iOS 12'да яна бир қизиқ функция пайдо бўлди

iOS 12'да яна бир қизиқ функция пайдо бўлди

Ҳозирча Apple бу тўғрида расман эълон қилмаган бўлса ҳам, зийрак фойдаланувчилар кеча тақдим қилинган iOS 12 операцион тизимида қизиқ бир функцияга дуч келишди. Унинг ёрдамида фойдаланувчи Face ID сканерлаш тизимига ўзи хоҳлаган яна бир қиёфани қўшиб қўйиши мумкин. Зарур пайтда смартфон эгаси унинг ёрдамида ҳам смартфон тизимига кириши мумкин бўлади.

Функция тўғрисидаги маълумотларга кўра, фойдаланувчи ўзининг ташқи кўринишига мансуб бир нечта талқинларни Face ID хавфсизликни таъминлаш тизимига кирита олади. Мисол учун, фойдаланувчи кўзойнакдан фойдаланса, энди кўзойнакли ҳолатини ҳам текширув тизимига киритиб қўя олади.

Ўқинг: Apple: "iOS 12'га янгиланадиган смартфон ва планшетлар"

Шунингдек, ушбу функция орқали фойдаланувчи бутунлай бошқа одамнинг қиёфасини ҳам ушбу тизимдан рўйхатдан ўтказиши мумкин. Натижада, иккинчи фойдаланувчи ҳам зарур вақтда смартфон тизимига кира олади. Яъни, смартфонда бир нечта фойдаланувчили режим пайдо бўлади. Смартфон қиёфага қараб, фойдаланувчининг ўзига тегишли бўлган маконни очиб беради. Бир фойдаланувчи иккинчи фойдаланувчининг смартфондаги профилига кира олмайди.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, смартфонга иккита қиёфани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уларнинг бирини ўчириб ташлаш мумкин эмас. Бунинг учун ҳар иккала қиёфани ўчириш керак бўлади.

Айни пайтда мустақил дастурчилар ҳам жорий йилда ишлаб чиқариладиган ва кўп фойдаланувчили режимга эга, яъни Face ID камераси татбиқ қилинадиган iPad планшети учун ҳам махсус иловалар ишлаб чиқаришга киришдилар. Apple ҳозирча iPhone қурилмасида синовдан ўтказилаётган бу режимни планшетда ҳам жорий қилади.

Ўқинг: Энг тезкор ва технологик операцион тизим тақдим қилинди

Эслатиб ўтамиз, iOS 12 операцион тизими 2018 йилнинг 4 июнида тақдим қилинди. Мазкур операцион тизим гаджетларнинг ишлаш тезкорлигини сезиларли равишда оширади. FaceTime орқали бу тизимда гуруҳли қўнғироқларни амалга ошириш мумкин. Шу билан бирга, мазкур инновацион тизим фойдаланувчига смартфон тобелигидан халос бўлишга ёрдам беради.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.