iPhone 8'нинг илк партияси АҚШга йўл олди: буюртма бериш ва сотув санаси маълум

iPhone 8'нинг илк партияси АҚШга йўл олди: буюртма бериш ва сотув санаси маълум

Янги iPhone'нинг 12 сентябрдаги "Стив Жобс номидаги театр"да ўтадиган тақдимотига саноқли кунлар қолмоқда. Techtastic.nl нашри Foxconn технологиялар фабрикасида Apple'нинг АҚШга жўнатилаётган, янги авлод айфонлари ўрин олган ўрамларнинг суратини эълон қилди.

Суратлар сифати паст бўлгани учун унда iPhone флагманлари борлигини исботини топмаган бўлса ҳам, жўнатмалар "кремний водийси"даги кўплаб ишлаб чиқарувчиларга хизмат кўрсатувчи Morrison Express транспорт компанияси учун тайёрлангани катта эҳтимол билан бу қутиларда АҚШда 22 сентябрдан сотувга чиқарилиши режа қилинган iPhone 8'нинг илк партияси борлигини тасдиқлайди.

Macrumors нашри аввалги айфонларнинг тақдимоти ва буюртма қабул қилиш санасини таҳлил қилиб, бу йилги айфонга қачондан буюртма олинишини аниқлади. Унга кўра:

 iPhone 5 (2012) – 12 сентябр (тақдимот), 14 сентябр (аввалдан буюртма олиш), 21 сентябр (сотувга чиқарилган);

iPhone 5s (2013) – 10 сентябр (тақдимот), буюртма олинмаган, 10 сентябр (сотувга чиқарилган);

iPhone 6/6 Plus (2014) – 9 сентябр (тақдимот), 12 сентябр (аввалдан буюртма олиш), 19 сентябр (сотувга чиқарилган);

iPhone 6s/6s Plus (2015) – 9 сентябр (тақдимот), 12 сентябр (аввалдан буюртма олиш), 25 сентябр (сотувга чиқарилган);

iPhone 7/7 Plus (2016) – 7 сентябр (тақдимот), 9 сентябр (аввалдан буюртма олиш), 16 сентябр (сотувга чиқарилган);

Агар мазкур жадвалга асосланадиган бўлсак, Apple бу йилги флагманлари учун  15 сентябрдан буюртма олишни бошлайди.


iPhone 8 янгича дизайндаги, ромсиз 5,8 дюймли OLED-экранга эга бўлади. Маълумотларга кўра, Apple бу гал Touch ID бармоқ излари сканеридан воз кечади. Унинг ўрнига янги авлод айфони юз-қиёфа сканери билан таъминланади. Сўнгги хабарлардан маълум бўлишича, iPhone 8'нинг бошланғич талқини 64 гигабайтли доимий хотира билан таъминланади. Бу талқин тахминан 1000 доллардан сотувга чиқади.

Шунингдек, 12 сентябрда iPhone 7s ҳамда iPhone 7s Plus смартфонларининг ҳам презентациялари бўлиб ўтади. Уларнинг дизайни аввалги флагманларга ўхшаса ҳам, янгича инновацион жиҳатларга эга бўлишади.