Интернетда расм сотиб пул ишлашни ўрганамиз! (4-қисм)

Интернетда расм сотиб пул ишлашни ўрганамиз! (4-қисм)

Интернетда расм сотиб, даромад қилиш мавзусидаги туркум мақолаларимизнинг навбатдаги сонига хуш келибсиз. Мақолаларнинг олдинги сони билан мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.

ЎҚИНГ: Профессионал тасвирлар яратамиз!

Мазкур мақола фотография борасидаги постларимизнинг энг сўнггиси бўлиб, қуйида фотоларни онлайн сотишнинг қонуний асоси, глоссари ва кўп бериладиган саволларга тўхталиб ўтамиз.

Фотоларни онлайн сотишнинг қонуний асоси

Интернетда расм сотишни тушуниб олиш ва ўрганганларингизни амалда қўллаш осон эмас. Фотоларни сотишга қаратилган ҳуқуқ ва лицензияларни тушуниш қийин бўлса-да, интернетда ўз ишингизни ҳимоя қилиш ва бошқалар ҳуқуқларини бузмаслик учун билишингиз керак бўлган бир неча шарт ва тушунчалар мавжуд.

Қуйида келтириладиган маълумот ва тавсиялар ҳақиқий юридик тавсия эмас, бироқ улар сизга муаллифлик ҳуқуқи ва фойдаланиш шартлари ҳақида тушунчага эга бўлишингизга ёрдам беради.

Фотоларни онлайн сотишда қўлланиладиган глоссари (сўзлар рўйхати)

Келинг, энди расмларингизни интернет орқали сотмоқчи бўлганингизда дуч келишингиз мумкин бўлган баъзи атамалар ва уларнинг маъноси билан танишиб чиқсак.

• Таҳририятда фойдаланиш (инг. Editorial use). Блог, газета, журналларда ва бошқа нашрларда фойдаланиш учун рухсат.

• Тижорат мақсадларида фойдаланиш (инг. Commercial use). Маҳсулот ёки хизматни реклама қилиш учун маркетинг ва реклама соҳасида фойдаланишга рухсат.

• Чакана савдода фойдаланиш (инг. Retail use). Сотиладиган моддий маҳсулотни яратишда фойдаланишга рухсат. Бунга фотосурат (ёстиқлар, кружкалар ва бошқалар) туширилган босма нашрлар, плакатлар ва маҳсулотлар киради.

• Эксклюзив (инг. Exclusive). Эксклюзив фойдаланиш шуни англатадики, фотосуратдан фақатгина сиздан лицензияни сотиб олган киши фойдаланиши мумкин.

• Эксклюзив бўлмаган (инг. Non-exclusive). Эксклюзив бўлмаган фото лицензияларни ҳар ким сотиб олиши ва ишлатиши мумкин. Бундай фотолар одатда эксклюзив расмлардан пастроқ нархга эга.

• Жамоат мулки (инг. Public domain). Ҳеч қандай чекловлар ёки муаллифлик ҳуқуқи бўйича даъволари мавжуд бўлмаган ва тижорий, таҳририй ва шахсий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган расмлар. АҚШ федерал ҳукумат идоралари томонидан яратилган асарлар (масалан, НАСА), агар акси кўрсатилмаган бўлса, одатда ушбу тоифага киради.

• Creative Commons (инг. Creative Commons). Бунда кўрсатилган чекловларга мувофиқ равишда сизнинг ишингиздан шартли равишда фойдаланишга рухсат берилади. Ижодкорга ҳавола бериш баъзан талаб қилинади. Ушбу лицензия учун значокни бепул яратиш учун Creative Commons'га ташриф буюринг.

• Муаллифлик гонорари тўланмайдиган (инг. Royalty free). Бошқалар лицензияни сотиб олишлари ва фотосуратдан чексиз муддат ва чексиз маротаба фойдаланишлари мумкин. Бу сотиладиган лицензиянинг энг кенг тарқалган ва арзон тури саналади, чунки бу фотосуратлар одатда эксклюзив эмас.

