iPhone эгалари бир неча йилдан бери кутаётган имкониятлар кейинги ҳафтадаёқ iOS 12’да тақдим этилади!

  •   DiMaX
  •  2442
  •  28.05.2018 13:33

iPhone эгалари бир неча йилдан бери кутаётган имкониятлар кейинги ҳафтадаёқ iOS 12’да тақдим этилади!

Apple жорий йилнинг 4–10 июнь кунлари дастурчилар учун Worldwide Developers Conference 2018 анжуманини ўтказмоқчи. Купертинолик гигант унда ўз мобил операцион тизимининг янги – iOS 12 талқинини ҳам тақдим этиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: iOS 12 тайёр бўляпти, сиз-чи, унга тайёрмисиз?

Гарчи компания тақдимотгача тафсилотларни ошкор этишни истамаса-да, тегишли маълумотларни инсайдерлар ташқарига чиқариб туришибди. Жумладан, iOS 12 тизими билан iPhone’ларда қандай имкониятлар тақдим этилиши янги хабарларда маълум қилинган.

Ўзгаришлар қисман купертинолик гигант смартфонларининг блокировка экранига тегишли. Яъни, Apple Watch’ларда мавжуд бўлган Complications функционали энди iPhone’ларга ҳам жорий этилади. Бунда қулфланган ҳолатдаги айфон дисплейида нафақат вақт, балки бошқа маълумотлар ҳам акс этиб туради. Шунингдек, фойдаланувчи блокланган экраннинг ўзида маълум бир иловалар ёрлиқлари ҳам чиқиб турадиган қила олади. Булар об-ҳаво, мусиқа, акциялар курси ва бошқа маълумотлар бўлиши мумкин. Қулфланган смартфон экранига шунақа ёрлиқлардан тўрттагача чиқариб қўйиш имкони бўлади. 3D Touch функционали эса ҳар бир илова ҳақида қўшимча маълумотлар олиш имкониятини тақдим этади.

Шунингдек, iOS 12 талқинида айфонларга Always-on режими ҳам жорий этилиши айтилмоқда. Бу режимда экран қора бўлиб туради, унда фақат жорий вақт ҳамда фойдаланувчи қўшган иловалар ёрлиқлари акс этади.

Булардан ташқари, ишлаб чиқувчилар iPhone эгалари бир неча йилдан бери кутаётган Dark Mode режимини ҳам операцион тизимнинг янги талқинида тақдим этишади.

Табиийки, «тишланган олмали» мобил гаджетлар операцион тизимининг навбатдаги талқинида бир қатор бошқа янги имкониятлар, функциялар ҳам қўшилади ва хатоликлар бартараф этилади. Уларнинг барчаси билан батафсил кейинги ҳафтада танишамиз, биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Apple расман iPhone SE 2 ва бошқа гаджетлар тақдимотига таклифнома тарқатди!