Интернетдаги ишкал: ТАТУ талабалари блогердан узр сўрашди (+суратлар)

  •   DiMaX
  •  3134
  •  05.11.2018 19:41

Интернетдаги ишкал: ТАТУ талабалари блогердан узр сўрашди (+суратлар)

«70 фоиздан кўпроқ ОТМларини ёмонлаган» «Тролл.уз»ни жазолашга қарор қилган ТАТУ талабалари, ТАТУ маъмуриятини судга бермоқчи бўлган «Тролл.уз» раҳбари куннинг энг шов-шувли хабари бўлди. Бу бўйича деярли барча интернет сайтлари ёзди.

Ушбу «ишкал» «Тролл.уз»нинг ТАТУ ректорига ёзган «очиқ хат»и билан бошланмаган. Воқеа сал аввалроқ – «Тролл.уз» ТАТУдаги баъзи бир ҳолатларни сарказм қилиб чиққанидан бошланган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик блогер «Ёшлар» телеканалини судга бермоқчи

Шу мақсадда ТАТУ талабалари, уларнинг ҳисоб-китоблари бўйича, Ўзбекистондаги 70 фоиздан кўпроқ олий таълим муассасаларини ёмонлаб, уларнинг устидан кулиб чиққани учун «Тролл.уз» каналини ёпишга қарор қилишибди. Бугун, соат 13:00 дан 13:30 гача ушбу канални Спам рўйхатига қўшиш орқали.

«Ҳурматли гуруҳ (канал) аъзолари. Мана шунақа юртимизнинг келажагига болта ураётган канал админларига жазо сифатида каналини ёпворишни мақсад қилиб қўйдик. Илтимос сизлардан, бунга бефарқ бўлмай, имкон даражасида ёрдам беринглар», – деб ёзган қайсидир бир гуруҳда Зуҳриддин Зиёдуллаев. Сўнг «Тролл.уз» (ва умуман бошқа ҳар қандай канални ҳам) Спам рўйхатига қўшиб, блок қилиш йўлини ўз муридларига ўргатган.

«Тролл.уз» лойиҳаси раҳбари Умид Ғафуров каналининг блок бўлишидан эмас, унга туҳмат қилишганидан кўпроқ норози – Зуҳриддин таниқли блогерни «ўзи яқиндагина қамоқдан чиққан» ва «бирор бир олийгоҳни ҳам битирмаган» деб атаган. Ваҳоланки, Умид Ғафуров нафақат Ўзбекистондаги олийгоҳда, балки Италиядаги университетда ҳам таълим олган.

ЎҚИНГ: Интернетда қандай пул топса бўлади?

Бундан ташқари, «Тролл.уз» лойиҳаси раҳбари «очиқ хат»да ТАТУ ректоридан ушбу хабарни тарқатишда иштирок этган барчанинг исм-фамилияларини аниқлашда амалий ёрдам беришини сўраган. Агарда бу хабарлар муаллифи ва иштирокчилари аниқланмаса, университет маъмуриятига қарши судга мурожаат қилишга мажбур бўлишини ёзган.

Шунингдек, яқиндагина Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланган Алишер Саъдуллаев Facebook саҳифасида ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, Ёшлар Иттифоқи спамлар кампаниясини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаб, Умид Гафуровнинг келажакдаги фаолиятига омад тилаган.

Шундан сўнг бугун Умид Ғафуровни масалани «юмшатиш» учун ТАТУга чақиришган.

Масала ижобий ҳал этилган. ТАТУ талабалари блогердан узр сўрашган. Бу ҳақида блогер ўзининг каналида видеоёзув орқали хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, «Тролл.уз» канали ҳеч қандай ҳужумга учрамаган.

ЎҚИНГ: Telegram’да спамдан «озод» бўлиш сири

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!