iPhone корпусидаги ёзув нимани англатади? Нега айримларида бор, бошқаларида йўқ?

iPhone корпусидаги ёзув нимани англатади? Нега айримларида бор, бошқаларида йўқ?

2007 йилда тақдим қилинган iPhone бренди жаҳон смартфон бозорининг пешқадамига айланди. 2016 йилнинг июлидаёқ Apple компанияси Ер юзида миллиард дона iPhone сотилганини маълум қилган эди. iPhone смартфонлари кўпчиликнинг ҳаётини қулайлаштирган, муҳим бўлаги бўла олган яқин кўмакчига айланди.

Time журнали томонидан жорий ҳафтада эълон қилинган “Барча даврларнинг 50 та муҳим воситалари рўйхати”да ҳам Apple iPhone 1-ўринга муносиб кўрилган. Айфон инсоннинг ахборотга бўлган муносабатини тубдан ўзгаришига хизмат қилган.

Шу кунларда iPhone харидорлари томонидан таҳририятимизга турли савол ҳамда маслаҳат олиш истагидаги мактублар йўлланмоқда. Куни кеча бизга етиб келган саволда айфонларнинг орқа панелларидаги белги қўйилиши юзасидан сўралган экан.

"Нега айрим iPhone 8 ва iPhone X моделларининг орқа панелидаги iPhone ёзуви остида ҳеч нарса йўқ ҳамда айрим айфонларда бу ёзувнинг остида аввалги айфонлардаги каби марка белгилари туширилган?"

Қуйида бу ҳақида тушунтириш берамиз.

iPhone орқа панелидаги бундай марка белгилари АҚШ, Kанада ва Европа давлатларидаги талаб асосида қўйилади. Яъни, орқа панелига ёзув туширилган iPhone 8 ҳамда iPhone X ўзи сотишга мўлжалланган ҳудудни англатади. Ўз навбатида, бу белгиларнинг ҳар бирининг ўзига хос маънолари мавжуд.

Одатда баъзи iPhone моделларини орқа панелида турли ёзувлар ва белгилар бўлади. "Apple томонидан ишлаб чиқилган", "Хитойда йиғилган" каби ёзувлардан ташқари, орқа панелдаги белгилар iPhone гаджети мобил ва симсиз алоқанинг турли частота спектрларида ишлашга мўлжаллангани ва хавфсизлик талабларига жавоб беришини англатади.

Мисол учун, "FCC" ёки " FCC ID" белгиси бу айфон АҚШ Коммуникация коммисиясидан гувоҳнома олганини ва бу модел мамлакат коммуникация тармоқларига мувофиқлигини кўрсатади.

Айфон орқа панелидаги яна бир рамз -- устига X белгиси тортилган ахлат идиши. Бу белги Европа Иттифоқи талабларига асосан қўйилган ва айфон аккумуляторини дўстона йўллар билан тугатиш зарурлиги, уни табиатга ёки ахлатга ташлаб юбориш мумкин эмаслигини билдиради.

Яна бир белги -- "CE" ёзувидир. "Conformité Européene" бирикмаси қисқартмаси бўлган бу белги айфоннинг Европа Иттифоқида сотилишига рухсат берилганини англатади.

"CE" белгисидан кейинда турган рақамлар ишлаб чиқарувчининг Европа Иттифоқидаги тегишли органнинг гувоҳномасини олганини билдиради. Мисол учун, "0682" рақами айфон Германининг "Cetecom ICT Services" фирмаси томонидан аккредитация қилинганини англатади.

Думалоқ ичидаги ундов белгиси эса гаджетнинг Европа Иттифоқидаги барча алоқа тармоқларига ҳам мос келавермаслигини англатади. Европада ҳудуддан келиб чиқиб, турли частота полосалари чекланган бўлади. Мисол учун, Францияда 2,4 ГГц ва 2,454 ГГц оралиғидаги частоталардан фойдаланиш мумкин.

Айфон алоқанинг бир нечта частота полосалари билан уйғун ҳолатда ишламайди. Шу боис ҳам ундов белгиси алоҳида кўрсатиб қўйилган. Бу дегани уни харид қилишдан аввал частота полосасига мувофиқлигини текшириб кўриш керак.

"IC ID" белгиси эса "Industry Canada Identification" маъносини беради. Бу дегани -- мазкур белги туширилган айфон I даражали девайслар сирасига киради ва бир нечта радиодиапазонларда ишлайди. Мисол учун, мобил телефон 824 МГц ва 849 МГц полосалари оралиғидаги частоталарда ишлаши ва стандарт 30 кГц канал ўлчамида маълумот узатиши лозим.

iPhone'нинг ҳудудга мувофиқлиги ҳақида қолган барча маълумотларни ундаги "Созламалар менюси" (General > About > Regulatory) орқали билиб олиш мумкин.

Айтмоқчимизки, нархи арзон экан деб дуч келган смартфонни харид қилманг ва ундаги ёзувларга диққат қилинг, ҳудуддаги алоқа тармоқларига мувофиқлигини текшириб кўринг.