iPhone’лардаги катта экран муаммоси ечими – «ақлли» шиша яратилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1496
  •  14.12.2017 10:50

iPhone’лардаги катта экран муаммоси ечими – «ақлли» шиша яратилди (+видео)

Катта экранли смартфонлардан фойдаланишдаги асосий мушкуллик нимада эканини билсангиз керак – битта қўлда ушлашда экрандаги барча ҳудудларга ҳам бармоқ етавермайди. Apple’нинг кейинги авлод смартфонларида, айниқса, уларнинг Plus-версияларида бу яққол кўзга ташланади. Экраннинг юқорисида пайдо бўлган билдиришномани очиш ёки «Орқага» тугмачасини босиш учун бармоқни қийналиб чўзиш ёки иккита қўл билан ишлашга тўғри келади.

ЎҚИНГ: iPhone X: Қўлингиздан тушиб кетса, ўзингизни кечирмайсиз!

iPhone’лардаги ушбу муаммони ҳал этиш учун Nombiss номли кичик бир компания яхши ечим топди – Intelli+ деб аталган, экранни муҳофаза этувчи «ақлли» шиша ишлаб чиқди. Мазкур шишани оммавий ишлаб чиқиш учун Kickstarter сайтида Intelli+ лойиҳаси йўлга қўйилган.

Бир қарашда, Intelli+ оддийгина ҳимоя шишасига ўхшаб кетади. У унча-мунчага тирналмайди, бармоқ изини қолдирмайдиган олеофоб қопламаси бор. Шунингдек, бу шиша замонавий iPhone’лардаги 3D Touch технологиясининг ишлашига ҳам халақит бермайди. Аммо бу шунчаки муҳофазаловчи шиша эмас – унинг икки чеккасида контактлар ўрнатилган бўлиб, улар туфайли «Уйга» тугмачасидан чап ва ўнг томонларда қўшимча  сенсор ҳудудлар пайдо бўлади.

Шу тариқа, смартфон экранининг юқори қисмидаги «Орқага» тугмачасини босиш ҳамда билдиришномаларни очиш учун экран пастки қисмида қўшимча тугмачалар ҳосил бўлади. Intelli+ шишаси iPhone 6 ва ундан кейинги авлод айфонларнинг оддий ҳамда Plus-моделлари учун ишлаб чиқилган.

Ҳозирда исталган iPhone учун Intelli+ шишасига 18 Канада доллари (тахминан 14.01 АҚШ доллари) нархида олдиндан буюртма бериш мумкин. 2018 йилнинг апрелида савдоси бошлангач, «ақлли» шиша нархи 49 Канада доллари (тахминан 38.13 АҚШ доллари) қилиб белгиланади. Intelli+ шишаси ҳақида батафсил маълумот олиш ҳамда буюртма бериш учун мана бу ҳавола орқали Kickstarter’даги лойиҳа саҳифасига ўтиш мумкин.

ЎҚИНГ: 2018 йилда iPhone муҳим инновацион хусусиятга эга бўлади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!