iPhone 8 ва iPhone 8 Plus: Жаҳоннинг биринчи рақамли смартфонлари

iPhone 8 ва iPhone 8 Plus: Жаҳоннинг биринчи рақамли смартфонлари

Янги iPhone флагманининг тақдим қилиниши Apple ишқибозлари учун доимо байрам бўлиб келган. Хусусан, Apple нимаики тақдим қилган бўлмасин, унинг янги девайслари доимо диққат марказида бўлиб келади, муҳокама қилинади ва бирор инновацион жиҳати бўлади.

2017 йилнинг 12 сентябрида смартфон оламининг "тош-тарозиси" бўлмиш Apple корпорацияси "Стив Жобс театри"да юбилей айфони билан бирга, iPhone 8 ва iPhone 8 Plus флагманларини ҳам тақдим қилди.

Кўпчилик iPhone 8 борасида ҳам баҳсли мунозарани яхши билади: нега у шу ном билан аталди ҳамда нега уни "7S" деб номлашмади. Бундан ташқари эксперт ва фойдаланувчилар ўртасида бир савол юзага келди: аввалги йилги моделлардан унчалик фарқ қилмайдиган iPhone 8 модели ўзи нега керак эди? Айниқса, iPhone X – тубдан ўзгарган дизайндаги флагман тақдим қилингандан кейин ким ҳам эскича кўринишдаги iPhone 8 моделини харид қилар эид.

«Хўш, нима олсам экан, iPhone 8 олсаммикан ёки бир-икки ойдан кейин чиқадиган iPhone X флагманини кутсаммикан?» Бу саволни кўп эшитдик. Бу саволга жавоб беришнинг ўзи бир маҳорат :)

Кўпчилик iPhone X флагманини кутди ва уни харид қилди. Бироқ «саккизлар» билан танишар эканмиз, уларни кашф қила бошладик ҳамда харид қилиш учун бир қатор сабабларни топдик. 

Эҳтимол, iPhone SE моделининг муваффақиятини яхши эслай оларсиз? Гарчи унинг дизайни аввалги моделларни эслатган бўлса ҳам, янги камера ҳамда янги процессорга эга бўлган бу жажжи смартфон тез орада тилларга тушган ва яхши сотилган эди. Ҳозир ҳам унинг савдоси ёмон эмас.

Бугун сиз ўрганишга киришган iPhone 8 моделини ишлаб чиқаришдан кўзланган мақсад ҳам худди шундай – смартфон форм-фактори ўзгармаган ва кўпчилик бундай шаклга ўрганиб ҳам қолган. Кучли процессор ўрнатилган бўлса ҳам, нарх аввалгидай қолган. Бу кўпчиликни хурсанд қилади, албатта.

Умуман олганда, iPhone 8 барибир iPhone X соясида қолди. 2017 йилнинг охирларида кучли флагманга нисбатан танқислик юзага келганида эса, iPhone 8 ҳамда 8 Plus моделлари яхши сотилди.

Дизайн, эргономика ва дастурий таъминот

iPhone 8 моделларида аввалги дизайн сақланиб қолган – олд панел кўринишидан iPhone 7 моделини эслатиб туради. iPhone 8 ҳамда iPhone 8 Plus моделларидаги бош ўзгариш сифатида орқа панел юзасининг шишадан ишлангани бўлди. Сўнгги марта компания тариида iPhone 4/4S моделларида шундай жиҳатга эга бўлишган. Бешинчи авлод айфонларидан бошлаб эса компания смартфонларида металл корпусдан фойдаланилган. Фақат iPhone 5C бундан мустасно.

Иккала флагманларнинг ҳам олд ва орқа корпуси махсус -- 7 қаватли ўта пишиқ шишадан тайёрлангани эълон қилинди. Орқа панелнинг шиша хомашёсидан тайёрланганини компания айфонларда симсиз қувватлаш технологиясини татбиқ қилаётганини англатади – металл панелда бунинг иложи йўқ. Ёки Apple буни уддалай олмаган.

Корпус атрофи бўйлаб тортилган ром-синч алюминийдан тайёрланган. Дарвоқе, смартфон уч рангли корпусда ишлаб чиқарилмоқда – тилла, кумуш ҳамда «самовий кулранг». Охирги талқинни қора рангли дейиш мумкин. Кўпчиликнинг фикрича, айнан ана шу талқин яхши сотилмоқда. Бироқ оқ ёки тилла ранг корпуснинг орқасидаги шиша панеллар бармоқ изига у қадар ўч эмаслиги ҳам диққатга сазовор. Смартфон доғларга қарши олеофоб плёнка билан қопланган бўлса ҳам, қорамтир корпусда бармоқ изи яққол сезилади.

Корпусдаги бошқарув элементларининг ўрнашуви ҳам ўзгаришсиз қолган. Юқори қисм бўм-бўш ва қуйи қисмда Lightning порти, унинг ёнида динамик ҳамда микрофон мавжуд. Охирги марта iPhone 6 ва 6S моделларининг қуйисидан жой олган мини-жек айдио қулоқчин туйнуги янги моделларда яна йўқ. Афтидан, Apple ўз қароридан қайтмайди.

