Интернет тезлиги бўйича жаҳон рекорди янгиланди – сониясига 178 терабит!

  •   DiMaX
  •  1741
  •  22.08.2020 13:16

Интернет тезлиги бўйича жаҳон рекорди янгиланди – сониясига 178 терабит!

Bloomberg нашри энг йирик 5G тармоқларида интернет тезлигини қиёслаб кўрсатган эди. Лекин симли интернет тезлигида ундан ҳам юқори кўрсаткичларга гувоҳ бўлиш мумкин.

ЎҚИНГ: Starlink «фазовий» интернетини синаб кўрганларнинг ҳафсаласи пир бўлди!

KDDI Research, Лондон университети коллежи ҳамда Xtera муҳандислари эса ҳозирда қўлланаётган шиша толали симлар орқали катта ҳажмли маълумотларни янада тезкор узатиш технологиясини яратишди. Ҳозирда дунёда мавжуд инфратузилма 4,5 терагерцгача ўтказувчанлик полосасини таъминлай олади. Айрим янги технологиялар бу кўрсаткични 9 ТГц.гача етказа олган бўлса, янги тизим 16,8 ТГц.гача оширган!

Натижада бу технология интернет тезлиги борасида янги глобал рекорд ўрнатди – унинг кўрсаткичи сониясига 178 терабит (Тбит/с) ҳисобланади. Бунгача АҚШ Энергетика фанлари тармоғи томонидан синов доирасида ишлаб чиқилган интернет уланиши эса «атиги» 400 гигабит/сонияга тенг эди.

Тушунган бўлсангиз керак – юқоридаги кўрсаткичлар синов доирасида бўлиб, бундай тезликдаги интернетнинг кенг оммага етиб боришига ҳали эрта. Айни дамда дунё бўйича фойдаланувчиларга тақдим этилган энг тезкор интернет Японияда бўлиб, унинг кўрсаткичи сониясига 10 гигабит (Гбит/с) ҳисобланади.

ЎҚИНГ: 10 йилда интернет тезлиги қанча ошди ва Ўзбекистондаги ҳолат қандай? (Speedtest рейтинги)