iPhone SE сотиб олишга йўл қўймаслиги мумкин бўлган 5 та сабаб

iPhone SE сотиб олишга йўл қўймаслиги мумкин бўлган 5 та сабаб

Apple’нинг iPhone SE мини-флагманининг ўзига хосликлари ҳақида батафсил гапириб ўтдик. Қуйида эса таҳлилчи ва экпертларнинг мазкур гаджетга бозорда оммалашишига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган тахминий фикрларини тақдим қиламиз.

Дизайн

iPhone SE’ни сотиб олмасликнинг биринчи сабаби сифатида унинг кўриниши iPhone 5s’га ўхшаб ишлангани айтилмоқда. iPhone 5s’нинг ташқи кўриниши эса 2012 йилда тақдим этилган iPhone 5’дан олинган.

Кўпчилик тақдимотга қадар илгари сурилган номдаги ўзгаришдан катта умид қилган эди. Унинг номидаги «SE» қўшимчасини special edition, яъни “махсус талқин” деб таржима қилиш мумкин. Аммо бу махсус талқин кутилмаганда эскича дизайндаги қиёфани бошлаб келди.

Apple’нинг имкониятларини ҳисобга олиб, айтиш мумкинки, у янгича дизайндаги смартфонни тақдим этгани мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жимитдаккина экран

iPhone SE’ни сотиб олмасликнинг навбатдаги сабаби кичик ҳажмли экрани бўлиши мумкин. Оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, 5,5 ҳамда 4,7 дюймли айфонларга ўрганиб қолган “эплчи” мухлисларни энди 4 дюймли экранга қайтариш жуда қийин кечиши мумкин.

Боиси кўзи йирик дисплейларга ўрганган фойдаланувчиларнинг кичик ҳажмли мониторда матн ўқиши ёки тасвир кўриши у қадар ҳам қулай эмасдек.

Техник хусусиятлари

Смартфон танлаётган харидорни айфон олиш фикридан қайтариши мумкин бўлган яна бир сабаб – қурилманинг техник имкониятлари бўлиши мумкин.

Хусусан, мобиль алоқа воситасининг 4 дюймли экранининг пиксель сиғими 1136 x 640 белгига тенг. Яъни, ҳатто тасвир узатиш имкони HD формати даражасида ҳам эмас.

Шу билан бирга, 16 ГБ қўшимча хотирани кенгайтириш имкони йўқ. Смартфоннинг 64 ГБ талқини эса деярли 150 доллар қимматроқ туради.

Нарх-наво

Гарчи, Apple компанияси қурилма баҳосини $399 доллар деб эълон қилган бўлса ҳам, бизнинг минтақамизга қадар мазкур гаджетнинг баҳоси 500 АҚШ долларидан юқори нархда етиб келиши кутилмоқда. Бу нархда эса экран диагонали 5.7 дюйм, пиксель сиғими 2560 x 1440 белги, бош камера 12.3МП, UHD (3840х2160 белги) видео форматида тасвир кўриш мумкин бўлган Nexus 6P флагманини сотиб олиш мумкин. 

«Ўзгача»ликнинг йўқлиги

Сўнгги сабаб эса, унчалик ҳам эътиборга лойиқ эмас. Яъни, бу – маҳсулотнинг жозибадорлиги ёки нуфузи. Аналитикларнинг қайд қилишича,  iPhone SE жиҳатлари унинг “иккинчи навли” смартфонлар даражасига мансублигини кўрсатмоқда.

Аниқроғи, уни тутган фойдаланувчида ўзгача бир смартфон эгаси эканлигини ҳис қилиш туйғуси бўлмайди. Бу эса бошқалардан ажралиб туришни истайдиган айфон ишқибозларига хос жуда муҳим талаблардан биридир.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!