iPhone 7: барчаси ҳақида янада батафсил

iPhone 7: барчаси ҳақида янада батафсил

Сўнгги кунларда ахборот технологиялари оламида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири, бу – iPhone 7. Бинобарин, биз ҳам бу мавзуга дахлдор янгиликларни тезкорлик билан етказишга ҳаракат қиляпмиз.

Apple компанияси жорий йилнинг сентябрь ойида iPhone 6S аппарати 3 кун ичида 12 мамлакатда 13 миллион донадан зиёд сотилгани ва компания телефонлари орасида энг кўп сотилган қурилма сифатида рекорд ўрнатгани хусусида эълон қилган эди. Ҳали фойдаланувчилар қурилманинг имконияти ва жозибасига тўйиб улгурмасларидан компания iPhone 7 устида изланишлар олиб бораётгани тўғрисида гап-сўзлар оммалашиб кетди.

Тасвир узатишда органик бирикмалардан тайёрланган нур тарқатувчи ярим ўтказгичли диодлардан кенг фойдаланиш OLED технологияси дейилади. Бу юқори даражадаги аниқ-тиниқ тасвир дегани. Бу гал iPhone 7 ва унинг билан бирга тақдим қилиниши режалаштирилган кичикроқ ҳажмдаги iPhone 7C аппаратларининг экранлари шундай технология асосида ишлайди.

Унга ҳам iPhone 6S сингари экран юзасини босиш кучини ўлчайдиган 3D ўлчамли сенсорли тизими жорий қилиниши мумкин. Бу тизим телефонга қатор функцияларни қўшиш имкониятини беради.

iPhone 7 ҳам баъзи бир ўзининг “катта авлод”лари сингари 2016 йилнинг сентябрь ойида тақдим қилиниши мумкин.

iPhone телефонларининг навбатдаги авлоди 7.1мм қалинликдаги сўнгги iPhone 6S аппаратидан ҳам юпқароқ, аниқроғи 6мм.дан 6.5мм.гача бўлиши кутилмоқда. Samsung Galaxy S6’нинг қалинлиги 6.8 мм эканлиги ҳисобга олинса, бу унчалик ҳам шов-шувли хабар эмас.

Кундалик ахборот технологияларини ёритувчи DigiTimes нашрига кўра, янги телефонда 2560х1440 пиксель форматига эга QHD, ҳаттоки 4K технологияси қўлланилиши мумкин. Мазкур технология экранда бир вақтнинг ўзида бир нечта амални бажариш имконини беради. Таниқли “эплшунос” Минг Чи Куо Apple 2019 йилга келибгина бу технологияни жорий қилиш имконига эга бўлишини айтган.

Бу ўз навбатида аппарат йирик ҳажмдаги экранга эга бўлишини англатади. Янги моделларнинг 4,7 ва 5,5 дюйм (1 дюйм=2,54 см) ҳажмга эга бўлиши тахмин қилинган. QHD, 4K технологияси Samsung, Sony каби компаниялар томонидан аллақачон тақдим қилинган. Аммо ҳаттоки 1080p форматига эга бўлмаган iPhone 6S телефонидан қисқа фурсат ўтиб Apple’нинг бу технологияли қурилмани тақдим қилиши даргумон.

iPhone 7 осонликча синмайдиган пишиқ, бўртма экранга бўлиши мумкин. Манбааларда унинг орқа томон корпуси металлдан ишланиши айтилмоқда. Смартфоннинг янги авлоди атрофидаги гап-сўзлардан унинг Samsung Galaxy S6’га ўхшаб кетиши сезилмоқда.

iPhone 6S аппаратида 12 мегапикселли (iPhone’нинг олдинги авлодида 8 МП) орқа ва 5 мегапикселли олд камераларнинг ўрнатилгани компания суратга олиш технологияси устида жиддий бош қотиришини англатади. Янги қурилмада ҳам шундай инновацион функцияларнинг бўлишига умид қилиш мумкин.

Шунингдек, 4 дюймли, A8 процессори, металл корпусга, Touch ID шахсни тасдиқлаш тизимига эга iPhone 7 Мини iPhone 7 моделидаги смартфонларнинг энг арзони бўлиши мумкин.

Компаниянинг дизайнерларидан бири Жермэйн Смит томонидан эълон қилинган видеоёзувда янги қурилманинг iPhone 4 аппаратига ўхшаб кетиши тасвирланган. Қурилма шахсни тасдиқдан ўтказувчи Touch ID тизимига эга. Экран ҳажми каттароқ бўлиши учун асосий саҳифага қайтиш тугмаси одатдагидан пастроқда жойлаштирилган. Корпуснинг остки қисмида икки динамик овоз кучайтиргич ўрнатилган.

Тасвирда телефон аппаратининг симсиз қувватлантириш тизими, 4.7 дюйм, Full HD форматидаги Super AMOLED экран, 16-мегапикселли камера, 2 ГБ оператив хотира билан таъминлангани кўрсатилган. Шунингдек, аппаратда Usb c-type – симсиз тез қувватланиш имконига эга технология татбиқ қилинган.

iPhone 7’нинг нархи тўғрисида аниқ бир далил бўлмаса ҳам, имкониятлари нисбатан ўхшаш бўлган iPhone 6S билан деярли бир хил, тахминан  650 АҚШ долларидан сотилиши мумкин.

Булар ҳозирча тахмин ва ўз тасдиғини топмаган хабарлар. Ушбу қурилма тўғрисидаги гап-сўзларга компания томонидан ойдинлик киритилиши билан сизларни бу ҳақда яна хабардор қиламиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!