Интернетда қандай пул топса бўлади?

Интернетда қандай пул топса бўлади?

Ҳозирда интернет фойдаланувчиларининг ўнтадан камида саккизтасида «Интернетда қандай пул топса бўлади?» деган савол бор. Хўш, ростдан ҳам, интернетда қандай пул топса бўлади? Бу бўйича аниқ бир қонуний ҳужжат борми? Ушбу мақолани охиригача ўқинг ва интернетда пул ишлаш сирларини билиб олинг.

Ўзбекистонда интернетга улаш хизматини кўрсатиш бўйича рақобатбардош муҳит мавжуд эмаслиги ҳамда шимолий, яъни Қозоғистон-Россия интернет-каналига боғлиқ бўлган вазият юзага келганлиги сабабли, интернетга уланиш бошқа МДҲ давлатларидагига нисбатан анча секин ва қиммат ҳисобланади. Бу муаммони Ўзбекистон янги ташқи каналлар очиш эвазига ҳал қилмоқчи: Туркманистон, Эрон, Қирғизистон ва Хитой орқали интернетга уланиш тезлиги оширилади ва унинг барқарор ишлаши таъминланади. Шу йилнинг охиригача ушбу давлатларнинг миллий операторлари билан каналларни ижарага олиш ва сотиб олиш тўғрисидаги келишувлар имзоланади. Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шу йилнинг охирида Ўзбекистонда интернет каналларининг ўтказувчанлиги 8-10 баробарга оширилиши айтилган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда Интернет тезлиги 8 - 10 бараваргача оширилиши кутилмоқда

Лекин барибир ҳозирда Ўзбекистон интернет чекланган мамлакатлардан бири бўлиб қолаётгани сир эмас.

Келинг, мавзуда четлашмаймиз.

Интернетбу пул дегани! Ростдан, интернетда қандай пул топса бўлади?! Бундай сўровни қидирувга берсангиз, минглаб маълумотлар чиқади. Ҳатто, интернетда пул топиш бўйича дарслик-адабиётлар, видеоқўлланмалар ҳам талайгина.

Келинг, интернетда пул топиш мавзусида босқичма-босқич тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан, интернетга жойлаган маълумотингиз ёки видеоларингиз учун ҳеч ким сизга пул бермайди. «Мен жойлаган маълумотларни кўп ўқиганлиги учун, кўп кўрилганлиги учун интернет «катта»лари менга пул беради», деган хомхаёл фикрлардан озод бўлинг. Сабаби – чет элда ўтирадиган интернет «катта»ларининг сиз жойлаб бораётган маълумотлар билан иши йўқ.

Иккинчидан, ростдан ҳам интернетга фойдали маълумотларни жойлаб бориш пулли ҳисобланади! Қандай? Буни бир қанча интернет платформаларида кўрсатиб беришга уринамиз.

Ижтимоий тармоқларда пул топиш

Бу – ҳозир энг урфга кирган усуллардан биридир. Telegram'да, Instagram'да, Одноклассники'да, Facebook’да, YouTube’да катта-катта каналлар борки, улар кунлик жойлаган ахборотлари учун мўмайгина даромад топишади. Улар даромадининг асоси эса ўзларининг каналларига жойлаб борадиган рекламадан тушадиган пуллар ҳисобланади. Яъники, каналнинг қанчалик кўп аъзолари бўлса, унга реклама жойлаш шунчалик қиммат бўлади. Ҳозирги кундаги норасмий маълумотларга кўра телеграм-каналларга (аудиториясига қараб) 150 минг сўмдан, 4 млн сўмгача миқдорда пул тўлаш эвазига (қанча вақт жойлаб борилишига қараб нархи ўзгариб бораверади) рекламангизни жойлашингиз мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Telegram’да спамдан «озод» бўлиш сири

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: ижтимоий тармоқлардаги каналларнинг, саҳифаларнинг аудиториясини, яъни аъзоларини қандай кўпайтирса бўлади? Бу – масаланинг энг нозик нуқтасидир. Сабаби сиз интернет фойдаланувчиларига керакли ва қизиқарли маълумот беришингизга қараб аъзолар ортиб бораверади (Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз).

