iPhone 7 савдосига Galaxy S8 қандай таъсир кўрсатди?

  •   DiMaX
  •  1655
  •  11.07.2017 15:37

iPhone 7 савдосига Galaxy S8 қандай таъсир кўрсатди?

Табиийки, смартфонлар борасида етакчи ва ўзаро рақобатчи бўлган икки ишлаб чиқарувчи – Apple ва Samsung. Уларнинг сўнгги флагманлари харидорлар эътиборини қозониш ва бозорни эгаллаш учун зўр бериб уринаётгани ҳам маълум.

Хабарингиз бор – iPhone 7’нинг жаҳон бўйлаб савдоси ўтган йилнинг сентябрь ойи ўрталарида бошланган. Samsung эса ундан беш ой ўтиб, ўзининг навбатдаги флагманлари – Galaxy S8 ва Galaxy S8+ моделларини тақдим қилди, аммо уларни савдога 21 апрелдан чиқарди. Хўш, Жанубий Кореялик рақобатчисининг бозорга кириб келиши Купертинолик флагманнинг савдосига қанчалик таъсир кўрсатган, деб ўйлайсиз?


Сиз нима деб ўйлашингизни билмадик, аммо Canaccord Genuity консалтинг фирмасининг таҳлилчилари бу саволга «Ҳеч қандай!» деб жавоб беришди. Уларнинг ҳисоб-китоблари натижаларига кўра, Galaxy S8 моделининг чиқарилиши iPhone 7 савдосига умуман таъсир кўрсатмаган, деб ёзади Cult of Mac нашри. Samsung смартфонининг айрим афзалликларига қарамасдан, истеъмолчилар аввалгидек «Олма»нинг флагманини афзал билишаётир. 

Canaccord Genuity консалтинг фирмаси тайёрлаган доклад материалларига ишонадиган бўлсак, савдога чиқарилганидан буён 10 ой ўтиб ҳам iPhone 7 ўз позициясини маҳкам ушлаб турибди ва бозорда энг харидоргир моделлардан бири ҳисобланади.

Хабарда айтилишича, смартфонлар бозорида Apple’нинг асосий рақиби... унинг ўзи экан! Чунки, бирор моделдаги iPhone савдоларининг секинлашувига жиддий таъсир кўрсатувчи ягона омил – унинг навбатдаги модели чиқаётгани ҳақидаги хабарлардир. Бу таъсир ҳали янги модель тақдим этилмасдан анча олдин – навбатдаги флагманнинг эҳтимолий хусусиятлари тўғрисида интернетда гап-сўзлар пайдо бўлиши билан бошланади. Ҳозир бозорда етакчи бўлиб турган моделга мансуб iPhone’дан харид қилишга чоғланган истеъмолчилар, унинг янгиси янада кучлироқ чиқаётгани ҳақидаги хабарни интернетдан ўқигач, то ўшаниси чиққунича шошилмай туришга қарор қилишади. J.P. Morgan таҳлил компанияси фикрига кўра, агарда журналистлар шов-шув кўтариб, кейинги iPhone моделининг афзалликлари ҳақида жар солавермай туришганида эди, Apple Inc. бу смартфонлар савдосидан янада каттароқ даромад олган бўларди.

Нима бўлганида ҳам, айни дамда Apple смартфонлар бозорида бирор хавфли рақибга дуч келгани йўқ. На Galaxy S8’нинг «ниҳоясиз» дисплейи, на OnePlus 5’нинг 8 гигабайтлик тезкор хотираси  iPhone 7’нинг оммавийлигига таъсир кўрсата олмайди. Ҳатто, бозор таҳлилига кўра, ўтган ойда унинг савдоларида ўсиш кузатилган, дейилади хабарда.

Таъкидлаш керакки, юқоридаги фикрларнинг барчаси дунё бозорига алоқадор. Хўш, сизнингча, Ўзбекистон бозорида ва харидорлар орасида қай бири оммавийроқ – iPhone 7’ми ёки Galaxy S8?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!