Интернетда расм сотиб пул ишлашни ўрганамиз! (1-қисм)

Интернетда расм сотиб пул ишлашни ўрганамиз! (1-қисм)

Интернетда фотограф ёки YouTube'чи сифатида пул топиш учун креатив бўлиш ва яратган маҳсулотингизни монетизация қилиш керак бўлади. Аммо кўпчилик энг янги флагман олиб ўзини фотограф деб атаётган ёки бепул фото таҳрирлаш дастурларидан фойдаланиб чиройли монтаж қилаётган айни дамда бу иш осон кечмайди. Лекин айтиш мумкинки, тадбиркорга айланган контент яратувчиларнинг муваффақияти сири учта омилга боғлиқ бўлади:

• Ўзингизнинг соҳангизни топиш;
• Аудитория йиғиш;
• Бир неча пассив даромад манбаларини яратиш.

Ушбу мақолалар туркумида фотоларингизни онлайн сотишда билишингиз керак бўлган бир қатор жиҳатларни кўриб чиқамиз, фотографияга ихтисослашган бизнесингизни реалликка айлантиришда керак бўладиган манбалар ва бизнес ғоялар тақдим қиламиз.

Фотоларингизни сотиш учун энг яхши сайтлар

Аввало, фотоларни сотиш ёки лицензиялашингиз мумкин бўлган 18 та энг яхши сайт билан танишсак:

Alamy
500px
SmugMug Pro
Shutterstock
iStock Photo
Etsy
Getty Images
Stocksy
Can Stock Photo
Adobe Stock
Twenty20
Depositphotos
Dreamstime
EyeEm
123RF
Foap
Zenfolio
Pixieset

Лицензиялаш онлайн брендлар, сайтлар ёки сиз яратаган медиа маҳсулотдан шахсий мақсадда фойдаланишга қизиқувчиларга расмларни «сотиш»нинг энг оммабоп усулидир. Айнан мана шу жиҳат муҳим. Сиздан мулоҳаза юритиб, брендлар ёки сайтлар расмингиздан қандай фойдаланиши мумкинлиги борасида фикр юритиш талаб қилинади. Трендда бўлган ғоялар тасвирланган, одамлар акс этган, кўп ўринларда фойдаланса бўладиган расмларга талаб юқори бўлади. Расмларингизни лицензиялашингиз мумкин бўлган фото-омбор сайтлар сони ҳам талайгина. Қуйида улар орасидан энг оммабоплари билан танишамиз.

1. Alamy

Alamy дунёдаги энг кенг қамровли фото-омборга эга бўлиб, 215 миллиондан ортиқ сток (захира) тасвирлар, вектор графикалар, видеолар ва 360 даражали панорамик суратлар базаси билан мақтана олади. Сайтда кунлик буюмлардан тортиб тор доира учун керак бўладиган объектлар тасвиригача сотиш мумкин. Платформа дунё бўйлаб 60 мингдан ортиқ контрибютор (ҳисса қўшувчи) ба 110 мингдан ортиқ харидорга эга. Платформанинг Stockimo номли иловаси ҳам мавжуд бўлиб, ундан iPhone'да олинган суратларингизни сотишингиз ва бу билан селфиларингиздан даромад топишингиз мумкин.

Alamy контрибюторларга ойлик тўлов тўлайди ва тушунишга содда тўлов структурасига эга. Агар расмларингиз Alamy учун эксклюзив бўлса (яъни улар фақат Alamy'да мавжуд бўлса), тўғридан-тўғри харидларнинг 50% улушига эга бўласиз. Эксклюзив бўлмаган суратлар эса 40% улушга эгалик қилади. Alamy билан узоқ муддатли шартнома мавжуд эмас.

2. 500px

500px Licensing (собиқ 500px Prime) миллионлаб фотограф ўз маҳсулотини 500px сайти орқали сотувчи платформадир. Сайтнинг дистрибютор ҳамкорлари дунё бўйлаб бир миллион мижозга хизмат кўрсатади ва платформа креатив контент учун кўпчиликнинг биринчи рақамли танловидир. Сайтга тақдим қилинган барча контент royalty-free, яъни мижоз расмни фақат бир марта файл ҳажмига қараб харидни амалга оширади ва ундан чекланмаган марта фойдаланиши мумкин.

