iPad 9.7 (2018) – Pencil стилусини қўллаб-қувватловчи энг арзон Apple планшети тақдим этилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  639
  •  28.03.2018 10:09

iPad 9.7 (2018) – Pencil стилусини қўллаб-қувватловчи энг арзон Apple планшети тақдим этилди (+видео)

iPad 9.7 (2018) Pencil стилусини қўллаб-қувватловчи энг арзон Apple планшети тақдим этилди

2018 йилнинг 27 март санаси тақдимотларга бой бўлди: Хитойда Xiaomi, Парижда Huawei, Чикагода эса Apple ўз анжуманларини ўтказдилар. Қанчалик ғалати бўлмасин, булар орасида айнан купертинолик гигантнинг тақдимот тадбири энг ҳафсалани пир қилувчи маросим бўлди.

ЎҚИНГ: Apple янги iPhone'нинг тақдимот кунини эълон қилди

Чикагодаги намойиш тадбирида на iPhone SE 2, на янги MacBook Air 13 тақдим этилмаганидан ташқари, AirPower симсиз қувватлаш технологияси ва AirPods қулоқчинлари учун янги кейс ҳақида бир оғиз ҳам гап бўлгани йўқ. Кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, бу – кейинги йилларда Apple томонидан ўтказилган энг ёмон намойиш бўлди.

Apple бу маросимда ўзининг ҳамёнбоп планшет – iPad 9.7 (2018) моделини тақдим этди. Хурсанд қиларли томони – янги қурилма илгари iPad Pro туркумидаги планшетлар билангина мос келувчи Pencil стилусини ҳам қўллаб-қувватлайди. «Олмали» корпорациянинг таъкидлашича, бу – «энг креатив жиҳозни қўллаб-қувватловчи энг арзон планшет» бўлиб, талабалар ва ўқитувчиларга ўзларининг яширин истеъдодларини кашф этишда кўмакчи бўлади.

iPad 9.7 (2018) планшети iPhone 7 ҳамда iPhone 7 Plus смартфонларида қўлланган 4 ядроли Apple A10 Fusion процессори базасида ишлайди. Унинг LTE-модеми 300 Мбит/сониягача тезликда маълумот алмаша билади, тезкор хотира ҳажми эса 2 гигабайтни ташкил этади. Янги девайс 2017 йили iOS 11 тизим талқини билан бирга iPhone, iPad ва iPod Touch эгаларига тақдим этилган тўлдирилган борлиқ технологияси билан ишлай олади.

ЎҚИНГ: Барча смартфонларга тўлдирилган борлиқ бахш этувчи илова чиқди

Планшет олд томонида HD-видео ёзиб олишни қўллаб-қувватлайдиган FaceTime камераси билан жиҳозланган. Орқа панелдаги асосий камера эса 8 мегапикселли сенсорга эга. Диагонали 9,7 дюймга тенг бўлган IPS-экранининг томонлари ўзаро 3:4 нисбатда, дисплей аниқлиги эса 1536х2048 пикселга тенг.

Apple iPad 9.7 (2018) корпуси аввалгиларидек – металлдан ишланган бўлиб, тилларанг ва кул ранг тусларда тақдим этилган. Қурилма биринчи авлод Touch ID бармоқ изи сканерига эга.

Мана, ушбу планшетнинг видеоролигини томоша қиламиз:

iPad 9.7 (2018) экранни иккига бўлувчи Split View функциясига ҳам эга. Масалан, планшет экранини иккига бўлиб, бир вақтнинг ўзида биттасида матн териш, иккинчисида китоб ўқиш мумкин. Apple мазкур планшетини таълимга мослаб чиқараётган экан, бу функция жуда фойдали.

Планшет тақдимот кунининг ўзидаёқ 329 АҚШ доллари нархида бозорга чиқарилган. АҚШ мактаб ва университетлари уни чегирма билан – 299 долларга ҳам олиш имкониятига эгалар. Ушбу арзон айпад Ўзбекистон бозорларига етиб келса, бу ҳақда хабар қиламиз – бизни кузатиб боринг.

ЎҚИНГ: iPad планшетларининг Тошкентдаги нархлари (2018 йил 20 март)

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.