iPhone 15 Pro илк рендерлари тарқатилди!

iPhone 15 Pro илк рендерлари тарқатилди!

Apple ўзининг iPhone 14 сериясидаги смартфонларини тақдим қилганига ҳам ярим йил бўляпти ва навбатдаги iPhone чиқарилишига ҳам шунча йил бор. Биз аллақачон iPhone 15 смартфонларида бўладиган баъзи дизайн ўзгаришлари ҳақида эшитдик, лекин минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши.

9То5Маc нашри iPhone 15 сериясидаги Pro моделнинг CAD рендерларини улашди. Маълум бўлишича, улар ишончли кейс ишлаб чиқарувчиси ва 3D дизайнер, Иан Зелбо томонидан тайёрланган бўлиб, уларда биз бўлажак Apple флагмани дизайнидаги ўзгаришларни кўришимиз мумкин.

Маълумот учун: CAD рендерлари смартфон расман тақдим қилинганида у учун ҳимоя кейслари (ғилофлар) тайёр бўлиши учун Apple томонидан Осиёдаги заводларга олдиндан берилади. Одатда CAD рендерлари қурилманинг якуний ўлчамлари ва дизайни билан бир хил бўлади, чунки агар улар нотўғри бўлса, кейс ишлаб чиқарувчи компания катта зарар кўради.

Дизайн борасидаги энг катта ўзгаришлардан бири бу смартфон четларининг бироз эгилгани бўлиб, бунда телефонни қўлда ушлаб туриш янада қулайроқ бўлади.

Катта эҳтимол билан iPhone 15 Pro янада яхшиланган камера тизими ёхуд каттароқ сенсорларга эга бўлади, балки шу сабаб ҳам орқа камера қалинлиги сезиларли даражада қалинлашган. Камера борасида бошқа ўзгаришлар йўқ – учлик камера, LiDAR сенсори ва LED чироқ ҳар доимгидек тўртбурчак орол ичида жойлашган.

Шунингдек, рендерларда смартфоннинг тугмалари йўқлигини кўрасиз. Аслида улар ўз жойида, шунчаки улар энди босиладиган жисмоний эмас, балки босимни сезадиган "ҳаптик" тугмаларга алиштирилган.

Гарчи рендерлар смартфон экранининг техник хусусиятлари ҳақида маълумот бермаса ҳам, улардан iPhone 15 Pro экрани янада ингичка рамкаларга эга бўлиши билиб олишимиз мумкин.

Булардан ташқари, iPhone 15 Pro смартфонида бўладиган энг катта ўзгаришларнинг яна бири бу смартфоннинг USB-C порти билан жиҳозланиши дейиш мумкин. Бу Apple'нинг 2012 йилдан бери iPhone ва бошқа қурилмаларида фойдаланиб келаётган Lightning портидан катта ўтиш ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу рендерлар расмий эмас ва якуний дизайни билан 100% мос келмаслиги мумкин, лекин улар бизга янги iPhone'дан нималарни кутишимиз мумкинлигини ҳақида умумий маълумот бера олади.

ЎҚИНГ: iPhone 14 Pro Мах таннархи сотувдаги нархнинг ярмидан ҳам камлиги маълум бўлди 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!