500px ҳаваскор ва профессионал фотографлар учун жамоага асосланган платформа ҳамдир. Сайтда бошқа фотографларга фоллов қилишингиз, ўзингизнинг фотоларингизни уларнинг бозорида сотишингиз ва мукофот учун Photo Quest мусбоқаларида иштирок этишингиз мумкин. Эксклюзив суратлар учун 60%, эксклюзив бўлмаган фотолар учун эса 30% комиссия оласиз.

Сайт аъзосига айланиш осон. Аккаунт яратинг, фотоларингизни тақдим қилинг, дўконингизни авторизация қилинг, ҳар бир расм учун керакли сўровларни (жумладан, модель ва мажбуриятлар бўйича релизларни) тўлдиринг ва сотишни бошланг!

3. SmugMug Pro

Соҳада янги фотограф бўласизми ёки профессионалми, SmugMug ўз фотоларингизни чиройли портфолио, сотув платформаси ва ривожланишингизга ёрдам берувчи воситалар ёрдамида онлайн сотиш имконини беради. SmugMug'да сайтнинг стандарт нархлари ва ўзингиз белгилаган нархлар ўртасидаги даромаднинг 85% ини ўзингизга олиб қолишингиз мумкин.

Масалан, 5x7 расмни сотдингиз дейлик. Агар SmugMug белгилаган бошланғич нарх 0.79 доллар бўлса, мана шу расм харидорга 10 долларга сотилади, шундан 8.50 доллари сизга фойдага қолади. Аммо ойлик обунага аъзо бўлишингиз керак, бу сизга Portfolio режасида йилига минимал 200 долларга тушади. Ушбу обуна доирасида расмларингизни онлайн сотиш учун кўплаб электрон тижорат воситаларини қўлга киритасиз.

4. Shutterstock

Shutterstock расмларни онлайн сотиш учун етакчи сток-фотография вебсайти ҳисобланади. Охирги 15 йил ичида платформа ўз контрибюторларига миллиард доллардан кўпроқ ҳақ тўлаган. Shutterstock'ка қўйилган расмларингиз миллионлаб мижозлар томонидан кўрилади.

Shutterstock микро-сток сайт бўлиб, расмлар арзонроқ ва эксклюзив эмас. Юклаб олишлар сонини оширишнинг асосий усули сайтга визуал метафора сифатида қўлланилиши мумкин бўлган катта миқдордаги расмларни жойлашдир. Ушбу платформа орқали ўта катта даромад топмайсиз, лекин фотографиядан даромад қилишни энди ўрганаётганлар учун Shutterstock сток фотоларни сотиш учун яхши жой.

Сизга тўланадиган ҳақ миқдори сурат нархининг 20–30% ини ташкил қилади. Бундан ташқари, шериклик дастури ҳам мавжуд бўлиб, янги фотограф ёки мижозларни бошқаларга йўналтириш орқали қўшимча даромад топсангиз бўлади.

5. iStock Photo

iStock Photo платформаси Getty Images'нинг бир бўлаги бўлиб, микро-сток сайт ҳисобланади. Иккала платформа ўртасидаги асосий фарқ шундаки, iStock'даги расмлар эксклюзив эмас. Бу эса уларни бошқа агентликлар ёрдамида сотсангиз бўлади деганидир. Лекин айни дамда сизга тўланадиган комиссия миқдори ҳам кам бўлади. Контрибюторларга тўландиган улуш 15–45% атрофида.

Она компания бўлган Getty'дан олинган маълумотларга кўра, эксклюзив расмлар тарификацияси айни дамда қуйидагича:

ЎҚИНГ: Уйда туриб ишлаш учун 7 сервис

6. Etsy

Онлайн фото сотишга киришмоқчи бўлсангиз, ўзингизнинг Etsy фотография дўконингизни яратиш яхши танлов бўлиши мумкин. Ҳаммаси осон: расмларни тез сотиш мумкин, тўлов тизими эса ҳам профессионалларга, ҳам бошланғич фотографларга бирдек манфаат келтиради. Этсй битим нархининг атиги 5% ини ўзига олади.

