iPhone 8: янги тафсилотлар эълон қилинди

iPhone 8: янги тафсилотлар эълон қилинди

KGi Securities таҳлилчиси, таниқли экспертлардан бири Минг-Чи Куо томонидан тарқатилган маълумотга кўра, iPhone 8, iPhone 7s ва iPhone 7s Plus флагманлари 3 рангдаги — кумуш, мис-тилла ҳамда қора корпусларда ишлаб чиқарилади.

5.8 (12.7 см) дюймли Full HD (1080 x 1920) экранли iPhone 8 аввалига чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади. Яъни, кузда унинг узоғи билан 4 миллион донаси сотувга чиқарилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, янги айфон жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотган бўлиб, Apple ундан 1 йилда камида 50 миллион донагача сотишга муваффақ бўлади.

4.7 дюймли iPhone 7s эса 35 миллион, 5.5 дюймли iPhone 7s Plus 20 миллион дона ишлаб чиқарилади.


Янги авлод iPhone флагманлари тезкор ва симсиз қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Бироқ, фойдаланувчилар бу технологиядан фойдаланиш учун яна бир оз чиқим қилишларига тўғри келади, боиси махсус кабел ва адаптер алоҳида сотилади.

iPhone 7s ҳамда iPhone 7s Plus моделлари LCD дисплейга, iPhone 8 эса ромдан холи бўлган OLED дисплей билан таъминланади.

Apple'нинг HomePod гаджетига оид янги прошивкадан маълум бўлишича, фойдаланувчи iPhone 8 смартфонига кўз ташалётган маҳалда воқеа-ҳодисалар овозсиз акс этади. Мисол учун, сиз айфонга тикилиб турганингизда кимдир қўнғироқ қилса, смартфон ўзидан овоз чиқармайди.


iPhone 8 учун Apple A11 -- 8 ядроли кучли платформа яратилган. Унинг ишлаш салоҳияти 2.5 Ггц.ни ташкил қилади.

Apple'нинг янги авлод гаджетининг орқа панелидан вертикал ҳолатда жойлашган қўш сенсорли бош камера жой олиши тахмин қилинмоқда. Бу камера манзарани 10 карра рақамли яқинлаштириш, 2 карра оптик яқинлаштириш, қиёфани таниш каби функцияларга эга бўлади.

Apple'нинг янги смартфонининг тақдимотига бир неча ҳафта қолди. Янгиликлар билан биз орқали танишишда давом этинг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!