iPhone 14 қачон тақдим қилиниши айтилди

iPhone 14 қачон тақдим қилиниши айтилди

Apple компанияси келаётган куз фаслида ўзининг йилдаги энг катта тадбирларидан бири, янги авлод iPhone'ларини тақдим қилишга тайёрланмоқда. Бўлажак iPhone 14 қаторидаги смартфонлар ҳақидаги маълумотлар аллақачон интернетга сиздирилган эди, энди эса уларнинг аниқ тақдимот санаси маълум бўлди.

Бир неча ой аввал Apple йилнинг 37 ҳафтасига катта нимадир режалаштириб қўйгани ва компания одатда тадбирларни сешанба куни ўтказишини ҳисобга олсак, бу йилги iPhone смартфонлари 13 сентабрда чиқарилиши айтилган эди. Эндиликда iHacktu Twitter саҳифаси ҳам купертиноликлар айнан шу куни iPhone 14 чиқаришини тасдиқлади ва унинг қўшимча қилишича, янги қурилмалар учун олдиндан буюртма бериш 16 сентабрдан, уларнинг етказиб берилиши эса, 23 сентабрдан бошланади.

Шунингдек, The Galox тахаллуси остида блогерлик қиладиган инсайдер ҳам Apple янги авлод iPhone'ларини 13 сентабрда чиқариши мумкинлигини айтган, бироқ унинг гапларига қараганда янги смартфонлар сотуви ўша кундан бошланади.

Apple'нинг ўзи ҳам бир неча ҳафтадан кейин тақдимот санасини расман маълум қилиши ва тадбир давомида тўрт хил моделдаги: iPhone 14, iPhone 14 Pro, iPhone 14 Мах, iPhone 14 Pro Мах смартфонларини ўтган йилгидан 100 доллар оширилган нархда тақдим қилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi 12 Lite тақдим этилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!