iPhone 7’нинг 7 та кучли, нисбатан арзон рақиблари

iPhone 7’нинг 7 та кучли, нисбатан арзон рақиблари

Apple компаниясининг сўнгги iPhone қурилмалари — iPhone 7 ва 7 Plus смартфон бозорига 16 сентябрдан сотувга чиқарилади. Тақдимотда маълум қилинишича, iPhone 7’нинг оддий талқини 649 АҚШ долларидан сотилади. iPhone 7 Plus эса сотувга $769 доллардан чиқарилади. Мазкур телефон аппаратлари яқин кунларда юртимиз смартфон бозорида ҳам савдога чиқарилади.

Операцион тизим:  iOS 10.

Процессор: A10 Fusion.

Дисплей:   HD сиғимли, Retina экран.

Камера: 12 МП ва , олд камера 7 МП ва оптик барқарорлаштириш функциясига эга.

Нарх-наво: 649 АҚШ долларидан.

Apple iPhone 7 ва iPhone 7 Plus корпуси IP67 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимояланган. Унда microSD-картаси учун жой ажратилмаган.
Фурсатдан фойдаланиб, Терабайт ўқувчиларига айни кунда смартфон бозорида янги айфонлар билан рақобат қила оладиган, бинобарин ундан нисбатан арзон смартфонлар тўғрисида маълумот беришга қарор қилдик.

07

Samsung Galaxy S7
“7” рақами остидаги айфонга бошқа бир “етти”лик флагман жиддий рақиб бўлишга даъво қилади. Samsung’нинг “байроқдори” илғор платформа, дизайн ва кучли камерага эга.
Смартфон Android 6.0 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. У 8 ядроли Samsung Exynos процессори, 4 ГБ тезкор хотира ҳамда 32 ГБ доимий ички хотира билан таъминланган. Унда 200 ГБ.гача қўшимча хотира картасини ўқийдиган microSD бўлмачаси мавжуд.
Диагонали 5.1 дюйм бўлган экран Super AMOLED платформасида ишлайди. Samsung Galaxy S7 экранининг сиғими QHD (1440×2560 пиксель). Смартфонда экран ёруғлигини автоматик бошқариш тизими, Always On функцияси, турли режимлар, Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси татбиқ этилган.
Унинг 12 Мп рақамли фотокамерасида Dual Pixel матрицасидан фойдаланилган бўлиб, ҳар бир линза йирик миқдордаги маълумотни тўплайди. Камера фазали автофокуслаш, оптик барқарорлаштириш тизимларига эга. Ёруғлик паст шароитда ҳам унда сифатли сурат олиш мумкин. Ҳозирча iPhone 7’нинг бу борадаги истеъдоди номаълум. Galaxy S7 бош камерасида 3840×2160 пикселли видеороликлар ёзиш мумкин.
Флагман олд камерасининг сиғими — 5 Мпикс. Ҳам олд, ҳам бош камералар фоточақноқ билан таъминланган.
Samsung Galaxy S7 батареясининг сиғими 3000 мА соат. Смартфон Adaptive Fast Charging тезкор қувватлаш тизимига эга. Корпус чанг ва сув таъсиридан ҳимояланган.
Сентябрь ҳолатида Samsung Galaxy S7 юртимизда 3,450,000 сўмдан сотилмоқда.

