iPhone SE’нинг иккинчи авлоди 2018 йил бошида сотувга чиқарилиши мумкин

iPhone SE’нинг иккинчи авлоди 2018 йил бошида сотувга чиқарилиши мумкин

American Customer Satisfaction Index (ACSI) ташкилоти маълумотларига кўра, смартфонларнинг экран диагоналлари катталашиши тенденцияси кучайиб бораётганига қарамай, айнан iPhone SE соҳиблари ўз харидларидан энг кўп қониқиш ҳосил қилган.

Бундан ташқари, iPhone SE смартфони Apple харидорларга таклиф қилаётган телефон қурилмалари орасида энг хамёнбопи бўлгани сабабли ҳам, кўплаб мамлакатларда яхши сотилмоқда.

Қурилма қанчалик яхши сотилаётгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, чунки Apple савдолар ҳажмини ҳеч қачон қурилмалар кесимида кўрсатиб бермаган. Шунга қарамай, сотув яхши эканига шубҳа қилиб бўлмайди ва шу сабабли ҳам iPhone SE’нинг янгиланишини кутиш мумкин. Савол – бу янгиланиш айнан қачон бўлади?

Ўтган ойнинг бошида Франциянинг iGeneration нашри iPhone SE 2 тақдимоти август ойида бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди, бироқ ҳозир бунга ишониш қийин. Агар Apple августга бирор тадбир режалаштирган бўлса, бу ҳақда маълум бўлиб улгурган бўларди.

Янги маълумотлар эса iPhone SE’нинг кейинги авлоди келаси йил бошида намойиш этилишига ишора қилмоқда. Бир неча манбалар ахборотига кўра, Apple’нинг ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорларидан бири саналган Тайваннинг Wistron компанияси ўзининг Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш қувватларини оширишга тайёрланмоқда ва бу айнан янги iPhone SE’нинг ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бангалордаги янги завод ёрдамида Wistron кейинги беш йил давомида ишлаб чиқариш ҳажмини уч баробар оширишни кўзламоқда. Хабар беришларича, янги iPhone SE 2018 йилнинг биринчи чорагидаёқ Ҳиндистонда сотувга чиқиши лозим.

Дастлабки маълумотларга кўра, иккинчи авлод iPhone SE смартфони SoC Apple A10, 2 гигабайт оператив хотира, 12 мегапикселли асосий камера ва 5 мегамикселли фронтал камера билан таъминланади. iPhone SE 2 нинг экран диагонали 4-4,2 дюйм атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Бундан ташқари, янги iPhone SE’да дастлаб iPhone 6S’да татбиқ этилган иккинчи авлод Touch ID бармоқ изи сканери, ҳозиргисидан нисбатан сиғимлироқ аккумулятор (1700 мАс), флэш-хотираси эса 16 ва 32 гигабайтли бўлиши айтилмоқда.

iPhone SE’нинг амалдаги версиясининг 16 гигабайтлиси Amazon India’да 389 доллардан, 32 гигабайтлиси бўлса 400 доллардан сотилмоқда. Янги iPhone SE’нинг базавий модели эса 469 доллардан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!