Интернетдаги анонимлик учун махсус браузерлар

  •   DiMaX
  •  3176
  •  10.03.2017 14:49

Интернетдаги анонимлик учун махсус браузерлар

Барча оммабоп браузерлар фойдаланувчиларнинг маълумотларини тўплайди. Қидирув сўровлари асосида, кирилган веб-саҳифалар, ўқилган мақолалар, кўрилган видеолавҳалар асосида фойдаланувчининг «рақамли досье»си яратилади, у фойдаланувчининг шахсий маълумотлари, қизиқишлари ва ҳатто сиёсий қарашларини ҳам ўз ичига олади.

Буларнинг барчаси, асосан, шахсга йўналтирилган – айни шу фойдаланувчига қизиқ бўладиган рекламани, янгиликларни ва бошқа нарсаларни унга кўрсатиш учун қилинади. Кўпчилик бунга хотиржам қарайди, ҳатто буни қулайлик деб ҳисоблашади. Аммо яна бир тоифа одамлар борки, ўзи ҳақидаги, унинг одатлари ва қизиқишлари ҳақидаги маълумотларни кимдир тўплаб юриши ва сақлаб қўйишини ёқтирмайди.

Айнан шу иккинчи тоифадаги кишилар учун махсус браузерлар яратилган – улар фойдаланувчининг интернет тўлқинлари аро аноним кезишини таъминлайди.

Tor Browser

Операцион тизимлар: Windows, Mac, Linux.

Интернетдаги махфийлик масалалари билан қизиқувчилар орасида Tor тармоғи хусусида эшитмаганлари бўлмаса керак. Бу – маршрутизаторлар тармоғи ва махсус дастурий таъминот бўлиб, интернетдаги сёрфинг вақтида фойдаланувчининг шахсини аниқлашга имкон қолдирмаслик мақсадида яратилган.

Tor тармоғидан фойдаланиш учун кўплаб дастурлар бор, аммо бу ишни Tor Browser ёрдамида амалга ошириш осонроқ ва хавфсизроқдир. Сиз бирор нимани ўрнатишингиз ёки созлашингиз умуман талаб этилмайди.

Браузерни ҳатто флешкадан ҳам ишга туширса бўлади, у тўлиқ созланган ва иш бошлашга ҳамиша тайёр туради.

Epic Browser

Операцион тизимлар: Windows, Mac.

Epic Browser қандайдир ўта юксак технологияларни таклиф қилмайди. Бу шунчаки Chromium йиғилмаларидан бири бўлиб, фойдаланувчининг кузатувдан яширинишини таъминловчи кенгайтмалар ва созламаларни ўз ичига олган. Сиз ўзингиз ҳам браузерингизни шу тариқа созлашингиз мумкиндир балки, бироқ шундоққина ҳаммаси ўрнатилган ва созланган тайёр браузерни олиб ишлатиш барибир қулайроқ.

SRWare Iron

Операцион тизимлар: Windows, Mac, Linux, Android.

Агарда Chrome ишлатаётган бўлсангиз, у ҳолда SRWare Iron интерфейси сизга жуда таниш кўринади. У ҳам Chromium лойиҳаси кодига асосланган, худди Google компаниясининг браузери сингари.

Chrome’га мўлжалланган барча кенгайтмалар SRWare Iron’да ҳам бемалол ишлайди, шу боис сиз ўрганиб қолган бирор кенгайтмадан воз кечишингиз шарт бўлмайди. Асосий фарқи – сизнинг «рақамли досье»нгизни тузиш учун Google фойдаланадиган уникал идентификатор бу браузерда йўқ. Агарда SRWare Iron ишлатсангиз, шахсингизни аниқлаш имкони бўлмайди.

Comodo IceDragon

Операцион тизимлар: Windows, Mac, Linux.

Comodo IceDragon аслида Firefox браузерининг махсус версиясидир. У ҳам, худди «она»си каби, тизимга кам оғирлик юклаши ва юқори тезлиги билан ажралиб туради, аммо булардан ташқари интернетдаги хавфлардан кучлироқ ҳимояланган.

Ундаги Siteinspector ҳаволаларни текшириш функцияси ҳали бирор саҳифага кирмасингизданоқ унинг хавфсизлигини текшириб чиқади. Браузерга ўрнатилган Secure DNS сервиси эса фишинг, вируслар ва тажовузкор рекламалари мавжуд бўлган сайтларни блоклаб қўяди. Comodo компанияси мутахассислари томонидан дастурга киритилган махсус воситалар махфийликнинг сақланишини назорат қилиб боради ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқишига йўл қўймайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!