LG G5 SE

Модулли қисмларга, яъни қўшимча гаджетларга эга, бош камераси 2 та бўлган LG G5 SE смартфонининг имкониятлари iPhone 7 мобиль алоқа воситасиникидан кам эмас. LG G5 SE қанчалар салобатли бўлса, iPhone 7 шу қадар келишган ва ихчам. Кореялик смартфоннинг бош камераси қўш бўлиб, кенг бурчак остида суратга олади. Apple эса фақатгина iPhone 7 Plus’ни шундай кўникма билан сийлаган. Шунингдек, iPhone 7’нинг аккумулятори ажралмас бўлса, LG G5 SE мустақил олинадиган аккумуляторга эга.
LG G5 SE Android 6.0 операцион тизимида фаолият кўрсатади. Унда 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 652 процессоридан фойдаланилган. Смартфон тезкор хотирасининг сиғими 3 ГБ. Доимий ички хотира сиғими эса 32 ГБ. Шунингдек, LG G5 SE microSD қўшимча хотирани ҳам қўллаб-қувватлайди.
Флагман 5,3 дюймли, Quad HD (1440 х 2560 пиксель) сиғимига эга, IPS Quantum платформасида ишлайдиган, мультитач сенсорли дисплей билан таъминланган.
Cмартфон металл корпусли бўлиб, унинг орқа қисмида бармоқ излари сканери мавжуд.
Унда 2 та бош камера татбиқ этилган. Улардан бири 16 мегапикселли бўлиб, бу камерада манзарани 8 карра яқинлаштириш мумкин. Бош камерадаги иккинчи камера модули эса 8 МП. Бош камерада 3840×2160 пикселли видеороликлар ёзиш мумкин. Унда лазерли автофокус тизими жорий қилинган.
Олд камеранинг пиксель сиғими 8 Мпикс.
LG G5 SE ажраладиган 2800 мА соат электр токи сиғимли аккумуляторга эга. Унда Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш тизими мавжуд.
Қурилманинг эркин сотувдаги нархи 600 АҚШ доллари. Сентябрь ҳолатида LG G5 юртимизда 3,200,000 сўмдан сотилмоқда.

Huawei P9

Иккита бош камерали металл флагман. У қўш камерали трендни бошлаб берган илк гаджет. Унинг камераси афсонавий, энг яхши камера ишлаб чиқарувчиси бўлган немис бренди – Leica томонидан ишлаб чиқарилган. Бу камера тунда суратга олиш бўйича ўтказилган тестларда Samsung Galaxy S7, iPhone 6s каби флагманларни ҳам чангда қолдирга. Унинг фаолият самарадорлиги ҳам чакки эмас. Дизайн масаласида эса безак-сайқал металлнинг ишқибозлари ҳамма ерда топилади. P9 гаджетининг силлиқ металл корпуси 2.5D туридаги экран шишаси билан уйғунлаштирилган.

Huawei P9 Android 6.0 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Huawei компанияси уни 64 бит, 8 ядроли Kirin 955 процессори билан таъминлаган. Huawei P9 смартфонининг EVA-L09 талқини 3 ГБ тезкор ва 32 ГБ доимий ички хотирага эга. EVA-L19 талқини эса 2 та сим картани ўқийди.

Huawei P9 гаджетида FullHD, яъни 1920×1080 пиксель сиғимли 5.2 дюйм экран мавжуд. У японлар томонидан ишлаб чиқарилган IPS матрицасида ишлайди.
2 та бош камеранинг ҳар бири 12 МП сиғимли сурат олади. Биринчи камера объектни рангли олса, иккинчиси оқ-қора тасвирда туширади. Шундан сўнг иккала камера олган сурат яхлит ҳолатга келади. Бу эса уларга рангни энг юқори даражада акс эттиришига хизмат қилади. Бош камерада лазерли автофокус тизими ҳам ўрнатилган. Олд камера сиғими 8 МП.
Huawei P9 аккумуляторининг электр токи сиғими 3000 мА соат.

Huawei P9 Ўзбекистон смартфон бозорида ўртача $500 доллардан сотилмоқда.

Honor-8

Honor 8

Huawei’нинг яна бир кучли смартфони — Honor 8 Android 6.0 операцион тизимида фаолият кўрсатади. Шиша ва металл уйғунлигидаги корпус, қўш объективли камераси туфайли Honor 8’ни “ўрта даражали” смартфонлар қаторига киритиш хато. Смартфон орқа панелидан бармоқ излари сканери, икки хил тус берувчи фоточақноқ ва замонавий қўш камералар ўрин олган.
Смартфонга 8 ядроли, 2,3 ГГц частота тезлигида ишлайдиган HiSilicon Kirin 950 процессори ўрнатилган. Унинг оператив хотирасининг сиғими 4 ГБ. Доимий ички хотира эса 32 ГБ маълумотни сиғдира олади.
Honor 8’нинг 5,2 дюймли, 1080×1920 пикселли, яъни FullHD дисплейи LTPS платформасида ишлайди. Мультитач сенсор экранда ташқи ёруғликка кўра фаолият кўрсатиш функцияси мавжуд.
Флагман 12 МП сиғимли 2 та бош камераларга эга. Улардан бири RGB – юқори рангли диапазонида ишласа, бошқаси оқ ва қора рангли суратлар олишга мўлжалланган. Бош камерада 1920×1080 сиғимли видеоролик ёзиш мумкин. У автофокус, рақамли зум тизимлари билан таъминланган.
Honor 8 смартфони 8 мегапикселли олд камерага эга.
Honor 8’нинг қувват таъминоти 3 000 мА·соат электр токи сиғимига эга аккумуляторга боғлиқ. Қувват тоши тезкор қувватлаш технологиясига эга.
Huawei Honor 8 учун компания 300 дан 375 АҚШ долларигача бўлган нарх белгилаган.

