iOS 11’да жейлбрейк қилишни ўрганамиз

  •   DiMaX
  •  756
  •  25.01.2018 15:18

iOS 11’да жейлбрейк қилишни ўрганамиз

Хабарингиз бор – Apple компанияси ўз қурилмаларининг дастурий таъминотини ўта мустаҳкам қилади ва одатда гаджетларининг файллар тизимига ва операцион тизимига кириш имкони бўлмайди. Бироқ уддабурон дастурчилар бунинг ҳам йўлини топишган: iOS прошивкасини норасмий ўзгартириш мумкин ва бу жараён жейлбрейк деб аталади. Бу худди Android-девайслардаги рут (root) ҳуқуқига ўхшаш бўлиб, жейлбрейк қилинган қурилманинг файллар тизимига ва тизимнинг ички, махфий созламаларига кирса бўлади.

ЎҚИНГ: iOS ва Android смартфонларида рекламадан буткул халос бўлиш

Яқинда iOS 11 операцион тизими бошқаруви остидаги айфон, айпэд ва айподлар учун жейлбрейк қилиш имкониятини тақдим этишди – уни LiberiOS утилитаси ёрдамида амалга ошириш мумкин. Қуйида бу жараённи кўриб чиқамиз, аммо аввалига эслатиб ўтамиз:

Мазкур операция тизимни ўзгартириши сабабли, кейинчалик Apple сервис марказларида бу қурилмангизга кафолат хизмати кўрсатишдан бош тортишлари мумкин. Шунингдек, унда бирор иш хато бажарилса, iPhone ёки iPad ишдан чиқиб, бир парча металл ва пластикдан иборат «ғишт»га айланади-қолади. Шу боис, бу ерда кўрсатиладиган амаллар учун жавобгарлик бутунлай ўз зиммангизда бўлишини ёдда тутинг!

Жейлбрейк қайси iOS ва девайсларга тўғри келади?

Ўзи iPhone ёки iPad’ингизни жейлбрейк қилишга киришишдан олдин, унга LiberiOS утилитаси тушиш-тушмаслигини аниқлаштириб олинг. Жейлбрейкни ишлаб чиққан дастурчига кўра, уни исталган 64 битлик девайсда қилса бўлади.

LiberiOS қуйидаги гаджетларга тушади:

  • iPhone X, iPhone 8, iPhone 8 Plus, iPhone 7, iPhone 7 Plus, iPhone 6s, iPhone 6s Plus, iPhone 6, iPhone 6 Plus, iPhone SE, iPhone 5s;
  • 12.9'' iPad Pro, 12.9'' iPad Pro (2-авлоди), 10.5'' iPad Pro (1-авлоди), 9.7'' iPad Pro, iPad Air 2, iPad Air, iPad;
  • iPod Touch 6G.

Қурилмага албатта iOS 11’нинг қуйидаги версияларидан бири ўрнатилган бўлиши лозим:

  • iOS 11.0.1, iOS 11.0.2, iOS 11.0.3;
  • iOS 11.1, iOS 11.1.1, iOS 11.1.2.

Айтиш керакки, iOS 11.2 ҳамда iOS 11.2.1 талқинларига жейлбрейк тушмайди, чунки улардаги «тирқиш»ларни Apple аниқлаб, бартараф этган.

iOS 11’да жейлбрейк қилиш

Ёдда тутинг: жейлбрейк қилинган iOS-қурилма ишдан чиқиб қолиши ҳам мумкин, бунинг учун «Terabayt.Uz» таҳририяти масъулиятни ўз зиммасига олмайди.

Ишни бошлашдан аввал, iTunes’нинг сўнгги версиясини қўллаган ҳолда, албатта ўз iOS-девайсингизнинг захира нусхасини яратиб қўйинг.

1-қадам. Ишлаб чиқувчининг сайтидан LiberiOS иловасининг IPA-файлини компьютерга юклаб олинг.

2-қадам. Компьютерга Cydiaimpactor утилитасини ҳам юклаб олинг.

3-қадам. iOS-қурилмангизни Lightning кабели ёрдамида шу компьютерга уланг, Cydiaimpactor дастурини ишга туширинг ва IPA-файлни сичқонча билан «ушлаб», унинг ойнасига ташланг.

4-қадам. Ўзингизнинг Apple ID аккаунтингиз маълумотларини киритинг.

Маслаҳат: банк пластик картангиз бириктирилмаган Apple ID аккаунтингиздан фойдаланишни тавсия этамиз.

5-қадам. iOS-девайсингизда Настройки —> Основные —> Профили манзилигача кириб, жейлбрейк билан боғланган профил учун ишонч даражасини тасдиқланг.

6-қадам. Қурилмангиздаги Sptingboard (Иш столи)га қайтиб, LiberiOS утилитасини (чизиқчали оқ белгича) ишга туширинг. Очилган иловада «Do it»ни босинг ва жейлбрейк жараёнининг тугашини кутинг.

7-қадам. Жейлбрейк якунига етгач, қуйидаги ёзув кўринади:

Табриклаймиз – энди сиз iOS 11 тизимининг ёпиқ бўлимига ҳам кира оласиз.

ЎҚИНГ: iOS 11 ва Android О’нинг эътирофга лойиқ «шоҳ-функциялари» (3 тадан)

iOS 11 жейлбрейкининг салбий томонлари нималарда?

Жейлбрейк жараёнини амалга оширар экансиз, сиз LiberiOS билан боғлиқ баъзи жиҳатларни ҳам инобатга олишингиз керак бўлади.

Биринчидан, бу жейлбрейк Cydia твиклар дўконига кириш имконини бермайди. Cydia дастурчилари ҳали уни iOS 11 талқинига созлаб улгуришгани йўқ.

Иккинчидан, сизнинг қурилмангиз жейлбрейкка боғлиқ бўлиб қолади, яъни, уни ҳар гал ўчириб-ёққанингизда юқоридаги қўлланманинг 3–7-қадамларини қайтадан бажаришингиз керак бўлади.

Учинчидан, иловани ҳар етти кунда қайтадан имзолаб – аккаунтингизга қайтадан кириб туришингизга тўғри келади. Чунки унга тегишли сертификатнинг муддати ўтади. Соддароқ қилиб айтганда, ҳар ҳафтада юқоридаги йўриқноманинг 3–7-қадамларида кўрсатилган амалларни такрорлаб туришингиз керак бўлади.

Ёдда тутинг: жейлбрейк қилинган гаджетнинг ички (жейлбрейксиз кўринмайдиган) бўлимларида амалга ошириладиган амалларнинг ҳаммаси ҳам юз фоиз муваффақиятли чиқавермайди. Тизим папкаларидан бирорта керакли файлни адашиб ўчириб юборсангиз эса девайсингиз буткул ишдан чиқиб қолиши мумкин. Шу боис, таваккалчиликка асосланган бу ишга қўл ураётиб, қурилмангиздан айрилиб қолишингиз хавфи мавжудлиги ҳамиша эсингизда бўлсин.

ЎҚИНГ: iOS 11 ёқмадими? iOS 10’га қайтамиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.