iPhone 7 билан бирга симсиз қулоқчинлар ҳам тақдим қилиниши мумкин

iPhone 7 билан бирга симсиз қулоқчинлар ҳам тақдим қилиниши мумкин

Шу кунларда Apple компаниясининг Beats брендига хос, болғача шаклидаги тиқин-наушникларини такомиллаштираётгани тўғрисида хабарлар қулоққа чалиняпти.

AirPods деб ном берилиши режалаштирилган бу мосламани савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза 2015 йилнинг сентябрь ойида берилган. Ариза берган компания номи ҳозирча сир сақланмоқда.

2007 йилда асос солинган, Apple маҳсулотларига оид тафсилот ва тақризлар чоп этишга ихтисослашган 9to5Mac сайтининг маълум қилишича, янги маҳсулот тўла симсиз дизайнга асосланган ва зарядлаш портларидан ҳоли бўлади.

Bluetooth технологияси асосида ишлайдиган, митти ва ихчам симсиз қулоқчинлар ишлаб чиқариш лойиҳаси Beats бренди билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Apple 2014 йилнинг ёз ойида ушбу йирик, аудио мосламалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Beats Electronics компаниясини 3 миллиард АҚШ долларига сотиб олган эди.

Наушникда шовқинга қарши технология татбиқ қилинади, шунингдек ундаги микрофон ёрдамида қўнғироқларни амалга ошириш, Siri овозли ёрдамчи тизимидан фойдаланиш мумкин. Компания наушникни турли ўлчамдаги қулоқ шаклларига мослаб, ҳар хил катталикда ишлаб чиқаради. Қурилма баҳоси ҳозирча номаълум.

Kickstarter'нинг 5 граммли Earin симсиз қулоқчинининг нархи $303,720 га баҳоланган.

Kickstarter’нинг 5 граммли Earin симсиз қулоқчинининг нархи $303,720 га баҳоланган.

AirPods овоз мосламасининг яна бир ўзига хос хусусияти – уни қувватлаш учун коннекторга ҳожат қолмайди, яъни наушникларнинг идиши бир вақтнинг ўзида унинг зарядлаш идиши ҳам ҳисобланади. Қурилмани унга ташлаб қўйилса, улар симсиз қувваталанади. Мазкур қувватлаш идишидан айфон аппаратини зарядлашда ҳам фойдаланиш мумкин.

Apple’нинг мазкур эшитиш мосламасида ўнг ва чап қулоқчиннинг ҳар бирига алоҳида батарея ва симсиз чип ўрнатилади. 9to5Mac’нинг ёзишича, ундан тўрт соат мобайнида танаффуссиз фойдаланиш мумкин.

Нашрнинг тарқатган маълумотларига қараганда, AirPods алоҳида маҳсулот сифатида сотилади ва  iPhone 7 қурилмасининг бир қисми эмас. Шунингдек, компания зарядлаш коннекторида улашга мослашган EarPods симли наушникларни ҳам такомиллаштирмоқда. Ушбу қулоқчин ихчам ва сувга чидамли бўлади. iPhone 7 аппаратида фақатгина мазкур турдаги коннектор порти мавжуд бўлади.

Айтиш жоизки, AirPods ахборот технологиялари бозоридаги илк симсиз наушник эмас. Мисол учун, 2014 йилда Motorola компанияси 130 АҚШ доллари баҳосида Hint қулоқчинларини ишлаб чиқаришни бошлаган эди. Шунингдек, уларни ҳам зарядлаш қутиси ёрдамида қувватлантириш имкони мавжуд бўлган.

Bluetooth технологиясига асосланган қулоқчинлар LG, Samsung ва Plantronics компаниялари томонидан ҳам ишлаб чиқарилади.

Мутахассислар ўзига хосликлари жиҳатидан Apple’нинг янги авлод қулоқчинлари оммалашиб кетишини тахмин қилишмоқда. Мазкур қурилмани 2016 йилнинг баҳорида iPhone 7 билан биргаликда намойиш этиш режалаштирилган.