Sony Xperia X

Sony ҳар доим ўзининг ихтисослигидан келиб чиқиб, камерафон яратишга интилиб келган. Ва, Xperia X ҳам мана шу жиҳатдан мустасно эмас. Юпқа ва жозибадор «плитка» нафис ва ясси бурчакларга эга. Смартфон ҳайратланарли даражадаги 23 МП бош ҳамда 13 мегапикселли олд камера билан таъмин этилган. Платформа самарадорлиги ҳам ёмон эмас. Биргина айби сифатида корпуснинг сувдан ҳимояланмаганини айтиш мумкин.
Sony Xperia X гаджети Android 6.0. операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Унда 6 ядроли Qualcomm Snapdragon 650 процессоридан фойдаланилган. Гаджетнинг тезкор хотирасининг сиғими 3 Гбайт, доимий ички хотира эса 16/32 Гбайт. Шунингдек, microSD бўлмачаси орқали хотирани 256 ГБ.гача кенгайтириш мумкин.
Sony Xperia X смартфонининг экран диагонали 5 дюйм бўлиб, 1080×1920 пикселли, яъни FullHD дисплейли. Дисплей IPS LCD технологияси платформасида ишлайди. Сенсор мультитач сиғимли экранга ташқи ёруғлик даражаси бўйича ўз-ўзини ёритадиган функцияси ўрнатилган. Дисплей Triluminos ва X-Reality технологияларига эга.
Sony Xperia X’даги 23 МП сиғимли бош камера фазавий автофокус, LED фоточақноқ, сурат сифатини текшириш тизими, суратга олиш чоғида фокуслаш тизими, юзни аниқлаш ва 8 каррагача яқинлаштириш (рақамли зум) функцияси билан таъминланган. Унда
секундига 30 кадр олувчи 1080p сиғимли видеоролик олиш мумкин. Олд камера сиғими 13 МП.
Смартфоннинг электр сиғими 2620 мА соат бўлган ҳамда корпусдан ажралмайдиган аккумуляторини тўла қувватлаб, 840 дақиқа мулоқот қилиш мумкин.
Sony Xperia X халқаро бозорга 540 АҚШ долларидан баҳоланмоқда. Унинг ихчамроқ — 4.6 дюймли Sony Xperia X Compact талқини 11 сентябрдан бошлаб халқаро бозорга 500 АҚШ долларидан сотувга чиқарилди.

