iPhone 7 ва iPhone 8'нинг сотилиш суръати таққосланди

iPhone 7 ва iPhone 8'нинг сотилиш суръати таққосланди

KeyBanc Capital Markets компанияси таҳлилчиси Жон Виннинг тадқиқотларига кўра, iPhone 7 ва iPhone 7 Plus ҳалигача ҳам Apple'нинг энг яхши сотилаётган смартфонлари экан. Янги моделлар эса харидорлар орасида кутилганидек оммалашмаяпти. Бунинг қуйидагича сабаблари бор.

Биринчидан, янги iPhone 8 моделидан сўнг iPhone 7 флагманининг нархи анча арзонлашди. Икки ҳафтадан сўнг сотувга чиқариладиган iPhone X учун 999 доллар сарфлашни истамаган харидорлар арзон, шу билан бирга, айни пайтда ҳам смартфон бозорининг пешқадам гаджетларини маъқул кўришмоқда. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг фикрича, 7-
ва 8-авлод iPhone смартфонлари ўртасида у қадар ҳам катта фарқ мавжуд эмас. Шу боис, нисбатан арзон девайсни танлашмоқда.

Иккинчидан, iPhone 8 кўринишидан аввалги авлод айфонлари билан бир хил. Гарчи, унга шиша корпус панели ёки симсиз қувват олиш технологияси татбиқ қилинган бўлса ҳам, бироқ нарх инсофсизларча қўйилган. Бу омиллар эса харидорларнинг эски айфонларини маъқул кўришларига сабабчи бўлади.

«Аксарият смартфон етказиб берувчи ритейлернинг маълумот беришларича, аксарият бренд ишқибозлари iPhone 8'дан кўра, iPhone 7'ни маъқул кўришмоқда», — дейди Вин.

iPhone 8'нинг бошланғич нархи – 699 доллар, iPhone 7 эса 549 доллардан бошлаб сотилмоқда.

Янги авлод айфонларининг савдо суръати пастлигининг яна бир сабаби мавжуд – Apple бу моделларни оммалаштириш чораларини кўрмаяпти. Ҳозирча асосий эътибор iPhone Х'га қаратилган.

«iPhone 8 рекламаси ва тарғиботи билан операторлар фаол шуғулланишаётган бўлса ҳам, бу натижа бермаяпти. 2016 йилда iPhone 7 флагманига жуда катта эътибор қаратилган эди».

Айтиш жоизки, Жон Вин бу хулосаларга мобил алоқа операторлари ва етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида келган. Эҳтимол, Apple Store каби бренд дўконларида вазият бошқача бўлиши мумкин. Яна бир таниқли таҳлилчи Минг-Чи Куо бир оз аввал iPhone 8'нинг кутилганидан яхши сотилаётганини маълум қилган бўлса, бу маълумот Foxconn заводи вакили томонидан тасдиқланган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.