iOS 10 эълон қилинди: Унда Apple дастурларини ўчириш ҳам мумкин

iOS 10 эълон қилинди: Унда Apple дастурларини ўчириш ҳам мумкин

Халқаро дастурчилар конференцияси (WWDC 2016)да Apple компанияси iOS операцион тизимининг янги версиясини намойиш қилди, деб Kun.Uz ёзмоқда.

Ундаги асосий ўзгаришларни билдиришномалар ва экранни блоклаш тизимида учратиш мумкин. iOS 10 операцион тизимида iPhone фойдаланувчилари смартфон дисплейини қулфдан чиқармай туриб, билдиришномаларни ўқий олишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, экран блокировкаси ва билдиришномалар марказида 3D Touch функциясидан фойдаланиб, контекст менюсини очиш мумкин.

Яна бир ўзгариш эса Siri — овозли ёрдамчиси билан боғлиқ. Бундан буён Siri’ни ривожлантириш ишларида Apple ходими бўлмаган дастурчилар ҳам қатнашиши мумкин.

iPhone’дан Apple дастурларини ўчириш имконияти ҳам iOS 10’дан бошлаб фойдаланишга топширилади. Apple дастурларининг барчаси AppStore’га чиқарилган ва зарур бўлса, уларни яна смартфонга ўрнатиб олиш мумкин.

Бу қизиқ ва зарур имкониятлардан бири дейиш мумкин. Чунки янги iPhone ҳарид қилинганда, унда бир нечта Apple дастурлари аввалдан ўрнатилган бўлади ва уларни iOS 10’гача смартфон хотирасидан ўчириш имконияти мавжуд эмасди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Android фойдаланувчилари учун бу имконият ҳали ҳам тақдим этилмаган.

«Фото» дастурида эса ақлли алгоритм пайдо бўлган. У бир нечта суратларни битта папкага жамлай олади.

Дастурчиларга нафақат Siri, шунингдек, «Хариталар» дастури билан ишлаш имконияти тақдим этилди. Бундан ташқари «Мусиқалар» дастури билан биргаликда iTunes тўлиқ янги дизайнда пайдо бўлади.

iOS 10’нинг дастурчилар учун мўлжалланган версияси бугуноқ топширилади. Бета синовдан ўтказиш эса июлда бошланади. Тўлиқ iOS 10 операцион тизими эса 2016 йилнинг кузида барча учун фойдаланишга топширилади.

Эслатиб ўтамиз, Apple шу конференцияда Mac компьютерлари учун операцион тизим номини macOS’га ўзгартирди ва унинг янги версияси — Sierra’ни намойиш қилди.