iPhone: асл ва қалбаки маҳсулотни фарқлашга оид маслаҳатлар  

iPhone: асл ва қалбаки маҳсулотни фарқлашга оид маслаҳатлар  

The Economist нашрининг 2015 йилнинг биринчи чорагида эълон қилган материалда ёзилишича, Хитой жаҳон миқёсида сотувга чиқарилаётган биноларда сунъий иқлим ҳосил қилувчи кондиционерларнинг 80 фоизини, мобиль қурилмаларнинг 70 фоизини ишлаб чиқараётган экан.

Шунингдек, Хитойдаги фабрика ва заводлар дунёдаги йирик брендларнинг маҳсулотларини оммавий ишлаб чиқариш орқали уларнинг иқтисодиётига миллиардлаб доллар зарар етказмоқда.

Айниқса, Хитойнинг сохта маҳсулотлар саноатида электроника воситаларининг улуши катта. АҚШда электрон маҳсулотларнинг сотиб олиниши юзасидан ўтказилган тадқиқтоларда маълум бўлишича, аҳоли сўнгги йилларда тахминан 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни айнан сохта маиший техника маҳсулотларига сарфлар экан. Уларнинг аксарияти эса Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб чиқяпти.

Хитой электроника саноатида iPhone қурилмаларини ишлаб чиқариш авж олмоқда. Мамлакатнинг ишлаб чиқариш маркази ҳисобланган Пекинда ҳар йили полиция томонидан баҳоси 19 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 40 мингдан зиёд сохта айфонлар мусодара қилинади. Бу мобиль воситалар сотув учун ривожланган мамлакатларга камдан-кам ҳолатда етиб боради. Улар асосан турли ноқонуний йўллар билан энди ривожланаётган Осиё давлатларига кириб боради.

Айфон қурилмасини харид қилишдан ва унинг асл ёки сохталигини билишдан аввал қуйидаги тавсияларни ёдда тутинг.

Биринчидан, қўлингиздаги қурилма дастур ва иловаларининг ишлаш тезлиги жуда секин бўлса, жараёнда “қотиб қолиш” ва тўхтаб қолишлар кузатилса, унинг дисплейидаги сезувчанлик даражаси паст бўлса, монитордаги хираликни пайқасангиз, билингки, унинг бош платаси ва процессори талаб даражасида эмас, яъни қўлингизда қалбаки айфон турибди.

Шунингдек, қурилманинг орқа томонида, iPhone логотипининг остида кичкина рақамларда ўйиб ёзилган, мобиль қурилмалар учун бериладиган халқаро идентификация рақами мавжуд. Телефондан Settings > General > About (Созламалар > Умумий  > Ҳақида)га кириб, шу сериал ва рақамни теринг. Агар бу кўрсаткич номувофиқ келса, унда маҳсулот қалбаки.

Бу рақам қурилма идишининг қуйи қисмида ҳам ёзилган бўлиши керак. Агар бу рақам корпус ва ички сериал рақамидан фарқ қилган тақдирда, сохта айфонни харид қилишдан эҳтиёт бўлинг.

Шунингдек, мазкур сериал рақамини Apple маҳсулотларини кафолатлаш онлайн хизмати орқали ҳам текшириб, қурилма ҳақида маълумот олишингиз ҳам мумкин. яъни, сиз текшираётган қурилма қалбаки бўлса, тизим сизга рақам билан боғлиқ хатолик мавжудлиги тўғрисида хабар беради.

Айфонни сохталаштиришнинг яна бир йўли уларга Android тизимларини ўрнатишдир. Бунда эса қурилмадаги “бош тугма”ни босиб, Сири виртуал ёрдамчига овозли буйруқ бериш керак. Агар Сири жавоб қайтармаса, билингки қурилма сохталаштирилган ёки носоз бўлади. Бошқа бир жиҳати – бу каби қурилмаларнинг менюсида Google Play онлайн дўкони иловасининг белгиси турган бўлади ёки App Store интернет дўкони белгиси босилганида қурилма сохта бўлса, дўконга кира олмайди.