• Ҳуқуқлар бошқариладиган (инг. Rights managed). Фотосуратдан фойдаланиш учун бир марталаик лицензияни сотиб олиш. Бунда дистрибюция қилишга доир чекловлар мавжуд. Қўшимча фойдаланиш учун қўшимча лицензиялар сотиб олиниши керак.

• Реклама ҳуқуқи (инг. Right of publicity). Фотоларингизда акс этган субъектлар (одамлар) маълум ҳуқуқларга эга, айниқса, улар иштирок этган расмларни интернетда тижорий мақсадлар учун сотаётганингизда. Бу юқоридаги муаллифлик ҳуқуқи масалаларидан алоҳида мавзу бўлиб, бундай расмларни сотишда субъектлардан рухсат олишингизга тўғри келиши мумкин.

Муаллифлик ҳуқуқи ва лицензиялашга доир қонунлар учун амалдаги қонунчиликка мурожаат қилинг ёки сток-фото сайтлар фойдаланиш шартлари билан танишиб чиқинг.

Кимдир сизнинг расмингизни ўғирлаб олса нима қилиш керак?

Контент борасида кимнингдир ишини ўзиники қилиб олиш жуда кенг тарқалган. Лекин кўпчилик буни ўзи билмаган ҳолда амалга оширади.

Ўз фотоларини маълум даражада ҳимоялаш учун фоторгафлар, одатда, шаффоф белги (инг. watermark; рус. водяной знак) дан фойдаланади. Агар сиз ҳам фотоларингизни ким биландир улашмоқчи ёки онлайн сотмоқчи бўлсангиз, Photoshop ёки шаффоф белги генераторидан фойдаланинг.

Шаффоф белгини расм четига жойлаштирманг, чунки буни кесиб ташлаш мумкин. Яхшиси, шаффофлик даражасини камайтирган ҳолда, белгини бутун расм бўйлаб диагоналига жойлаштириб чиқинг.

Дуэйн Жонсоннинг шаффоф белгили расми. Фото: Dreamstime

Лекин шунда ҳам кимдир сизнинг ишингиздан фойдаланишда давом этса-чи? Уларга бу ишни тўхтатишни сўраб ёзма мурожаат йўлланг. Ёки қоидабузарга фотойингиздан фойдалангани учун инвойс жўнатнг. Ҳар иккаласини қилиш эса энг самарали усул ҳисобланади. Шунда, қоидабузар олдида ёки расм учун пул тўлаш ёки расмни бутунлай олиб ташлаш танлови қолади.

Кўп бериладиган саволлар

  • Фотоларни сотишнинг энг яхши усули қайси?

Интернетда расмларни сотишнинг энг яхши усули уларни учинчи томон сайтлари, масалан, iStockPhoto, Dreamstime, Shutterstock ёки 123RF кабиларда сток-фото сифатида сотишдир. Ушбу сайтларда расм сотиш тез, осон ва ҳамёнбоп.

  • Расмларимни қаерда сотсам бўлади?

1. Ўзингизнинг шахсий сайтингизда
2. Alamy
3. 500px
4. Shutterstock
5. iStockPhoto
6. Dreamstime
7. 123RF
8. Etsy
9. Adobe Stock
10. Depositphotos
11. EyeEm

  • Сток фотографиядан қандай пул топиш мумкин?

Сток фотолар сайти ёки сток агентлиги сиз юклаган расмларни юқори нархда ва эксклюзив равишда сотади. Агентлик алоҳида расмларни мижозга лицензиялаб беради ва белгиланган нархда уларни сотади. Сиз эса бундан муаллифлик гонорарини оласиз.

Мана, шундай қилиб фотографияга доир туркум мақолаларимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Умид қиламизки, келтирилган маълумотлар сиз учун фойдали бўлди. Фойдали контент учун бизни кузатиб боринг.

ЎҚИНГ: Мобил фотография танловида 2013 йилги смартфон совриндор бўлди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!