iPhone’лар учун махсус жалюзи ишлаб чиқарилади

iPhone’лар учун махсус жалюзи ишлаб чиқарилади

Kickstarter краудфандинг платформасида айфон смартфонларига мўлжалланган Peek Screen 2.0 номли антиқа чий пардани ишлаб чиқариш учун маблағ тўпланмоқда. Ноодатий аксессуар смартфон экранидаги маълумотларни бегона кўздан ҳимоя қилади.

Канада компаниясининг ишлаб чиқарувчиларига тегишли бўлган ғояга кўра, бу шиша пленка кўринишидаги жалюзи экран устига ёпиштириладиган бўлса, у ердаги тасвир ва ёзувлар фақатгина смартфонни қўлида тутиб турган фойдаланувчига кўринади. Баъзи бир қизиқувчан кўзлар вертикал ёки горизонтал ҳолатда ҳам экранда нима борлигини кўра олишмайди.

Қолаверса, бу илғор чий парда экранни тирналишлардан, ҳатто тушиб кетганида дарз кетишидан ҳам ҳимоя қилади.
Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, бу шиша махсус оптик технология асосида ишлаб чиқарилади. Натижада, Peek Screen 2.0 пленкасида шаффофлик даражаси ошиб, экран янада ёрқин тусга киради. Бу шиша парда ўзига сувни юқтирмайди ва қутбланиш хусусиятига эга. Яъни, қуёш нури остида ҳам экранни аниқ-тиниқ кўриш мумкин.

Компания ҳозирча ҳимоя «жалюзи»сини iPhone 6 ва iPhone 7 учун ишлаб чиқаради. Лойиҳа муаллифлари уни амалга ошириш учун 15 минг АҚШ доллари кифоя қилишини айтишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, краудфандинг платформаси муайян ғояни ёки лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағни тўплашда жамоатчиликни жалб қилиш механизми ҳисобланади.