Қолверса, нарх-навосидан ҳам қурилманинг чинакам брендга тегишли ёки сохталигини билиш мумкин. Яъни, ҳақиқий айфон қурилмаси 100 ёки 200 АҚШ долларига сотилиши ҳам шубҳага сабаб бўлиши мумкин. Яъни, одатда қалбаки айфон аслидан 4 маротаба арзонроқ сотилади. Тўғри, кўпчилик чўнтакбоплиги учун ҳам бу турдаги сохта қурилмаларни кўтариб юришни маъқул кўради.

Сохталаштирилган IPhone қурилмаларида иккита SIM-картани ўқиш тизими мавжуд бўлади. Шунингдек, уларни стилус – дисплей қаламчалари орқали бошқариб бўлмайди, уларнинг тизимига бармоқ излари сканери тизими орқали кириб фойдаланиш мумкин.

Қўшимча хотира ҳажми асл айфон қурилмаларида чегараланган бўлади. Сохта айфонларда эса қўшимча хотира қурилмаларини кенгайтириш мумкин.

Сохта айфонларда мобиль телевидение тизими мавжуд бўлади.

Асл айфонда бош тугма ботиқ шаклда бўлади. Қурилманинг сохта талқинида бу тугма қавариқ шаклда, яъни бўртиб чиққан бўлади.

Қолаверса, асл айфон қурилмасининг деталлари бир-бирига беш бурчакли бурама михларда қотирилган бўлади. Сохта қурилмаларда эса хоч шаклидаги шуруплардан фойдаланилади.

Айниқса, қурилма идишидан ҳам етарли маълумот олиш мумкин.

Apple қурилма идишининг ранги ва сифатига катта эътибор қаратади. Қутидаги ранглар тиниқлигига диққат қилинг.

Қутининг орқа қисмида этикетга ёпиштирилган бўлиши шарт. Ушбу этикеткада ишлаб чиқаришга оид маълумотлар, код ва модел тўғрисида маълумот келтирилган. Шунингдек, унда мобиль қурилма идентификация сериал ва рақами бўлади.

Янги қурилма қутисида розетка, қувватлаш кабели ҳамда аудио қулоқчинлар бўлади. Уларнинг қурилма ранги ва бир-бирига мутаносиблигига эътибор қилинг. Шунингдек, қутининг ички қисми ва дизайни ҳам мазкур аксессуарларга мос бўлиши керак. Янги iPhone қурилмалари ҳар доимо қўлланма билан бирга тақдим қилинади. Шунингдек, унда “Designed by Apple in California” ёзуви мавжуд муҳр бўлиши керак.

Шу билан бирга, янги қурилма қутисида SIM-картани кўчиришга мўлжалланган тўғнағич бўлади. Бу тўғнағичнинг шакли ва ҳажми, мувофиқлигини ҳам текшириб кўринг.

Мана бу коннекторларни бир қарашда ажратиш қийин. Лекин диққат билан кўздан кечирилса, ўнг томондаги оригинал кабелнинг коннекторлари ясси бурчакли оқ ҳошияга эга. Сохта кабелнинг уланадиган қисми ҳам узунроқ.

USB кабелни эса металл сифатига қараб аниқлаш мумкин. Ўнг томондаги асл кабель сиртининг нафислиги билан чап томондаги дағал сиртли ўхшашидан ажралиб турибди. Бу унинг арзон металлдан тайёрланганидан дарак беради.

Кабелга туширилган ёзувларнинг ранги ва сифати ҳам асл кабелни ажратиш имконини беради. Юқоридаги асл кабель аниқ-тиниқ ёзувлари билан ажралиб туради.

Мутахассис ва экспертларнинг фикрича, интернет дўкони орқали айфон телефонларига буюртма бераётганларнинг аксариятига сохта қурилмалар етказиб берилмоқда.

Шунингдек, Apple’нинг Хитойдаги бўлинмаси осиёлик фойдаланувчиларни тез-тез қурилмани қувватлашда асл аксессуардан фойдаланмаслик нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида ҳам огоҳлантиради.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.