5

Xiaomi Mi5

Кучли жиҳатларга эга, бироқ нархи инсоф доирасидаги смартфон деганда хитойлик флагманлар кўз олдимизга келади. Агар умумий жиҳатларига кўра солиштириб кўрилса, кучли Mi5 “Олма”нинг “кузги ҳосили” бўлмиш iPhone 7 билан рақобатга кириша олади: Xiaomi уни технология саноатининг энг кучли процессорларидан бўлган Qualcomm Snapdragon 820, 4 ГБ.гача оператив хотира, ёрқин экран ва бармоқ излари сканери жой олган серҳашам корпус билан “сийлаган”. Қолвасерса, “Хитойча Apple” деб ном олган компания флагмани iPhone 7’дан 2 баробар арзон!
Унинг шиша уйғунлигидаги орқа металл панели нафис қайрилма ҳошияларга, шаклдор бўртиқларга эга. Mi5 гаджети ҳам Android 6.0 операцион тизимида фаолият кўрсатади. Унинг стандарт талқинида 4 ядроли Qualcomm Snapdragon 820 процессори жорий қилинган. Флагманнинг оператив хотираси 3 ГБ.ни ташкил қилади. Унинг доимий ички хотираси 32 ГБ.
Унда қўшимча хотира бўлмачаси бўлмаса ҳам, смартфон 2 та сим картани қўллаб-қувватлайди.
Xiaomi Mi5 флагмани 5,15 дюймли IPS-матрица фаолият кўрсатувчи, сиғими 1980 х 1080 пиксел (ҳар дюймда 428 та белги)га тенг Full HD намойишли экран билан таъминланган. Экран бир вақтнинг ўзида 10 тагача чертиш таъсирини сеза олади. Экран Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси қопламасига эга. Мультитач технологиясига эга экранда ташқи ёруғликка кўра ёруғликни созлаш функцияси татбиқ этилган.
Xiaomi Mi5 флагмани Sony IXM298’нинг 16 мегапикселли сенсори ўрнатилган. У оптик прибори f/2.0 диафрагмали, 6 линзали объективдан иборат. Камерада фазали автофокус, оптик барқарорлаштириш функцияси, 2 тусли светодиод фоточақноқ мавжуд.
Шунингдек, DTI – пикселларни ажратиш технологияси дастури ишлаб чиқилган бўлиб, у пиксель рангининг қоришиб кетишини бартараф қилади.
Олд камера 4 МП сиғимли. Сенсорнинг ёруғлик қамрови кенг бўлгани учун унда пиксель ҳажми 2 микронгача катталашади. Олд камера объективи f/2.0 апертураси ва 80 градусли бурчакка эга.
Mi5 флагмани 3000 мА соат қувват сиғимига эга бўлган ажралмас аккумулятор билан таъминланган. QuickCharge 3.0 тезкор қувватлаш функциясига эга.
Xiaomi Mi5 халқаро бозорда 320-545 АҚШ долларидан сотилмоқда. Яъни, рақибларидан анча-мунча арзон нархда.

Onplus 3

OnePlus 3

Смартфон бозоридаги энг сермаҳсул фаолият кўрсатадиган смартфон – OnePlus 3 гаджети кучли Qualcomm Snapdragon 820 процессори ҳамда 6 ГБ тезкор хотирага эга. Бу жиҳатдан у ҳаттоки iPhone 7’ни ҳам ортда қолдиради. Ёрқин экран, сифатли камералар (16 ва 8 Мп), тезкор қувват оладиган мустаҳкам аккумулятор билан у фойдаланувчилар диққатини Apple’нинг сўнгги маҳсулотидан чалғитиши мумкин!
Смартфон Android 6.0 Marshmallow операцион тизимининг мослаштирилган Oxygen OS операцион тизимида фаолият кўрсатади.
OnePlus 3 ички платформаси 2016 йилнинг флагманлари стандартига хос равишда Qualcomm Snapdragon 820 процессори назоратида бўлади. Тезкорликнинг сабаби нима? Гап шундаки, бу процессорнинг тезкор хотираси стандарт даражасида 3 ГБ ёки 4 ГБ эмас, у бутун бошли 6 «гига» тезкор хотира билан таъмин этилган!
Шунингдек, смартфондаги 64 ГБ доимий ички хотира ҳам тезкорликка ҳиссасини қўшади. Шу сабадан дастурларни ўрнатиш ва ишга тушириш бошқа флагман смартфонларга нисбатан тез амалга ошади.
OnePlus Three «байроқдори»нинг экран диагонали 5,5 дюймли, яъни жуда йирик ҳам, кичик ҳам эмас. Унинг сиғими эса Full HD.
Ранг-тасвирнинг сифатли узатилишида AMOLED-матрицанинг хизмат юқори.Бошқа томондан эса, у IPS-панел экранга қараганда камроқ қувват ейди.
OnePlus 3’да Sony’нинг f/2.0 диафрагмали ёруғлик туйнугига эга PDAF сенсоридан фойдаланилган.
OnePlus 3 энг зўр флагманлар даражасида сурат олишга қодир. Унинг 16 мегапикселли бош камераси кундузги шароитда 2016 йилнинг энг яхши Android-смартфонлари билан бир хил суратга олади. Бош камера OnePlus 2 каби 4K Ultra HD сиғимли видео суратга олиш мумкин.
Олд камера сиғими 8 МП.
OnePlus 3 аккумуляторининг электр токи сиғими 3000 мА соат. У 30 дақиқада аккумуляторини 63 фоизга тўлдира олади.
OnePlus 3 халқаро бозорда 399 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.