iPhone’ингиз камераси ва микрофони орқали қайси иловалар сизни кузатаётганини биласизми?

  •   DiMaX
  •  2153
  •  30.04.2018 10:34

iPhone’ингиз камераси ва микрофони орқали қайси иловалар сизни кузатаётганини биласизми?

iOS тизими ўз фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари махфийлигини юксак даражада таъминлаши билан машҳур. Аммо Apple қурилмалари эгаларининг ҳаммаси ҳам бу масалага жиддий ёндашавермайдилар.

Кўпинча айфон эгалари билиб-билмасдан, смартфонидаги айрим иловаларга унинг микрофони ва камерасидан фойдаланишга рухсат беришади. Аслида эса бу дастурлар шу датчиклар орқали iPhone эгасини таъқиб этиши ҳам мумкинлигини кўпинча ўйламаймиз. Умуман олганда, бу иловаларнинг ҳаммасига ҳам керагидан ортиқча рухсат бериш тўғри эмас.

ЎҚИНГ: Смартфонингиз таъқибидан қутулишни биласизми?

Хулласи калом, iPhone’ингиз камерасию микрофони орқали сизни кузатаётганлиги эҳтимоли бўлган иловаларни аниқлаш ва уларни чеклаб қўйиш асло зарар қилмайди. Буни эса қуйидаги усулда амалга оширамиз.

  1. Айфондаги «Созламалар», яъни «Настройки» иловасини очиб, унинг «Махфийлик» – «Конфиденциальность» бўлимига кирасиз.

  1. Ундаги «Микрофон» варақасига ўтасиз – шу ердаги рўйхатда акс эттирилган иловалар микрофондан фойдалана олади, яъни уларга ўзингиз рухсат бергансиз. Улардан қай бири шубҳалироқ туюлса, ёки қайсидир дастур микрофондан фойдаланиши шарт эмас, деб ҳисобласангиз – ўшанинг ўнг томонидаги тумблер орқали рухсатни бекор қиласиз.

  1. Микрофонга рухсати бор бўлган иловаларни саралаб олгач, ортга қайтиб, энди «Камера» варақасига ўтасиз. Айфоннинг камерасидан фойдаланишига рухсат берилган иловалар рўйхатини шу ерда кўрасиз ва ортиқчасини ўчирасз. Масалан, қуйидаги суратда акс этган рўйхатдаги такси чақириш сервисининг иловаси ҳам камерадан фойдалана олар экан. Хўш, бирор нимани суратга ёки видеога олиш бу иловага нега керак ўзи? Демак, у жосуслик қиляпти – ўчириб қўямиз.

Шундай қилиб, ортга қайтиб чиқиб кетамиз – энди қайси иловалар сизга «кўз-қулоқ бўлиб» юришидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади.

Табиийки, App Store’даги бирорта ҳам илова фойдаланувчининг рухсатисиз унинг iPhone’идаги микрофон ёки камерадан фойдалана олмайди. Ҳамма гап смартфон эгаларининг ўзларида: бирор иловани ўрнатаётганда, у рухсат сўраган рўйхатни ўқиб ҳам ўтирмасдан тасдиқлаб юбораверишади. Шундай экан, ҳар гал янги иловадан фойдаланишни бошлашдан аввал унинг йўриқномаси билан танишиб чиқишга одатланинг.

Дарвоқе, «яшил роботчали» смартфонлар эгалари бу борада хотиржам бўлишларига асос йўқ, балки ҳатто аксинча. Мана, масалан...

ЎҚИНГ: Facebook тан олди: у Android-смартфонлардаги қўнғироқ ва SMS-хабарларни кузатмоқда!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!