iPhone 11 – бу йилги энг арзон айфонни қарши оламиз! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1663
  •  11.09.2019 15:44

iPhone 11 – бу йилги энг арзон айфонни қарши оламиз! (+видео)

10 сентябрь куни Apple ўтказган анжуманида кўпчилик томонидан энг кутилган маҳсулотлар, табиийки, корпорациясининг смартфонлари бўлди. Уларнинг энг арзони эса iPhone 11 деб номланди.

ЎҚИНГ: Apple янги iPad ва янгиланган iPadOS’ни тақдим этди

Ўтган йилги энг арзон айфон – iPhone XR (сотиб олиш) моделининг давомчиси бўлган ушбу смартфоннинг ундан асосий фарқи – қўшалоқ камераси экан. Унинг ёрдамида гаджет кенг ва ўта кенг бурчак остида суратлар ола билади. Ўта кенг бурчакли линза билан ҳамкорликдаги янги интерфейс ҳатто кадрдан ташқарини ҳам «кўра» олади.

iPhone 11 бош камерасининг ҳар иккала модули ҳам 12 мегапикселлик, улардан кенг бурчакли объективга эга бўлгани Focus Pixels технологиясига эга – яхши ёритилмаган шароитларда ҳам тезда фокусни тўғрилай олади. Кенг бурчакли камера апертураси F/1.8 бўлса, ўта кенг бурчаклисида бу кўрсаткич F/2.4 бирликка тенг. Ушбу айфон 4K форматида, сониясига 60 кадр частотаси билан видео тасвирга олишга қодир.

Шунингдек, бу йилги энг арзон айфон камерасида «тунги режим» ҳам мавжуд: у ёруғлик етарли бўлмаган ҳолларда автоматик тарзда фаоллашади. Бу режимга ўтилганида кенг бурчакли камера матрицаси махсус дастурий таъминот ҳамда A13 Bionic процессори билан ҳамкорликда ишлайди.

iPhone 11 камерасининг ишлаши янада такомиллаштирилган: расмга олиш тугмачаси босилганида, камера кетма-кет бир нечта суратлар олади, оптик барқарорлаштириш функцияси эса титрашларни бартараф этади. Кейин дастурий алгоритмлар олинган расмларни ўзаро бирлаштиради – ўта чапланиб кетган жойлар олиб ташланади ва қолганлари битта сурат қилиб жамланади. Шундан кейин тасвирнинг контрасти тўғриланиб, табиий кўриниши учун ранглар созланади.

Камеранинг портрет режимига эса ёритишнинг қўшимча вариантлари қўшилган, қўшалоқ камера шарофати билан у нафақат инсонлар, балки энди уй ҳайвонлари билан ҳам ишлай олади. Янгиланган Smart HDR технологияси машинавий таълим ёрдамида яхшиланган – у энди кишиларни таниш қобилиятига эга.

Селфи-камера 12 мегапикселлик аниқликдаги TrueDepth объективга эга. Унда юзни таниб смартфонни қулфдан чиқариш жараёни тезлаштирилган. Шунингдек, секинлаштирилган режимда селфи олишни ўрганган, Apple буни «слоуфи» деб номламоқда.

iPhone 11 туркумидаги учала смартфон ҳам IP68 стандартига кўра чанг ва намдан ҳимояланган. Улар 2 метргача сув остида ҳам 30 дақиқагача «жон сақлай» олади.

Булардан ташқари, бу йилги айфонларнинг барчасига купертинолик корпорациянинг мобил қурилмалари орасидаги энг тезкор – Apple A13 Bionic процессори ўрнатилган.

Нисбатан ҳамёнбоп бўлган iPhone 11 экранининг ўлчами iPhone XR’ники билан бир хил – 6,1 дюйм. Бу – IPS технологиясидаги, True Tone’ни қўллаб-қувватловчи Liquid Retina HD дисплейдир.

iPhone 11 аккумулятори тезкор зарядлаш функциясини қўллаб-қувватлайди ва, Apple таъкидлашича, 18 ваттлик қувватлаш адаптерини (алоҳида сотилади) қўллаганда у 30 дақиқада 50 фоизгача заряд олади.

Қуйида янги айфонга бағишлаб тайёрланган расмий видеороликни томоша қиламиз:

Энг муҳими – нархи масаласига келсак, iPhone 11 модели ички хотира ҳажмига кўра қуйидагича баҳоланган: 64 гигабайтлиги – 699 доллар, 128 ГБлиги – 749 доллар, 256 гигабайтлиги эса – 849 доллар. Apple ушбу смартфонини 6 хил рангдаги – оқ, қора, яшил, сариқ, бинафшаранг ҳамда қизил корпусларда ишлаб чиқармоқда.

iPhone 11 учун олдиндан буюртма бериш 18 сентябрдан бошланади, очиқ савдога эса уни 20 сентябрдан чиқаришади. Terashop.uz интернет-дўконимизда эса олдинги русумлардаги iPhone’ларни 5 650 000 сўмдан бошланган нархларда сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Одамлар янги iPhone олишни исташмаяпти