7. Getty Images

Getty Images фотографияга ихтисослашган сайтларнинг юқори тоифасига мансуб. Платформа юқори сифатли ва топиш мушкул бўлган эксклюзив суратлар қидираётган бренд ва сайтларни ўзига жалб қилади. Getty Images дунё бўйлаб 1.5 миллион мижозга хизмат кўрсатади.

Ушбу сайт контрибюторига айланишга қўйилган талаблар бошқа кўплаб сток фото платформалариникидан анча юқорироқ. Бироқ фотографларга тўланадиган тўлов миқдори 20% дан бошланиб, 45% гача етади.

8. Stocksy

Stocksy ҳам оммабоп, ўрта синф сток фото омборидир. Stocksy контрибюторига айланиш сизга анча даромад келтиради — фотографлар стандарт лицензиялардан 50%, кенгайтирилган лицензиялардан эса 75% гача ҳақ олишади. Аммо сайтдаги барча фотолар 100% эксклюзив бўлиб, уларни бошқа жойда сота олмайсиз.

9. Can Stock Photo

92 мингдан ортиқ фотографлар Can Stock Photo сайтида расм сотади. Тўлов тизими фоизда ёки ўрнатилган миқдорда амалга оширилади. Бундан ташқари, ҳар 50 та ҳавола сотувингиз учун Can Stock сизга 5 доллар ҳақ тўлайди. Can Stock Photo'га расм жойласангиз, улар сток фотолар агентлиги — Fotosearch'да ҳам сотилади.

10. Adobe Stock

Adobe Stock расмларни онлайн сотиш учун энг яхши манзиллардан бири ҳисобланади, чунки Adobe Stock'да сотувда бўлган расмлар айни дамда Fotolia сток дўконида ҳам кўриниб туради. Агар сиз бошқа креатив лойиҳларингиз учун Adobe тўпламидан фойдалансангиз, расм, видео, вектор графика ёки иллюстрастияларингизни тўғридан-тўғри равишда Adobe Lightroom CC ва Adobe Bridge CC орқали дўконга жойлашингиз мумкин.

Adobe Stock'да расм сотиш билан сиз миллионлаб мижозлар орттиришингиз ва дунёдаги энг йирик креатив жамоа аъзосига айланишингиз мумкин. Сотилган расмлардан 33% комиссия оласиз.

ЎҚИНГ: Талабага керак бўлган 9 бепул илова

11. Twenty20

Twenty20 аслида Instagram фотографларига ўз суратларини брендларга сотиш воситаси сифатида иш бошлаган. Ҳозирда эса Twenty20 кучли сток фотолар сайтига айланган бўлиб, унда ўз фотоларингизни онлайн сотишингиз ва потенциал мижозлар билан боғланишингиз мумкин. Сайтдан 3 хил усулда пул топиш мумкин:

• Лицензияланган ҳар бир расм учун 2 доллар олиш;
• Фотоконкурсларда иштирок этиб, пул мукофоти ютиш;
• Брендлар сизни маълум сана учун фотосессияга таклиф қилса, тушган пулдан 100% комиссия олиш.

Расмларни Twenty20 иловаси ёки сайтда сиз учун очилган махсус саҳифа орқали сотиш мумкин. Иккала усулда ҳам расмларни сотиб, ўзингиз севган касбдан даромад қилиш мумкин.

12. Depositphotos

Depositphotos визуал контент глобал бозори бўлиб, сайт базасида 150 миллиондан ортиқ файл ҳамда 200 дан ортиқ мамлакатдан мижозлар бор. Бутун дунё бўйлаб Depositphotos'нинг 100 мингдан кўпроқ контрибютори мавжуд. Сайт контентидан Warner Bros., TripAdvisor, Subaru каби йирик компаниялар ҳам фойдаланишади. Комиссия контрибюторнинг тажрибаси ва платформадаги статусига кўра, шунингдек, расм резолюцияси ва лицензия турига қараб 34% дан 42% гача фарқланади.

