Интернет икки ой текин бўладими? «Ўзбектелеком» аниқлик киритди

  •   DiMaX
  •  9297
  •  24.03.2020 13:54

Интернет икки ой текин бўладими? «Ўзбектелеком» аниқлик киритди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан кеча – 23 март куни «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 176-сон қарор қабул қилинди. Унинг тўлиқ матни акс эттирилган PDF форматли файлни ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram-каналида эълон қилган.

ЎҚИНГ: Ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган юртдошимиз жаримага тортилди

Қарорда таъкидланишича, Фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди. Ижтимоий тармоқларда бу борада ҳар хил фикрлар ёзилаётгани, тушунмовчилик ҳолатлари юзага келаётганини кузатиш мумкин. «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси шу масалага аниқлик киритувчи қуйидаги хабарини эълон қилди:

* * *

Ҳурматли абонентлар (Жисмоний шахслар)!

Республикамиз бўйлаб коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли тадбирлар доирасида, амалга киритилган карантин вақтида аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида, яшаш жойида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш учун «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси барча шароитларни яратмоқда. Шу жумладан, Компания томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори, 2-банди, 7-хатбошига кўра, икки ой давомида фуқаролар UZTELECOM савдо белгиси остида кўрсатиладиган Интернет ва телефон алоқаси хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга ошириш имкони мавжуд бўлмаган абонентлар учун хизмат кўрсатиш тўхтатилмаслигини эълон қиламиз. Бунда сиз фойдаланаётган телекоммуникация хизматлари учун тўлов ҳисобланади, лекин хизмат кўрсатиш тўхтатилмайди.

Шу билан бирга, дебиторлик қарзи юзага келишининг олдини олиш мақсадида кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни амалга оширишингиз сўралади.

Ҳурматли абонентлар, уйингиздан чиқмаган ҳолда, фойдаланаётган телекоммуникация хизматлари ҳисобини тўлдиришингиз учун «MyUztelecom» мобил иловасидан ёки бошқа онлайн тўлов тизимларидан фойдаланишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Биз сиз учун хизмат кўрсатамиз, сиз биз учун уйда қолинг!

* * *

Яъни, «Ўзбектелеком» таъкидлашича, интернет хизматлари бепул бўлмайди – улардан фойдаланганингиз ҳисоблаб борилади. Фақат шу икки ой давомида тўловни амалга оширмасангиз ҳам сизни тармоқдан узиб қўйишмайди. Хизматлардан фойдаланганингиз ҳақини кейинчалик тўласангиз ҳам бўлади – қулайлик шундан иборат.

Дарвоқе, «My Uztelecom» мобил иловасини iOS тизимли гаджетларга мана бу, Android тизимли девайсларга эса мана бу ҳаволалар орқали ўрнатиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Коронавирус ҳақида расмий сайт ишга туширилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.