iPhone, iPad ёки iPod touch’ни Apple ID’дан ажратамиз

  •   DiMaX
  •  1027
  •  26.01.2017 16:32

iPhone, iPad ёки iPod touch’ни Apple ID’дан ажратамиз

Apple техника маҳсулотлари соҳиблари вақт ўтиши билан янги моделдаги қурилмалар харид қилишлари мумкин, бунда эскисини бирор яқинига ҳадя этиш ёки сотиб юбориш зарурати туғилади. Бироқ битта кичик муаммо бор – гаджет ўз эгасининг Apple ID аккаунтига боғланганлиги. Зеро, қурилма бириктирилган Apple ID идентификатори iCloud сервислари билан бевосита боғланган; демак, унинг собиқ соҳибига тегишли контактлар, қайдлар, фотосуратлар ва бошқа шахсий маълумотларга янги эгаси ҳам кира оладиган бўлиб қолади-да.

Шу боис iPhone, iPad ёки iPod touch қурилмаларини сотиш ёки бировга совға қилишдан олдин Apple ID аккаунтидан ажратиш – энг мақбул йўлдир. Бунинг қандай амалда оширилишини эса қуйида кўриб чиқамиз.

  1. Захира нусха қилиб олинг

Агарда сиз iCloud хизматидан фойдаланмайдиган бўлсангиз, у ҳолда қуйида кўрсатиладиган ҳаракатларни бажаришдан аввал, iOS операцион тизимидан қурилманинг захира нусхасини яратиб олинг. Шунингдек, олдиндан iPhone ва Apple Watch орасидаги боғланишни ҳам узиб қўйиш керак.

  1. Шахсий созламаларни ўчиринг

Қурилмангиздаги «Настройки» – созламалар бўлимини очинг ва навбати билан қуйидагиларни босиб боринг: «Основные» > «Сброс» > «Стереть контент и настройки». Агарда «Найти iPhone» хизмати уланган бўлса, бу жараёнда Apple ID ва паролни киритиш талаб этилиши мумкин.

  1. Сўнгги қадам

Ўчириш учун «Стереть»ни босинг. Бу усулда шахсий файлларингиз ва қурилма созламалари йўқолиб кетишидан чўчимасангиз ҳам бўлади. Чунки iCloud’да сақланаётган маълумотларингиз ўз ҳолича қолади ва уларни кейинчалик янги қурилмангизга кўчириб ўтказишингиз мумкин.

  1. Масофадан туриб ажратиш

iPhone, iPad ёки iPod touch қурилмаларини Apple ID’дан ажратиш ишини масофадан туриб ҳам амалга оширса бўлади. Шундай зарурат туғилиб қолса, icloud.com/find сайтига киринг, қурилмани танланг ва «Стереть»ни босинг. Барчасини тозалаб бўлгач, «Удалить из учетной записи»ни боссангиз, қурилма сизнинг Apple ID идентификаторингиздан ўчирилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.