган. SciTech Daily номли YouTube-канал эса сайёрамиз тектоник плиталарининг миллиард йиллик ҳаракатини 40 сониялик ролик тарзида тақдим этган. Булардан ташқари...

ЎҚИНГ: Сайёрамиздаги 4 миллиард йиллик эволюцияни 4 дақиқалик видеода кўринг!

Энди бўлса Ян Вебстер исмли олим сайёрамиз тарихини ўрганишга ёрдам берувчи интерактив рақамли глобус яратди. Олим бунда G-Plates дастурий платформаси маълумотларидан фойдаланган.

Интерактив рақамли глобус мана бу манзилда жойлашган бўлиб, сайт юқори қисмида Ернинг неча миллион йил аввалги ҳолатини акс эттиришни белгилаш мумкин. Тегишли даврдаги Ер рақамли глобусини сичқонча билан «ушлаб» айлантириб, ўша замонларда сайёрамиз юзаси қандай кўриниш касб этганини томоша қиласиз.

Олимларнинг аниқлашларича, 300 миллион йиллар аввал сайёрамизда ягона қуруқлик – Пангея номли суперқитъа мавжуд бўлган. Тахминан 150-200 миллион йилча бурун у иккита – Лавразия ва Гондвана қисмларига ажралган. Вақтлар ўтиб бориши билан, тектоник плиталарнинг секин ҳаракати туфайли материклар пайдо бўлган ва Ер ҳозирги шаклга келган.

Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, яна тахминан 300 миллионча йилдан сўнг барча қитъалар Амасия номли ягона қуруқликка бирлашади.

ЎҚИНГ: Барча сунъий йўлдошлар бирданига ўчиб қолса, бизни қандай ҳалокат кутади? (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!