Ўқинг: Қуввати узоққа етадиган смартфонлар (19 май), уларнинг юртимиздаги нархлари

Корпуснинг чап қисмида иккита бошқарув тугмаси бор, улар ёрдамида овозни бошқариш ҳамда смартфонни тезкор овозсиз тизимга ўтказиш мумкин.

Корпус ўнг томонида эса ўчириб-ёқиш тугмаси ҳамда SIM-карта учун бўлмача бор. Бу ерда битта бўлмача бор ва қўшимча хотира учун бўлмача кўзда тутилмаган. Бу борада ҳам Apple аввалги тамойилларида содиқ қолган.

Бармоқ изи сканери ҳам аввалги каби экран остидаги марказий тугмада жойлаштирилган. Унинг ишлаши iPhone 7 моделидаги сканер билан бир хил. Уларнинг тезкорлиги ҳамда аниқлиги ҳам бир хил.

Чанг ҳамда сув томчиларидан ҳимоя iPhone 7/7 Plus моделларидаги каби – IP67 стандарти. Яъни, смартфон бир метргача бўлган чуқурликдаги сув остида ярим соат бемалол "жон сақлайди".

Корпус пишиқлигини текшириш ўтказилган краш-тестлар натижасига кўра, шиша панел металлга қараганда анча мўрт ва тез синувчан бўлади. Шу боис, албатта бампер ёки ғилоф олишни маслаҳат берамиз. Айтмоқчи, iPhone 7 ҳамда iPhone 7 Plus моделлари учун мўлжалланган ғилофлар ҳам бу моделларга мос келади.

Ўлчамлари

Apple iPhone 8: 138.43x67.31x7.37 мм;

Apple iPhone 8 Plus: 158.50x77.98x7.62 мм.

Вазни
Apple iPhone 8: 148 грамм;
Apple iPhone 8 Plus: 202 грамм.

Платформа

Янги айфон самарадорликда барча смартфонларни ортда қолдиради. Боиси, iPhone 8'даги "юракча" – янги A11 Bionic процессоридир. Айнан шу процессор Apple iPhone X моделига ҳам ўрнатилган. iPhone 8 2 Гб, iPhone 8 Plus 3 Гб тезкор хотирага эга.

64 бит ва 6 ядроли процессор аввалги -- iPhone 7 ва iPhone 7 Plus эга бўлган Apple A10 Fusion чипидан 25 % самарали ишлайди. Талқинидан келиб чиқиб, смартфонлар 64 ёки 256 гигабайтли доимий хотираларга эга бўлган. 

Сарлавҳада бекорга мазкур гаджетларни жаҳоннинг энг кучли смартфонлари деб айтмадик. Қуйида бу девайсларнинг турли бенчмаркларда тўплаган баллари билан танишинг.

AnTuTu:

Apple iPhone 8 - 202920 балл;

Apple iPhone 8 Plus - 193297 балл.

GeekBench:

Apple iPhone 8 - 10250;

Apple iPhone 8 Plus - 10391.

 Ҳозирча ҳали бирор смартфон амалда бундан юқори балл тўплаган эмас.

 

Операцион тизим

Apple янги айфонларда татбиқ қилган iOS 11 кўпчилик учун муҳим ўзига хослик. Continuity, яъни ўзаро боғлиқлик функцияси ҳам Apple'га хос. Мисол учун, iCloud хизмати аллақачон Apple ID қурилмалари учун ягона рўйхатдан ўтиш базасига айланган. Қолаверса, Apple фойдаланувчилари маълумотларини булутли сақлаш омборхоналарида сақлаб, уларни хоҳлаган вақтларида бренднинг бошқа қурилмаларида ҳам очиб фойдаланишлари мумкин.

iOS'га хос бетакрор жиҳатлардан бири — смс-хатларни iMessage протоколи орқали юбориш имконияти. Бу фойдаланувчи учун оддий смс-хабар юборишга ўхшаб кўриниши мумкин, бироқ гап шундаки, бу смс-хабарлар алоқа операторлари эмас, интернет-каналлар орқали манзилига етиб боради.

Айфон операцион тизимининг янгиланишидан сўнг гаджетда қўнғироқларни автоматик равишда қабул қилиш функцияси пайдо бўлади.

Умуман олганда, iOS 11 турли-туман функциялари билан хурсанд қилади.

Дисплей ҳамда овоз

3Gs моделидан бошлаб, барча iPhone сифатли ва ёрқин дисплей билан таъминланган. Узоқ кутилган AMOLED матрицадан фақатгина iPhone X моделида фойдаланилган. «Саккизлар» эса IPS-дисплей билан таъминланган.

iPhone 8 – 4,7 дюймли қуюқ кристалли, 1334 × 750 пикселли дисплей (ҳар дюймда 326 та белги), iPhone 8 Plus – 5,5 дюймли, Full HD (1920 × 1080, ҳар дюймда 401 та белги) қуюқ кристалли дисплейга эга бўлган. 

