iOS 16 расман тақдим қилинди!

iOS 16 расман тақдим қилинди!

Кеча, Apple'нинг узоқ кутилган Worldwide Developers Conference (WWDC) тадбирининг 2022-йилдаги сони бўлиб ўтди ва унда ҳар доимгидек iPhone смартфонлари учун iOS операцион тизимининг янги версияси - iOS 16 ва унинг хусусиятлари биринчи бўлиб кўрсатилди.

iOS нинг янги версиясида энг катта ўзгаришни экран қулфи қабул қилган бўлиб, эндиликда сиз уни ўзингиз учун мослаштира оласиз. Бунда янги мултиқатламли эффект билан суратларингизни соатнинг олдига 3D кўринишида жойлаштиришингиз, соат ёки сананинг кўринишини турли хил стиллар ва ранглар билан ўзгартиришингиз мумкин. Шунингдек, энди бир қарашда календар тадбирлари, об-ҳаво, батарея даражаси каби кўпроқ маълумотлар олиш учун экран қулфига ҳар хил виджетлар ўрнатиш имконини яратилган. Қўшимчасига сиз бир эмас, бир нечта персоналлаштирилган экран қулфларини яратишингиз ва исталган вақт экранни свайп қилиш билан уларни алиштириб фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Шу билан бирга янги версияга фойдаланувчиларга реал вақтда содир бўлаётган нарсалар, масалан, спорт ўйини, машғулот, саёҳат ёки озиқ-овқат етказиб бериш буюртмаси ҳақида тўғридан-тўғри экран қулфидан хабардор бўлиб туришга ёрдам берадиган янги — Liva Activities хусусияти ҳам қўшилган.

Ўн олтинчи версиядаги iOS билан билдиришномалар энди экран қулфининг пастида пайдо бўлади.

Яна бир сезиларли ўзгаришлардан бири шундаки, iOS 16 билан фойдаланувчилар энди Messages иловасида хабарларни таҳрирлашлари, жўнатилган хабарни бекор қилишлари, яқинда ўчирилган хабарларни тиклашлари ёки хабарларни "ўқилмаган" қилиб белгилашлари мумкин.

Шунингдек, Mail иловасига янги қўшилган функсиялар кўпчилик тасодифан қиладиган хатоларни тўғрилашга имкон беради, масалан, энди сиз юбораётган почта хабарингизни жўнатувчи қутисига тушмасдан бекор қила оласиз. Яна бир шундай фойдали хусусият: эндиликда Mail почта хабарнинг унга бириктириб юбориладиган файл унутиб қолдирилаётганини аниқлай олади.

Apple'нинг Live Text хусусияти янги iOS версияси билан видеоларга ҳам қўшилмоқда ва бу дегани сиз энди видеонинг исталган сониясини тўхтатиб, ундаги матнли хабар билан ишлашингиз, яъни уни таржима қилишингиз ёки валюталарни конвертация қилишингиз мумкин бўлади.

Visual Look Up ҳам iOS 16 билан янги хусусиятга эга бўлмоқда: эндиликда фойдаланувчилар суратлардаги қушлар, ҳайвонлар ва ҳайкаллар каби нарсалар устига босиб туриш билан уларни расмдан кўтаришлари ва Мессагес каби иловалар ичига жойлаштиришлари мумкин.

Apple Pay харид нархини тўртта тенг тўловларга, фоизларсиз бўлиб берадиган Pay Later хусусиятини ва буюртмаларни кузатиб бориш имконини берадиган функцияга эга бўлган.

Wallet ҳам бир неча янгиликларни қабул қилган бўлиб, хавфсизлик ва махфийлик учун ундаги сақланган ID'нинг фақат керакли жойини сўралган иловага кўрсатиш имконияти яратилган.

Шунингдек, Apple Maps 15 тагача тўхташ мумкин бўлган маршрут хусусиятига, iCloud олтитагача оила аъзолари билан суратларни бир кутубхонадан бошқасига алишиш хусусиятига, Safari веб-сайтлар, хатчўплар коллексиясини улашиш учун Tab Groups ва платформаларга хавфсиз кириш имконини берадиган "passkeys" хусусиятига, Dictation эса эможи номини айтиш билан матнга уни қўшиш хусусиятига эга бўлган.

iOS 16 ёз фасли давомида тест синовларидан ўтганидан кейин, шу йилнинг куз фаслида, iPhone 14 билан дебют қилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Apple М2 чипсети тақдим этилди

 
 
 
 
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!