iPhone 14 Pro консепт дизайни ва у ҳақидаги барча маълумотлар

iPhone 14 Pro консепт дизайни ва у ҳақидаги барча маълумотлар

Ўтган йили iPhone 13 Pro ўзидан аввалгиси билан бир хил дизайнда чиқарилди, лекин Apple бу йил янги авлод iPhone смартфонининг ҳеч бўлмаганда олд дизайнини ўзгача қилиши барчага аллақачон маълум бўлиб бўлди. Яқинда бўлажак iPhone смартфони олд камера ва Face ID сенсорлари жойлашувини аниқ кўрсатиб берадиган турли хил CAD рендерлари ва унинг маълумотлари тарқатилди. Барча хабарларга асосланиб, Technizo Concept тахаллуси билан танилган график дизайнер Парвез Хон, LetsGoDigital нашри билан iPhone 14 Pro консепт дизайни рендерларини тақдим қилди.

Аввал ҳам маълум қилинганидек, Apple бу сафар iPhone смартфонлари кенг қора тирқишларини иккита кичик тирқишлар билан алиштиради. Таблетка дори шаклдагисида юзни аниқлаш технологияси (Face ID) сенсорлари бўлса, юмалоқ шаклдагисида селфи камераси жойлашган бўлади. Купертиноликлар iPhone Х смартфонидан бери, ваниёҳат беш йилдан кейин бу ўзгаришни киритишмоқда, лекин шунда ҳам iPhone 14 сериясидаги барча моделлар бу янгича кўринишга эга бўлмайди. Аввалги кенг қора тирқиш дизайни iPhone 14 ва 14 Мах моделларида сақланиб қолади, 14 Pro ва 14 Pro Мах эса янгича дизайнни қабул қилади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Apple 2023 йили тақдим қиладиган iPhone 15 Pro смартфонларини Face ID сенсорларини Samsung панел-ости технологияси ёрдамида экран остига яшириши мумкин. Бунда iPhone ягона юмалоқ камера тирқишига эга бўлади.

Купертинолик компания ўзининг iPhone 13 сериясидаги барча смартфонлари учун бир хил, А15 Bionic SoC чипидан фойдаланган, аммо, бу сафар компания бошқа стратегиядан фойдаланиши мумкин. Манбаларнинг хабар беришича, фақатгина iPhone 14 Pro ва 14 Pro Мах моделларигина ҳали тақдим қилинмаган А16 чипи билан таъминланиши мумкин. Pro бўлмаган моделларга эса аввалги А15 чипидан қўйилади.

Экран ўлчамлари ҳақида айтадиган бўлсак, 14 Pro яна 6.1 дюймли 120Hz янгиланиш тезлигидаги OLED дисплейга эга бўлади. Шу билан бирга Pro Max модели ҳам аввалгидек 6.7 дюймда бўлади. Компания бу сафар iPhone Mini тақдим қилмаслиги, фақат iPhone 14, iPhone 14 Max, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max моделларини чиқариши мумкин.

Смартфонлар яна 6 GB опреатив хотира билан чиқарилади. Шунда ҳам Apple Pro моделлар учун LPDDR5, Pro бўлмаган моделлар учун эса LPDDR4 хотираларидан фойланиши айтилмоқда.

Гарчи учлик орқа камера дизайни iPhone 14 сериясида ҳам сақлаб қолинсада, уларнинг кўриниши янада каттароқ, қалинроқ бўлади ва шунга яраша улар аввалги айфонникидан кўра 4 карра яхшироқ, 48MP асосий камера сенсорига эга бўлади деган миш-мишлар йўқ эмас.

Капот остида эса Apple июн ойи бошида тақдим қилиши кутилаётган iOS 16 операцион тизими бўлади. Смартфон батареяси олдингисиники билан бир хил, 3,095 mAh бўлиши айтилмоқда, лекин қувватланишда ўзгариш бўлади: бугунги кунда сўнгги русумдаги iPhone 20W тезликда қувватланса, бўлажак iPhone 30W тезликда қувват олади.

 

Apple одатда янги iPhone смартфонларини сентябр ойи ўрталарида тақдим қилади ва бу анъана катта эҳтимол билан 2022 йилда ҳам давом этади деган умиддамиз.

ЎҚИНГ: WWDC 2022 тадбири қачон ўтказилиши маълум бўлди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!