Дисплей ҳам танишдек: янги iPad Pro каби True Tone технологияси тасвирни ташқи кўриниш асосида акс эттиради. Мисол учун, кўчада тасвир ёрқин тус олса, ичкарида нисбатан "илиқ" рангларда тасвирланади.

Янги iPhone 8 ва iPhone 8 Plus дисплейи бошқа ҳеч нимаси билан аввалгиларидан фарқ қилмайди.

iPhone 8 Plus моделида максимал ёрқинлик ҳамда экран контрасти iPhone 8 моделиникидан юқори. Бир қарашда бу фарқни сезиш қийин. Ҳар иккала смартфон қуёш нури остида ҳам аниқ тасвир намойиш қилиши билан ўзига хос. Ранг ва тасвир борасида бу айфонларда бирор камчилик йўқ: рангнинг узатилиши табиий ва кўнгилдагидек.

Овоз сифати масаласида динамикларнинг ишлаши ҳар иккала iPhone 8 моделларида "аждодлари"га нисбатан бир оз баланд. Овоз имкониятлари борасида ягона шикоят сифатида анъанавий аудио қулоқчин туйнугининг йўқлигини айтиш мумкин. Бироқ, қадоқдаги переходник орқали Lightning порти мини-жек вазифасини бажаради.

Камера

iPhone 8 флагмани орқа панелида яп-янги 12 мегапикселли ва битта сенсорли камера ўрнатилган. Бу камера юқори сифатли тасвир олишни ваъда бермоқда.

Камералар тасвирни оптик барқарорлаштиради. Унинг пиксел сиғими iPhone 8 Plus'ники билан бир хил – 12 Мп. Ҳар иккала камераларда янги ёруғлик линзалари ўрнатилган бўлиб, унинг диафрагмаси f/1.8 ва f/2.8.

Қўш камерали iPhone 8 Plus'да янги функция мавжуд – Portrait Light. Бунда камера ёруғлик даражасини аниқлаштириб, керакли ёруғликни мустақил равишда қўшади. "Портретли остки-ёритиш" режими суратларни "студия-сифати"да муҳрлаш имконини беради. 

Шунингдек, камера секундига 60 кадрли 4K сиғимли ёки секундига 240 кадрли 1080p (Full HD) видео ёзади.

Камерага алоҳида "қўшимча воқелик" режими ўрнатилган. Унинг ёрдамида дастурчилар томонидан яратилган иловалар орқали реал воқелик технологиясига асосланган ўйинларни ўйнаш ёки иловалардан фойдаланиш мумкин. Мисол учун, 3 ўлчамли интерактив иловалардан.

Олд камера учун Apple iPhone 8 ҳам, Apple iPhone 8 Plus ҳам 7 мегапикселли сенсор билан таъминланган.

Батарея

Apple iPhone 8 моделининг “қувват тоши” 2150 мА соат ток сиғимига эга. Бу қувват билан  14 соат суҳбат қуриш ёки 40 соат аудио тинглаш ёки 12 соат давомида интернетдан фойдаланиш ёки 13 соат видео кўриш мумкин бўлади.

Apple iPhone 8 Plus эса 2700 мА соат ток сиғимли “қувват тоши”га эга бўлган. Бу қувват 21 соатлик суҳбат, 60 соатлик аудио тинглаш, 13 соат интернетдан фойдаланиш ва 14 соат видео кўриш учун етарли.

Бошқа ўзига хосликлар

iPhone 8 ва iPhone 8 Plus видео-картаси реал воқелик графикларини қайта ишлайди ва атрофимиздаги виртуал буюмларни кўришга хизмат қилади. Унинг ёрдамида виртуал саёҳатлар қилиш ва бевосита виртуал объектлар билан алоқага киришиш мумкин. 

iPhone 8 смартфонларида Bluetooth 5.0 симсиз алоқа стандарти ва симсиз қувват олиш технологияси татбиқ қилинган. Apple смартфонлари илк маротаба махсус док-станцияда симсиз қувват олиш стандартига эга бўлди. Смартфонлар алоқанинг LTE Advanced ва LTE 5.0 тармоқларида ишлайди.

Нарх-наво

Смартфон 2 талқинда сотувга чиқарилади -- 64 Гб ва 256 Гб доимий хотира билан. Уларнинг тезкор хотира сиғими 2/3 Гб. Смартфонлар кумуш, тилла ранг ва "самовий кул ранг"ли корпусларда ишлаб чиқарилади.

АҚШда iPhone 8 $700, Plus моделининг энг арзони $799 доллардан сотувга чиқарилади.

Ўзбекистонда Apple iPhone 8 (64GB кул ранг)  5,769,000 сўмдан, шунингдек iPhone 8+ (64 GB, grey, silver, gold) модели эса 6,889,000 сўмдан сотилмоқда.

Ўқинг: Тошкентда iPhone нархлари (2018 йил 19 май)

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 5 850 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 5 015 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 6 586 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 6 586 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги