iPhone 12 ҳамда 12 Pro тестда нафақат Android-смартфонларга, балки ҳатто бултурги айфонларга ҳам мағлуб бўлди!

  •   DiMaX
  •  2115
  •  21.10.2020 17:47

iPhone 12 ҳамда 12 Pro тестда нафақат Android-смартфонларга, балки ҳатто бултурги айфонларга ҳам мағлуб бўлди!

Аксарият смартфонсозлардан кейин, ниҳоят, Apple корпорацияси ҳам айфонларини бешинчи авлод уяли алоқа стандартига мослаб тақдим этди. Лекин бу ҳол уларнинг автономлигига – батареясининг қуввати узоқ муддатга етишига жиддий салбий таъсир кўрсатибди.

ЎҚИНГ: Турли давлатларда iPhone 12 Pro сотиб олиш учун қанча вақт ишлаш керак?

Нуфузли нашрлардан саналувчи Tom's Guide сайти iPhone 12 ҳамда iPhone 12 Pro моделларининг бешинчи авлод уяли алоқа тармоғида ишлаганида аккумулятори қанча вақтга етишига аниқлик киритди. Мутахассислар бунинг учун уларни Android тизимли оммабоп 5G-смартфонлар ҳамда бултурги айфонлар билан солиштириб кўришди.

Таққослаш тестида иккита янги айфондан ташқари қуйидаги моделлар қатнашган: iPhone 11, iPhone 11 Pro, Samsung Galaxy S20 5G, Galaxy S20 Plus 5G, OnePlus 8T 5G ҳамда Google Pixel 5. Биламизки, булар орасида ўн биринчи авлод айфонлар 5G тармоғида ишлай олмайди; шу боисдан, улар билан таққослаш учун iPhone 12 ва iPhone 12 Pro моделларини фақат 4G тармоғида ҳам алоҳида синаб кўришган.

Синов шартларига кўра, тўлиқ қувватланган смартфонларда узлуксиз тарзда веб-саҳифаларни очишган, токи заряди тугаб ўчиб қолгунича ҳар 30 сонияда янги саҳифага ўтиб кўришган.

ЎҚИНГ: 1000 долларлик Galaxy S20+’ни мағлуб этган, ўзи атиги 200 долларлик смартфонни биласизми? («Жонли» тест видеоси)

Буни қарангки, iPhone 12 моделининг 5G тармоғида ишлаш вақти 8 соату 25 дақиқага тенг бўлиб чиққан; бу эса iPhone 11 моделининг 4G тармоғидаги автономлигидан деярли уч соатга кам. Лекин янги айфонни ҳатто 4G режимида синаб кўришганида ҳам унинг автономлиги iPhone 11’никидан салкам бир соатга кам бўлиб чиққан!

iPhone 12 Pro флагманининг қуввати эса 5G тармоғида 9 соату 6 дақиқага етган; бу кўрсаткич 4G тармоғидаги iPhone 11 Pro натижасидан 1 соату 18 дақиқага қисқа. iPhone 12 Pro моделини 4G режимига ўтказишганида, унинг автономлиги 1 соатга ошиб, 11 соату 24 дақиқага етган.

Android-смартфонлар орасида (ва умуман бу синовда) ғолиб OnePlus 8T 5G флагмани бўлган: унинг экранида кадр янгиланиш частотасини 60 герцлик (худди iPhone 12 ва iPhone 12 Pro’даги каби) режимга туширганда, нақ 10 соату 31 дақиқа ишлаган!

ЎҚИНГ: iPhone 12 харидорларини Apple қандай алдаяпти? (+видео)