iPhone 7: дизайн, функциялар, кўриниш ва нарх-наво маълум бўлди

iPhone 7: дизайн, функциялар, кўриниш ва нарх-наво маълум бўлди

Сентябрь ойида намойиши кутилаётган iPhone туркумининг навбатдаги авлоди хусусида турли тахмин ва “башорат”лар эълон қилинаётган бир пайтда, жаҳоннинг нуфузли Wall Street Journal нашри ҳам бу борада ўз қарашларини баён қилишга қарор қилди. Журналнинг айфон ишқибозларига етказган илк илиқ хабари бу – iPhone 7’нинг энг камида 32 гигабайтли доимий хотира талқинида ишлаб чиқарилиш бўлди. Ҳа,  16 ГБ хотира билан хайрлашадиган вақт аллақачон келган эди.

Apple 32 ГБ доимий хотирага эга флагман смартфонини ишлаб чиқараётган илк компания эмас, албатта. Samsung компанияси ҳам анча аввал смартфонларга 16 ГБ доимий хотирани татбиқ этмай қўйган. Бир муддат аввал ахборот технологиялари вакиллари янги iPhone 256 гигабайтгача маълумотни сиғдира оладиган хотирага эга бўлиши ҳақида ёзишган эди.

Навбатдаги айфон вакили самарадор ва қувватни тежайдиган Apple A10 процессори, 2 ёки 3 ГБ тезкор хотира билан таъминланган бўлади.

PatentlyApple нашрининг ёзишича, Apple корпорацияси Америка патентлаш ва савдо маркалари бюросидан технологиялар соҳасига оид  47 та янги патентни рўйхатдан ўтказган.

Янги патентлардан бири компанияга буюмларни 3 ўлчамда сканер қилувчи ва оралиқ масофани аниқлайдиган қўш камерали технологиядан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Айфоншунос экспертларга кўра,  iPhone 7 (Plus ёки Pro) иккита бош камерага эга бўлади.

Apple’нинг янги смартфонларида олинган суратларни қайта таҳрирлаб, уларнинг фокуси (суратга олинадиган нарсаларнинг энг равшан, аниқ кўринадиган нуқтаси)ни ўзгартириш функцияси мавжуд бўлади. Шу билан бирга, камералар суратдаги икки объект оралиғидаги масофани ўзгартириш имконига ҳам эга бўлади.

Яна бир муҳим функция – камераларнинг  жисмларни 3 ўлчам шаклида суратга олишидир. Бунда iPhone 7 смартфони 3D камераси мисол ишлайди: керакли жисм тасвири оптик функция ёрдамида ҳар ўлчамда олинади ва шундан сўнг смартфонга ўрнатилган функция олинган тасвирни бирлаштириб, 3 ўлчамли суратга айлантиради.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар ҳам, илк маротаба объектларни 3 ўлчамда суратга олиш функцияси 2016 йилда намойиш қилинган Lenovo Phab2 Pro смартфонида тақдим этилган. iPhone 7’нинг янада такомиллашган функцияга эга бўлиши кутилмоқда.

iPhone 7 тўғрисида инсайдерлар томонидан маълум қилинган янгиликларга қараганда  смартфон дизайн жиҳатидан iPhone 6 ва 6s’дан бир оз фарқ қилади. 14 июль куни эълон қилинган норасмий видеода янги қурилма корпусининг орқа панелида аввалгилари каби  антенналарни бекитиб турадиган пластик чизиқлар бўлмайди. Корпусда шиша ва металл уйғунлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

iPhone 7 корпусидаги 3,5 мм аудио порт ўз ўрнини Lightning универсал коннекторига бўшатиб берган. 13 июль куни интернет нашрларида тарқалган суратларга суянадиган бўлсак, Apple янги флагманда EarPods аудио қулоқчинларидан фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, корпусдаги анъанавий “бош тугма” ўрнига виртуал кўринишдаги бош тугма ўрнатилади.

Таниқли инсайдер Стив Хаммерштоффер эса ўз блогида iPhone 7 “ақлли телефон”ининг яна бир муҳим жиҳатини ёзган. Унга мувофиқ, янги айфоннинг аккумулятори 1960 мА соат электр токи сиғимига эга бўлади (iPhone 6s = 1715 мА соат), яъни аввалги айфонга қараганда 14 фоиз кўпроқ қувват жамлайди. Компания дунёдаги энг юпқа смартфонни яратиш мақсадида қурилмага сиғими у қадар катта бўлмаган қувват тошини татбиқ қилиш режасида бўлиши мумкин. Аммо, унинг корпус қалинлиги 7,15 мм, яъни iPhone 6s’дан 14 мм қалинроқ бўлиши кутилмоқда.

Янги айфон 4 хил рангли талқинда, яъни кумуш, тилла, кулранг-фазо, оч тилларанг талқинларда ишлаб чиқарилади. Нима сабабдандир, компания бу гал қора ранг корпусли айфонни ишлаб чиқармайди.

Нарх-наво

MobiPicker нашрининг “ишончли манбаа”га суяниб ёзишича, мазкур мобиль алоқа аппаратининг 32 ГБ хотирага эга талқини $802, 64 ГБ талқини — $924, 256 ГБ талқини — $1075 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади. iPhone 7 Plus’нинг 32 ГБ талқини $924, 128 ГБ талқини — $1045, 256 ГБ талқини — $1197 доллардан сотила бошлайди.