13. Dreamstime

Қарийб 20 йилдан буён Dreamstime креатив бозордаги — мустақилдан тортиб Fortune 500 рўйхатидаги компанияларгача — мижозларга юқори сифатли суратлар тақдим қилиб келади. Сток фотолар агентлиги:

• рўйхатдан ўтган 31 миллион аъзо;
• 600 000 нафар контрибютор;
• 144 миллион фото, иллюстрация, картинка ва вектор графикалар;
• сайтга ташриф буюрувчи ойлик 20 миллион уникал фойдаланувчиларга эга.

Dreamstime ўз контрибюторларига нисбатан анчайин сахий. Бироқ катта пул олиш учун сайт билан узоқ муддат ишлашингиз керак: портфолиоингизнинг 70% и олти ой давомида сайтда бўлиши керак. Бироқ эксклюзив бўлмаган фотолар 25–50%, эксклюзив суратлар эса 27.5–55% гача комиссия олиши мумкин. Шунингдек, ҳавола бериш орқали ҳам шериклик тўловини қабул қиласиз.

14. EyeEm

EyeEm, асосан, сток фотоларни реклама қилишга ихтисослашган бўлиб, тижорий фотография соҳасида фаолият юритувчилар учун айни керакли манзиллардан бири ҳисобланади. Сайт контрибютори бўлсангиз, катта брендлар сизни фотосессия учун ҳам чақиришлари мумкин (агар хорижда истиқомат қилсангиз, масалан, Airbnb ёки Spotify кабилар).

Сайт бутун дунё бўйлаб 25 миллиондан ортиқ фотограф ва видеомонтажчиларга эга. Сотилган ҳар бир сурат учун 50% комиссия оласиз.

15. 123RF

123RF сток фотолар оламидаги энг йирик иштирокчилардан бири. Платформадаги барча фотолар эксклюзив эмас, яъни уларни бошқа сайтларда ҳам сотишингиз мумкин. 123RF фотоларингизни 44 та мамлакатда, 17 тилда беш миллиондан ортиқ мижозларга маркетинг қилади. Контрибюторга айланиб, сотилган ҳар бир лицензиядан 30% ва 60% комиссия олишингиз мумкин.

16. Foap

Foap платформаси уч миллиондан ортиқ контрибюторга эга. Сайт орқали бир неча усулда пул топиш мумкин:

• сотилган ҳар бир расм учун 5 доллар олиш;
• «Миссия» деб номланувчи фотоконкурсларда қатнашиб, 100–2,500 доллар мукофот ютиш;
• фотоларни ҳакмор платформалар, масалан, Adobe ва Alamy орқали сотиш кабилар шулар жумласидан.

Агар сиз яратган суратлар KraftHeinz, Nivea ва Heineken каби брендлар рекаламаларида ишлатилишини хоҳласангиз, Foap сиз учун ажойиб танлов бўла олади.

17. Zenfolio

Zenfolio янги фотографлар ва мутахассислар учун фотосуратларни онлайн сотишни осонлаштиради. Ўзингизнинг ишингизни намойиш қилиш, янги мижозларни жалб қилиш ва фотосуратларингизни интернетда сотиш учун веб-саҳифангизни қуришингиз мумкин. Бундан ташқари, сайт суратга олиш учун босма ва рақамли маҳсулот вариантларини таклиф қилади, комиссия тўлови 7%. Бироқ Zenfolio'да 5 доллардан бошланувчи ойлик обунага аъзо бўлишингиз керак.

18. Pixieset

Pixieset фотосуратчиларга расмларни онлайн тарзда тарқатиш, етказиб бериш ва сотиш учун тўлиқ пакетни таклиф қилади. Платформа ўз дўконингизни тўлиқ назорат қила олиш имконини беради. Сиздан расмларингиз учун нарх белгилаш ва уларни маркетинг қилиш талаб қилинади. Текин пландан фойдалансангиз, 15% маблағ ушлаб қолинади, ойига 8 доллардан бошланувчи режага обуна бўлсангиз эса, барча пул ўзингизга қолади.

Мана, ваъда қилинган 18 та платформа билан ҳам танишдик. Умид қиламизки, юқоридаги маълумотлар сиз учун фойдали бўлди. Туркум мақолаларимизнинг кейинги сонида расмларни онлайн сотишдаги икки муҳим босқич ҳақида батафсил маълумот берамиз. Бизни кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Мегапиксел нима?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.