Ўз сайтингизни очинг ва ундан фойда олинг

Ушбу вариант сиздан дастлабки қўйилмаларни талаб этади, бироқ кўп ўтмай ўзини оқлай бошлайди. Сайт иши яхши йўлга қўйилса, ундан ҳар ойда 10 минг долларгача миқдорда фойда олиш мумкин. Асосий фойдани реклама (контекстли, баннерли, тизерли) олиб келади, бунда шерикли дастурларида иштирок этиш ёки ҳаволаларни сотиш мумкин бўлади. Агар сиз янада илдамлаб кетмоқчи, нафақат сайтни ривожлантириш, балки ўз инфобизнесингизни қурмоқчи бўлсангиз, у ҳолда фойда янаям кўп бўлади, фақат бошиданоқ шунга яраша чиқимига тайёр туринг. Бу – энг фойдали вариант, шундай экан «Интернетда пул ишлаб топиш ҳақиқатми?» деб сўраманг, чунки сайтлар эгаларининг баралла жавоби «Ҳа» бўлиб турибди.

Хўш, ахборот сайти ва инфобизнес орасида қандай фарқ бор? Дастлаб фойдали ахбороти бўлган контентли сайт ҳам ахборот эвазига пул ишлайдигандек туюлади. Бироқ биринчи ҳолатда пул ташқаридан (реклама, шериклик дастурлари) кириб келади, инфобизнесда эса сиз муайян бир ахборот маҳсулотини сотасиз ва унинг учун мижозларингиздан пул оласиз. Қуйидагилар ахборот маҳсулотлари бўлиши мумкин:

  • Вебинарлар;
  • Тренинглар;
  • Онлайн ўқув курслари;
  • Электрон китоблар.

Ушбу пул ишлаш усулининг хусусияти шундаки, сиз маҳсулотни бир марта яратасиз, ундан фойдани эса доимий равишда олиб турасиз. Шунчаки пассив даромад тури. Шу билан бирга, параллел равишда янгидан-янги маҳсулотлар яратиш, янги йўналишларда ривожланиб, каттадан-катта даромадлар топиш мумкин бўлади. Бундай ҳолатда даромад бир неча мартага кўпаяди.

YouTube’да пул ишлаш

YouTube’да каналингиз фаол, ундаги барча видеолар ўзингизга тегишли бўлиши керак. Каналингиз фаол ҳамда 10 000 дан ошиқ (умумий видеолар) кўрилган бўлиши, шунингдек, 100 дан ошиқ обуначиларингиз бўлиши керак. Булардан ташқари, энг асосийси – сиз 18 ёшдан ўтган бўлишингиз керак. Агарда юқоридаги қўйилган талаблар сизда мавжуд бўлса, унда ҳеч қандай шубҳасиз, YouTube’да пул ишлашни бошлашингиз мумкин.

YouTube’да пул ишлаш учун қўйиладиган илк қадам Google Adsense'дан бошланади. Обуначиларингиз миқдори ҳамда кўрилган видеолар сони тегишли меъёрдан ўтганидан кейин Google Adsense'га бемалол уланишингиз мумкин.

Унда ҳам уланганингиздан кейиноқ тўлиқ пул ишлашни бошламайсиз. Биринчи қадам Adsense'га уланиш бўлса, кейинги қадам бу Google’дан хат кутиш. Хат келгандан сўнг сиз интернетдан пул топа бошлайсиз.

Шундай қилиб, интернетда пул ишлаш сиз ўйлаганчалик осон ҳам эмас, қийин ҳам эмас. Сайтимизни кузатишда давом этинг – ижтимоий тармоқларда пул ишлашнинг янгича усуллари ҳақида сизга яна ҳам қизиқарли ва фойдали маълумотлар бериб борамиз.

ЎҚИНГ: Соғлиқни сақлаш вазири ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ҳақида кўрсатма берди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!