iPhone 12’ларнинг нурланиш даражаси эълон қилинди – кутилмаган биттаси энг хавфлиси экан!

  •   DiMaX
  •  1124
  •  30.10.2020 17:00

iPhone 12’ларнинг нурланиш даражаси эълон қилинди – кутилмаган биттаси энг хавфлиси экан!

Ўн иккинчи авлод айфонлар – Apple корпорациясининг илк 5G-смартфонларидир. Бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи модем эса, интернет тезлигидан ташқари, қурилмадан чиқувчи нурланишнинг ҳам ошувига олиб келган.

ЎҚИНГ: 5G тармоғи соғлик учун шунчалик хавфлими?

Ишлаб чиқарувчининг расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботга кўра, iPhone 12 туркумидаги смартфонларда электромагнит нурланиш даражаси олдинги айфонларга нисбатан юқори экан. Ушбу омил смартфонларнинг солиштирма ютилиш коэффициенти (Specific Absorption Rate, SAR) кўрсаткичларида акс эттирилади. Мазкур тушунчалар ҳақида эса мана бу мақоламизда кенгроқ маълумот берилган.

Ўн иккинчи авлод айфонлар орасида эса энг ихчам – iPhone 12 mini модели бу борада энг кучли радиация таратар экан. Бу кўрсаткич бўйича у нафақат компаниянинг бултурги смартфонларидан, балки бошқа янги айфонлардан ҳам «юқорида»!

Кўриб турганингиздек, энг ихчам айфоннинг SAR кўрсаткичи энг кўп – 0,910 Вт/кг.га тенг. Бу бирлик базавий iPhone 12 смартфонида 0,483 Вт/кг, iPhone 12 Pro моделида – 0,483 Вт/кг, энг йирик iPhone 12 Pro Max флагманида эса – 0,436 Вт/кг.ни ташкил этган. Аввалроқ чиққан iPhone SE 2020 моделида бўлса SAR бирлиги 0,600 Вт/кг.га тенг.

ЎҚИНГ: Смартфон радиацияси сичқонда саратонни келтириб чиқарди, одамда-чи?

Қиёслаш учун Apple iPhone 11 туркумидаги смартфонларнинг радиация даражасига ҳам назар соламиз. Буни қарангки, энг кичкинтой ўн иккинчи айфон бултурги энг йирик флагман – iPhone 11 Pro Max моделидан нақ уч ярим бараварга кўп нурланиш таратар экан!

Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, бу айфонларнинг SAR кўрсаткичлари чегарадан ошиб кетмаган ва бу борада барча мамлакатларнинг стандартларига жавоб беради. Европа мамлакатлари ҳамда Хитой талабларига кўра, телефонларнинг SAR кўрсаткичи 2 Вт/кг.дан ошмаслиги лозим. АҚШнинг Алоқа федерал комиссияси (FCC) бўлса, SAR кўрсаткичи 1,6 Вт/кг.дан ошмайдиган қурилмаларгагина сертификат беради.

ЎҚИНГ: Эксперт аниқлик киритди: «микроволновка» ва смартфон – саратонга сабабми?